Ҳар куни қай биримиз яхши ниятда ишга ёки ўқишга отланамиз, бошқа бировимиз рўзғор ташвишида дўкон ёки бозорга шошиламиз. Ана шундай кезларда аҳоли гавжум жойларда, метро ва автобус бекатларида гоҳида қўққисдан йўлимизни тўсиб чиқиб, то пул бермагунимизча ҳоли-жонимизга қўймайдиган, «лўли», «жўги», «тиланчи» деб аталадиган кимсаларга дуч келамиз. Лекин кўпинча «Буларнинг касби шунақа, гадойлик қилмаса, касал бўлиб қолади», деб уларга деярли эътибор бермаймиз.
Аслида ушбу масаланинг дилни қаттиқ ранжитадиган жиҳатлари кўп. Аввало, тиланчилар орасида сўнгги пайтларда миллатдошларимиз ҳам кўпаймоқда. Иккинчидан, ёш ва соғлом, ҳалол ишлаб, фаровон ҳаёт кечириш имкони бўла туриб, боқимандаликка ружу қўйиб, тирикчилигини ўтказишга интилаётганлар ҳам топилади. Улар ушбу мақсадда турли усуллардан фойдаланишади. Айримлари «Касалман, дорига маблағим йўқ, ёрдам беринг!» деб пул ундиришадию, амалда спиртли ичимлик сотиб олишади. Баъзилари «Шаҳарга келиб даволангандим. Яқинда касалхонадан чиқдим. Қишлоғимга етиб олиш учун пулим қолмади, ҳимматларингизни дариғ тутманглар, илтимос!» дея одамларни чув туширадилар.
Тўғри, юртимизда имконияти чекланган, дардман, оилавий аҳволи ночор эркак-аёллар ҳам, қаровчисини йўқотган, белида мадори қолмаган отахон-у онахонлар ҳам бор. Уларни тушунсак, моддий-иқтисодий ва маънавий жиҳатдан ҳар қанча қўллаб-қувватласак арзийди, аммо жисмонан бардам-бақувват бўлса-да, меҳнатдан бўйин товлаб, тиланчилик қилаётганлар ҳақида нима дейиш мумкин?
Мана, бир мисол. Ўзим доим қатнайдиган кўчада ҳар сафар кўҳликкина жувон жажжигина боласини ёнига ўтказиб олиб, пул сўраб ўтирганининг гувоҳи бўламан. Бир куни Миллий гвардия ходимаси Моҳира Ниёзова у билан гаплашаётганини зимдан кузатдим. Сўнгра сержантни суҳбатга тортдим.
Аён бўлишича, тиланчи жувон янгиерлик бўлиб, ёлғиз фарзанди билан яшар экан. Моҳира Ниёзова уни шу шаҳар ҳокимиятига олиб бориб, Хотин-қизлар қўмитаси раҳбарияти билан учраштиришни ёки уйида чеварлик қилиши учун субсидия асосида тикув машинаси олиб бермоқчи бўлибди. Лекин у ишлашни хоҳламабди. «Бу идорага олдин ҳам боргандим, ҳеч қандай фойдаси бўлмади. Бундан кейин ҳам улар менга кўмаклашишига ишонмайман. Устига-устак, қизалоғим жуда ёш бўлгани сабабли боғчага қабул қилишмайди. Уйда эса унга қарайдиган киши йўқ. Шу боис ишлай олмайман, тикувчилик ҳам қўлимдан келмайди» деган талай баҳоналарни рўкач қилибди.
Ҳолбуки, бундан бир неча ой аввал худди шу тарзда кун кечираётган бошқа бир аёл масъуллар кўмагида иш билан таъминланганди. Ҳозир бинойидеккина фаолият юритиб, ҳар ойда салкам икки миллион сўм миқдорида маош оляпти. «Тўғри, – дейди у дангалига кўчиб, – тиланчилик қилганимда бундан кўпроқ пул топган пайтларим ҳам бўлган. Лекин одамларнинг кўзларига тик қарай олмасдим. Чунки уларни алдаганим, юпун кийиниб ўзимни бечораҳол кўрсатиб, пул ундирганим туфайли кўпинча ич-ичимдан афсусланардим. Энди эса ҳалол меҳнат қиляпман, пешона терим билан топган пулим эвазига рўзғоримни тебратяпман. Бундан кўнглим хотиржам тортиб, қариндош-уруғлар ва қўни-қўшниларим даврасида қаддимни тик тутаяпман.
Ҳадисларда касб инсонни ғайратга ундаши, тоғлардан ўтин олиб келиб, уни сотиб кун кечириш бирор кишидан сўраб олгандан кўра афзал эканлиги эслатилган. Бу эса одамзод доимо фаол ва ҳаракатчан бўлиши лозимлигига ишорадир. Аммо орамизда меҳнатдан қочиб, яшашнинг осон йўлини танлаётганлар, жумладан, гадойликни касб қилиб олганлар тез-тез учраб туради.
Қонунчилигимизда бундай қилмишлар учун тегишли жазо чоралари кўрилади. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1883-моддасига кўра, аэропорт, вокзал, истироҳат боғлари, бозор ва савдо мажмуалари ҳудудларида, шунингдек, уларга туташ жойларда, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш майдончалари, кўчалар, стадионлар, бекатлар, йўлларнинг серқатнов қисмида, моддий-маданий мерос объектлари мавжуд ерлар, жамоат транспортининг барча турлари ва шу каби жойларда тиланчилик билан шуғулланиш базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача бўлган миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга асос бўлади. Бундан ташқари, тиланчиликка мажбур этганлар ҳам жиноий жавобгарликка тортилади.
Менимча, бундай кун кўраётганларга нисбатан жазо чораларини янада кучайтирган маъқул. Негаки, улар нафақат ўз оилалари ва қариндош-уруғлари, балки халқимиз шаънига ҳам иснод келтиришади. Уларнинг касрига юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар олдида юзимиз шувут бўлади. Бас, шундай экан, биз бундай афсусланарли ҳолатларга чек қўйишимиз шарт. Фарзандларимиз онгига мурғаклигиданоқ миллий ғурур ғояларини чуқур сингдириб боришимиз, ижтимоий ҳимояга муҳтожларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, ҳаётда ўз ўринларини топиб олишлари учун амалий ёрдам кўрсатишимиз керак!
Диёра РАВШАНОВА
«ISHONCH»
