Профилактик пойабзал

130

у қандли диабет хасталигига йўлиққанлар учун қай даражада фойдали?

…1967 йилнинг кузида таниқли адиб Абдулла Қаҳҳорнинг қанд касали хуруж қилиб, саломатлиги тўсатдан ёмонлашади ва оёқ оғриғи бошланади. Шундан сўнг рўй берган нохуш воқеалардан бири ҳақида ёзувчининг турмуш ўртоғи Кибриё Қаҳҳорова «Чорак аср ҳамнафас» китобида қуйидагича ҳикоя қилади:
«1968 йилнинг январида бир куни ваннахонада ювинаётган чоғда чап оёқларининг бош бармоғи озгина шилинибди. Бир маҳал ранг­лари қув ўчган ҳолда ваннахонадан чиқдилару «Тамом!» деб ўзларини каравотга ташладилар… Жонажон дўстлари Абдужамил Матқобилов қанд касалига чалиниб, оёғидан маҳрум бўлган эди. Биз уни оғир аҳволда ётганида касалхонага бориб кўрган эдик. Абдулла Қаҳҳор «Мен ҳам ўшандоқ бўлиб қоламан», деб жуда-жуда изтироб чекдилар. Тангадай яра битавермагач, докторларнинг маслаҳатига кўра, Москвага олиб борадиган бўлдик…».
Кўриб турганингиздек, Абдулла Қаҳҳор қандли диабет касаллигига йўлиққан ва унинг асоратлари туфайли 61 ёшида вафот этган.

Хавотирларни камайтириш чораларини кўриш керак!

Статистик маълумотларга қараганда, бугунги кунда дунё бўйича 537 миллиондан зиёд киши қандли диабетдан азият чекади. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 643 миллион кишига етади, яъни ҳар 10 кишидан бири шу дардга дучор бўлади. Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 8,7 фоизи қандли диабет билан касаллангани, уларнинг сони йил сайин кўпайиб бораётгани ҳам бу муаммо ниҳоятда долзарб ва хавотирли эканлигини англатади.
Юртимизда қандли диабет профилактикаси, уни ташхислаш ва даволаш ишлари тизимли йўлга қўйилган. Ушбу касаллик билан оғриганлар ҳаётини енгиллаштириш, хасталик асоратларининг олдини олиш ва умрни узайтириш устида нафақат тиббиёт ходимлари, балки технологлар ҳам узлуксиз иш олиб боришмоқда.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган «Қандли диабет билан касалланган беморлар учун профилактик пойабзалнинг самарали технология­сини яратиш ва конструкциясини ишлаб чиқиш» инновацион ­лойиҳаси мазкур муаммонинг илмий ечимини топишга қаратилган. Бухоро муҳандислик-технология институтида педагогика фанлари номзоди, доцент Лайло Узоқова раҳбарлигида илмий лойиҳа доирасида яратилган қандли диабет билан хасталанган беморлар учун ортопедик пойабзал ҳамда модификацияли ортопедик тагликка ихтиро патенти олинди. Айни йўналишдаги тадқиқотлар академик Ё.Тўрақулов номидаги республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ходимлари билан бевосита ҳамкорликда амалга оширилди. Натижалари марказ рўйхатида турган беморларда қўлланилиб, синовдан муваффақиятли ўтди.
Диабетга чалинган беморларнинг оёқ товонида пайдо бўладиган сурункали яралар ва қадоқлардан сақланиш ҳамда уларнинг олдини олишда профилактик пойабзалнинг фойдаси катта. Бундай беморларда оддий яллиғланиш ҳам жиддий яраларга сабаб бўлиши, ҳатто гангрена ҳолатигача олиб бориши эҳтимолдан холи эмас.
Қандли диабет хасталиги бор беморлар учун асосий профилактика воситаси оёқ парвариши ҳамда тўғри танланган ортопедик пойабзалдир. У оёқда пайдо бўладиган жароҳатларнинг олдини олиб, мажруҳлик даражасини камайтиради ва оёқ ампутацияси (кесиб ташланиши)нинг кафолатли реал профилактикаси ҳисобланади.
Илмий ­лойиҳа ниҳоя­сида беморлар оёқларидаги диабетик патологиянинг бош­ланғич даражаси, жисмоний ва биомеханик хоссалари тадқиқ этилиб ва тиббий-техник талаблардан келиб чиққан ҳолда, профилактик пойабзалнинг мақбул ­конструкциясини ишлаб чиқиш технологияси яратилди.
Илмий тадқиқотларнинг амалий натижалари
Ҳар қандай илмий лойиҳа натижалари амалиётга татбиқ этилиши, тижоратлаштирилиши, пировардида жамиятга иқтисодий ёки ижтимоий-маънавий жиҳатдан фойда келтириши зарур. Техника фанлари бўйича фалсафа доктори Мадина Муҳаммедова юқорида тилга олинган лойиҳа доирасида «Қандли диабет билан касалланган беморлар учун профилактик пойабзал ишлаб чиқариш» мавзусидаги стартап лойиҳани Инновацион ривож­ланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган танловга тақдим этиб, ғолиб бўлди. Ҳозир шу асосда профилактик пойабзалларни буюртмалар бўйи­­ча тайёрлаш йўлга қўйилган.
Дунёда махсус пойабзаллар етказиб бериш борасида Германия ва Хитой етакчилик қилади. Германияда улар ҳар қайси беморнинг индивидуал хусусиятлари инобатга олиниб, юқори технологияларга мувофиқ, Хитойда гель асосли патаклар оммавий тарзда ишлаб чиқарилади. Ўзбекистонда қандли диабетга йўлиққан беморлар учун махсус пойабзаллар саноат усулида ишлаб чиқарилмайди. Болаларда яссиоёқликни бартараф этишга мўлжалланган оёқ кийимлар тайёрлаш эса нисбатан яхши йўлга қўйилган.
– Буюртма берувчи беморлар ўз пойабзали оддий оёқ кийимларидан фарқ қилмаслигини, бошқалар эътиборини тортмаслигини истайдилар, – дейди Мадина Муҳаммедова. – Табиийки, ишлаб чиқариш жараёнида бу хоҳиш инобатга олинади. Биз беморлар ўзларини жамиятда тўлақонли соғлом инсон сифатида ҳис қилишлари учун пойабзаллар қулай ва бежирим кўринишга эга бўлишини таъминлашга ҳаракат қиламиз.
Ушбу оёқ кийимини тайёрлаш бир неча босқичли мураккаб технологик жараённи қамраб олади. Шунга биноан, илмий ва стартап лойиҳага ажратилган маблағлар ҳисобидан зарур асбоб-ускуналар сотиб олиниб, ўқув-илмий лаборатория ташкил қилинди. Айни кезларда унда 5 киши ишламоқда, шунингдек, талабалар амалиётни ўтаб, назарий билимларини мустаҳкамлашмоқда.
Қувонарлиси, лойиҳа доирасида ижрочилар яна бир янгиликка қўл урдилар. Аниқроғи, ­нефтьни қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндилардан гигиеник хусусиятга эга таглик ишлаб чиқариш технологиясини яратдилар. Янги таг­лик физик-механик ва терлатмаслик хусусиятларига кўра махсус пойабзаллар учун жуда мосдир.
– Ушбу оёқ кийимлари қандли диабет касаллиги зўрайишининг олдини олади, касаллик туфайли келиб чиққан асоратларни тўхтатади ва беморлар учун қулай саналади. Шу маънода лойиҳанинг иқтисодий самарасидан кўра ижтимоий-тиббий аҳамияти кўпроқдир, – ­дейди ёш тадбиркор.

Нархлар ҳамёнбоп, буюртмачилар мамнун

Корхонанинг буюртмалар дафтарини варақлаймиз. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, узоқ вақтдан буён қандли диабет билан курашаётган Юрий Тагуншиков корхона ҳақида эшитиб, манзилини суриштириб топиб келган ва бирйўла ҳар бир мавсумга мўлжалланган 4 жуфт оёқ кийимига буюртма берган. Автоҳалокат туфайли бир оёғи иккинчисига нисбатан калта ва кичик бўлиб қолган дубайлик Иброҳим Муҳаммад Иброҳим ал-Балучи хориждан буюртма асосида олган пойабзалида ўзини жуда ноқулай ҳис қилган. Сўнгги пайтларда у ҳам биздаги корхонанинг дои­мий мижозига айланган. Инчунин, ҳар гал Ўзбекистонга келганида бир неча жуфт пойабзал олиб кетади ва маҳсулот сифатини, енгил ва қулайлигини эътироф этади.
Дарвоқе, мижозлар махсус ­пойабзалга қайта-қайта буюртма беришаётгани унинг ишончлилиги ва сифати юқорилигидан далолат беради. Бозор иқтисодиёти эса маҳсулот бренди ва қадоқланиши замон талаб­ларига мос бўлишини, реклама жозибадор ва ишончли равишда амалга оширилишини тақозо этади. Шундан келиб чиқиб, профилактик пойаб­зал учун логотип ва қадоқлар ишлаб чиқилди, маҳсулот турлари ва хусусиятлари ҳақида маълумот олиш ҳамда буюртма бериш мумкин бўлган махсус сайт ишга туширилди.
Ҳозир корхонада асосан 5 нафар аёл меҳнат қилмоқда. Улар уй ­шароитида пойабзал қисмларини ­тайёрлаб бериб, даромад орттираяптилар. Келгусида корхона фаолиятини янада кенгайтириш, янги иш ўринлари очиш, нафақат қандли диабет касаллари, балки яссиоёқлар ва болалар учун ҳам махсус пойабзаллар, автомобиль ўриндиқлари учун махсус таглик­лар тайёрлашни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, ҳарбийларга мўлжалланган пишиқ-пухта пойабзаллар ишлаб чиқариш имконияти ҳам мавжуд.
– Махсус пойабзал индивидуал ёндашув, юқори сифатли хомашё ва алоҳида меҳнатни талаб қилади, – дей­ди Мадина Муҳаммедова. – Шуларни назарда тутсак, баҳоси анча қиммат бўлиши керак. Бироқ биз буюртмачилар имконияти ва шарт-шароитини ҳисобга олиб, нархлар ҳамёнбоп бўлишига интиламиз. Чунки қандли ­­диабетга чалинган беморнинг дори-дармони ва парҳез таоми учун ҳам катта маблағ сарфланади.

Масъуллар эътибор беришлари зарур

Лойиҳа натижаларини ҳамда профилактик пойабзални тарғиб этиш мақсадида ижрочилар томонидан касалхоналар, жойлардаги эндокринология марказлари билан музокаралар олиб борилмоқда, семинар ва кўргазмалар уюштирилмоқда. Бундан кўзда тутилаётган мақсад битта, у ҳам бўлса, маҳсулотни ўз эгаларига, яъни мамлакатимизнинг турли ҳудудларида яшовчи беморларга етказиб бериш, уларнинг мушкулини осонлаштириб, ҳаётига ёрқинлик киритишдир. Бунинг учун махсус касалхона ва марказлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатилса, улар профилактик пойабзалга эҳтиёжманд беморлар ва оёқ кийимининг ўлчамлари ҳақида аниқ маълумотлар беришса, маҳсулотни масофадан етказиб бериш хизматини ҳам йўлга қўйиш мумкин.
Айрим мамлакатларда бемордаги жароҳат даволанса ёки сўнгги чора сифатида ампутация амалга оширилса, у давлат томонидан махсус пойабзал билан таъминланади. Шунга ўхшаш тажрибани бизда ҳам қўллаш, муайян нарх эвазига амалга ошириш мумкин. Бу беморлар учун ҳар томонлама фойдали бўлади, қолаверса, маҳсулотни кенг кўламда ишлаб чиқариш ва нархини пасайтириш имконини яратади.

Шаҳноза ЭРГАШЕВА,
Инновацион ривожланиш
вазирлиги масъул ходими,
филология фанлари номзоди