Куни кеча пойтахтимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясининг расмий очилиш маросими ўтказилди. Марказий Осиёда ягона бўлган таълим муассасасининг иш бошлаши катта байрамга айланди.
Эрта тонгдан замонавий қилиб қурилган бино атрофи гавжум. Кўпчилик суратга тушар, муассаса, унинг фаолияти, давлатимизга қандай кадрлар етиштириб бериши ҳақида тўлқинланиб сўзлашар, тарихий воқеанинг гувоҳи бўлиб турибмиз дейишарди…
Академиянинг очилиш маросими бошланди. Тантанали тадбирда Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси васийлик кенгаши аъзолари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти, республика вазирлик ва идоралари масъул ходимлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, нуронийлар ва маҳалла фаоллари, элимиз ардоғидаги устоз-мураббийлар ҳамда юртимизнинг таниқли ижодкорлари иштирок этишди.
Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг II йиғилишида иштирок этиш учун юртимизга келган Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Умумевропа минтақавий кенгашининг масъул ходими Анна Сальникова, Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатибалди Даулеталин, Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Неъматзода Маликшо Маҳмадшо, Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Эмиль Кызаев, Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси раҳбари Сyхбаатар Эрдэнэбат меҳмон сифатида қатнашди.
Маросимни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов очиб, иштирокчиларни шу йилдан иш бошлаган академия билан қутлади.
Келажакка эътибор
Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълимга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари таълим тизимига бағишлаб ўтказилган йиғилишда «Таълим-тарбия – бу бизнинг келажагимиз, ҳаёт-мамот масаласи. Шу боис, бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ», дея алоҳида таъкидлади. Зеро, илм инсонни камолотга етаклайди, тафаккурини ўстиради, халқи билимли давлат ривожланади, бой ва қудратли бўлади.
Боғчалар, мактаблар, коллеж, техникумлар сонини кўпайтириш билан бирга, шу эл, шу юртга хизмат қиладиган етук кадрлар тайёрлаш ҳам бугуннинг асосий вазифаларидан бири бўлиб турибди. Шу мақсадда кўплаб давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари ташкил этилмоқда.
Шу йилдан эътиборан ана шу эзгу ишларнинг мантиқий давоми сифатида Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ ташкил этилган яна бир муҳташам олий таълим муассасаси – Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси фаолият бошлади.
Тадбирда академия мустақиллигимизнинг 31 йиллигига катта совға бўлгани алоҳида таъкидланди. Бу даргоҳда таҳсил олиб, жамиятга қўшиладиган кадрлар келажакда Учинчи Ренессанс пойдеворини қурадиган инсонлар бўлиши қайд этилди.
Таълим ва фан соҳасида катта воқеа
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев юртимизнинг иқтисоди бақувват, халқи фаровон, ривожланган давлатга айлантиришдек буюк мақсад сари бошлаб бормоқда. Мамлакатимизда таълимнинг ҳар бир босқичига бўлган юксак эътиборнинг замирида эса мана шу улкан мақсадларни рўёбга чиқарадиган авлодни вояга етказишдек олий ният мужассам. Айнан шу мақсадда биз, олимлар олдига ҳам таълим ва фан соҳасини ривожлантириш, юрт учун етук кадрларни тайёрлаш борасида қатор вазифалар белгилаб берилган, – деди Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институти директори, академик, Ўзбекистон Қаҳрамони Шавкат Аюпов. – Ушбу муассасанинг барпо этилиши таълим ва фан соҳасида катта воқеа, Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйишда ўзига хос тамал тоши бўлди, десак ҳақ гапни айтган бўламиз.
Сўзга чиққан Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Неъматзода Маликшо Маҳмадшо, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев, касаба уюшмалари меҳнат фахрийси Мирғиёс Зоитов, «Алишеробод» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулчеҳра аҳмедова, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси талабаси Нодирабегим Отабекова ва бошқалар жаҳондаги энг илғор таълим масканлари каби замонавий қилиб қурилган ва жиҳозланган, таълим жараёни ҳам шунга яраша ташкил этилган ушбу илм даргоҳи ўзбек халқига муносиб совға бўлганини эътироф этишди.
Креатив фикрли кадрлар тайёрланади
Юртимизда барча соҳалар қатори олий таълим тизимида ҳам кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шубҳасиз, бу йўналишдаги ташаббуслар келажакда малакали, креатив фикрга эга бўлган кадрлар авлодини шакллантиришнинг кафолати саналади. Иқтисодиёт тармоқларининг олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасида халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ малакали кадрларни тайёрлаш, соҳага оид муаммоларни илмий ва амалий жиҳатдан ҳал этиш Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясининг асосий вазифаларидан биридир.
Шунингдек, замонавий инновацион ва илмий-педагогик технологияларни, фан ва техниканинг энг сўнгги ютуқларини қўллаган ҳолда меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасида талаб юқори бўлган касблар, йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича малакали кадрларни тайёрлаш, таълимнинг тегишли йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув-методик адабиётларни яратиш, талабалар ва ёш мутахассисларни жалб қилган ҳолда фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш, таълим тизимига етакчи хорижий таълим ташкилотлари тажрибасини жорий этиш, меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган янги таълим дастурлари ҳамда ўқитишнинг инновацион шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳам асосий фаолият йўналишларига киради.
Илм маскани Россия, Озарбайжон, Беларусь, Хитой, Италия (ХМТ ҳузуридаги Турин ўқув маркази), шунингдек, бошқа институтлар ва тегишли миллий ва халқаро институтлар билан яқин ҳамкорлик қилишни режа қилган. Бошқа бир қатор давлатлар билан ҳам тажриба алмашиш, ўқув фаолияти, комплекс ўқув лойиҳалари, маслаҳат хизматлари, ўқув материалларини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш мақсад қилинган. Академияда меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги, ҳаёт фаолияти хавфсизлиги, инсон ресурсларини бошқариш, ижтимоий иш, психология, менежмент, меҳнат ҳуқуқи йўналишларида кадрлар тайёрланади.
Танишув
Ниҳоят ҳаяжонли дақиқалар бошланди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва бошқа бир қатор масъуллар Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясининг рамзий лентасини қирқиб, расман очиб беришди.
Академия ректори Сайфулла Аҳмедовга рамзий калит тантанали тарзда топширилди. Шундан сўнг иштирокчилар ва меҳмонлар академия фаолияти билан яқиндан танишишди.
Мазкур олий таълим муассасасида талабаларга барча имкониятлар яратилган. 20 нафар ўқитувчи фаолият юритади. Улардан 2 нафари профессор, 6 нафари доцент ва 3 нафари РhD илмий даражасига эга. Таълим янги технологиялар асосида жиҳозланган аудиторияларда олиб борилади. Ташриф буюрувчиларга маънавият ва маърифат маркази, электрон кутубхона, физика ва кимё фанлари бўйича лабораториялар, спорт комплекси, ётоқхона, ошхонадаги имкониятлар, таълим жараёнининг автоматлаштирилиши бўйича «Платформа» мажмуаси жорий этилгани маъқул бўлди.
Бундан ташқари, талабалар учун ўқув биносида wi-fi (бепул интернет), кутубхонанинг ўқув ва электрон заллари мавжуд бўлиб, электрон кутубхонадан масофавий ҳолда фойдаланиш мумкин. Асосий машғулотлардан сўнг талабаларнинг фанлар бўйича мустақил шуғулланишлари учун компьютер синфлари, лабораториялар ва махсус хоналар мавжуд. Шу каби маълумотлар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Салим АБДУРАҲМОНОВ
«Ishonch»



