Дўстлик ришталари янада мустаҳкамланмоқда

65

Пойтахтимизда 2022 йил 21 сентябрь куни Марказий Осиё мамлакатлари
касаба уюшмалари Кенгашининг II йиғилиши бўлиб ўтди

Кун тартибидан кўплаб долзарб масалалар ўрин олган мазкур йиғилишни Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши Бош котиби, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов олиб борди.

Ўз сўзини ШҲТнинг яқинда бўлиб ўтган Самарқанд саммити ҳақидаги фикрлар билан бошлаган Қудратилла Рафиқов шундай деди: «Муҳтарам Президентларимизнинг сиёсий иродаси ва қарорларини ҳаётга татбиқ этиш мамлакатларимиздаги энг йирик жамоат ташкилотлари раҳбарлари сифатида бизларга алоҳида масъулият юклайди.
Дўстлик алоқаларини янада мус­таҳкамлаш, касаба уюшмаларининг асосий вазифаларини амалга оширишда ҳамда ўзаро тажриба алмашишда давлатларимиз манфаатларини ўзида мужассамлаштиришимиз керак.
Шу билан бирга, қуйидаги вазифалар биринчи ўринга чиқади:
биринчидан: бандликни таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳимоя қилиш;
иккинчидан: аёллар ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш;
учинчидан: маънавий-ахлоқий тарбия ва сифат жиҳатидан янги таълимга кўмаклашиш;
тўртинчидан: ихтисослаштирилган таълим муассасаларида кадрлар малакасини ошириш, касаба уюшмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш».
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си ўтган йили Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашини ташкил этиш ташаббуси билан чиққан эди. Ушбу ташаббус Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Тожикистон мус­тақил касаба уюшмалари Федерация­­си ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланди.
Кенгашни ташкил этишдан мақсад ишчи-ходимларнинг ижтимоий, меҳнат, касбий, иқтисодий ва бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, касаба уюшмалари фаолиятининг ҳуқуқ ва кафолатларини ҳимоя қилиш бўйича иштирокчи мамлакатлар касаба уюшмаларининг ҳаракатларини бирлаштириш ҳамда халқаро касаба уюшмалари бирдамлигини мустаҳкамлашга кўмак­лашиш эди.
Анжуманда сўзга чиққан Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатибалди Дау­леталин, Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Неъматзода Маликшо Маҳмадшо Кенгашнинг бир йиллик фаолиятига ижобий баҳо бериб, Қирғизистон ва Мўғулис­тон касаба уюшмаларининг унга аъзо бўлиш истагида экани минтақа касаба уюшмалари фаолиятини янги босқичга олиб чиқишини таъкидладилар.
Шу боис анжуманда дастлаб Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерациясини Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари кенгашига қабул қилиш масаласи кўриб чиқилди.
Ушбу масала юзасидан сўзга чиққан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерациясининг Марказий Осиё касаба уюшмалари Кенгашига аъзо бўлиши ташкилотнинг келгусидаги фаолиятига янги руҳ ва илҳом бахш этишини алоҳида таъкидлади.
Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашига аъзо бўлаётган касаба уюшмалари марказлари раҳбарлари – Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Эмиль Кызаев, Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси раҳбари Сухбаатар Эрдэнэбат ҳам ушбу масалада сўз олиб, Марказий Осиёда меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш жараёнида ҳамфикр, ҳаммаслак бўлиб фаолият олиб бориш минтақадаги ҳар бир касаба уюшма маркази учун катта имконият яратишига ишонч билдирдилар.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари – меҳнат инспекцияси бошлиғи Қобилжон Қирғизалиев, бўлим бошлиғи Нодира Ғойибназарованинг мамлакатимизда соҳада эришилаётган муваффақиятларга бағишланган маърузалари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси маъмурияти раҳбари Нурлибек Жумаш, Тожикистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмалари Сўғд вилояти кенгаши раиси Мусобек Самизода ушбу мамлакатларда касаба уюшмалари тажрибаси ҳақида атрофлича маълумот бердилар.
Шундан сўнг ХМТнинг меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTRAV)-нинг Европа ҳамда Марказий Осиё сектори мудири Сергиус Гловацкас Бюронинг Марказий Осиё минтақасидаги устувор вазифалари ҳақида сўз юритар экан, ACTRAV минтақа касаба уюшмалари марказлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, меҳнат соҳасидаги муаммоларни биргаликда ҳал қилиш борасида самарали фаолият олиб бораётганини таъкидлади.
халқаро касаба уюшмалари конфедерациясининг янги мустақил давлатлардаги дастурлари координатори Анна Сальникова халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси ҳамда Марказий Осиё касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари хусусида сўз юритди.
Шундан сўнг Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши Бош котиби, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си раиси Қудратилла Рафиқов ҳамда Меҳнаткашлар фаолияти бўйича ХМТ Бюросининг Европа ҳамда Марказий Осиё сектори мудири Сергиус Гловацкас ўртасида Марказий Осиё давлатларида касаба уюшмалари таълимини ривож­лантириш ва модернизациялаш ҳамда касаба уюшмалари минтақавий ҳамкорлигини кучайтириш ҳақидаги Дек­ларация имзоланди.
Йиғилишда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг Бош котибини сайлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Кенгашнинг амалдаги Бош котиби ­Қудратилла Рафиқовнинг таклифи билан ташкилотнинг келгуси йил учун Бош котиб­лигига Қозоғис­тон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатибалди Даулеталин номзоди кўриб чиқилди ҳамда бир овоздан маъқулланди.
Шу билан Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг II йиғилиши ўз якунига етди.
Тадбир якунида Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши Бош котиби номидан меҳмонлар учун тантанали қабул ўтказилди.

Жаҳонгир НАҲАНОВ
«ISHONCH»