Пойтахтимиздаги «Экобозор»да ташкил этилган «Биз биргамиз» ижтимоий лойиҳасида иштирок этдим. Унда республикамизнинг барча вилоятларидан ногиронлиги бўлган шахслар тайёрлаган маҳсулотларнинг IV ярмаркаси бўлиб ўтди. Яширмайман, аввалига бу ерга ўзлари ясаган маҳсулотларни олиб келган юртдошларимизга ачиниш билан қарадим. Аммо уларнинг ишлари ва эришаётган ютуқлари билан яқиндан танишар эканман, ачиниш ўрнини маҳоратга тан бериш, «Наҳотки!», «Баракалла!» деган сўзлар эгаллади.
Ногиронлар жамияти бошқаруви раиси Комил Абдуллаевнинг айтишича, республикамизда 890 минг нафар ногирон бор. Ушбу ярмарка Олий Мажлис жамоат фонди ва Адлия вазирлиги маблағлари ва ҳамкорлигида тўртинчи бор ўтказилиб, унда иштирок этаётганлар ўз маҳсулотларини кенгроқ доирада намойиш этиш имкониятига эга бўлмоқдалар. Шу билан биргаликда, таянч ҳаракат нуқтасига зарар етган 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар ўртасида «Мафтункор ранглар дунёси» ва шахмат мусобақалари бўлиб ўтмоқда.
Биз лойиҳанинг дастлабки кунларида иштирок этганимиз боис ҳунари орқали жисмоний камчилиги ҳақида ўйлашни унутган, нафақат ўзига, балки маҳалласидаги бошқа ёшларга ҳам ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмаклашаётган айрим юртдошларимизни кашф этдик.
Сурхондарёлик Хайрулло Жўраевнинг кўзлари яхши кўрмайди. Бироқ ёшлигидан ота-боболаридан мерос бўлган кулолчиликни ўрганиб, мана 15 йилдан ошибдики, шу соҳанинг устаси даражасига етди. У ясаган кўза, гулдон, обдаста ва бошқа турли-туман кулолчилик намуналари Термизга сайёҳлик мақсадида келган меҳмонларни эътиборсиз қолдирмайди. Хайрулло уйида музей ташкил этган, у ерда қадим кулолчилик намуналаридан тортиб бугунги кундаги замонавий иш намуналарини ҳам кўришингиз мумкин. У мазкур йўналишга қизиққан маҳалласидаги 30га яқин ёшларга ўз ҳунари сирларини ўргатиб келмоқда.

Яна бир қаҳрамонимиз – навоийлик Салима Ражабова. Салима опа болаликдан туғма 2-гуруҳ ногирони, оёқ-таянч ҳаракатида муаммоси бор. Онаси тикувчи бўлгани боис ёш қизига ҳам ушбу ҳунарни ўргатган.
–Ҳунарим туфайли ҳаётда ўзимни муҳтожлар сафида эмас, қийналганларга ёрдам берувчилар сафида кўра олдим, – дейди опа. — Каштачилик, қуроқчилик, кийим-кечак тикиш билан шуғулланаман. Даромадим ўзимга етади. Шу боис маҳалламиздаги ёш болали аёлларнинг фарзандларига текинга кийим тикиб бераман. Бу оламда мендан яхши ном қолишини истайман.

Жиззахнинг Ғаллаоролидан келган Барно Нарзуллаеванинг қўлидан мўйқалами тушмаган бўлса, кўксида товланиб турган икки медали унинг анча-мунча ютуқларга эришганидан далолат бериб турарди. Суҳбатлашганимизда бунга яна бир бор амин бўлдик. Оилада Барнонинггина эмас, акасининг ҳам имконияти чекланган. Аммо Оллоҳ уларни иқтидордан бенасиб қилмаган. Меҳнат, изланиш туфайли қобилиятини сайқаллаб, катта ютуқларга эришиб келаётган Барнохон 31 ёш бўлишига қарамасдан, сопол ва ёғоч лаганларга шунақанги маҳорат билан графика йўналишида расмлар чизадики, уларнинг устидан мунчоқли безак бериб, маҳсулотларнинг жозибадорлигини янада орттиради. У ўз маҳсулотларини интернетда намойиш қилиб, Хитой ва Қозоғистон давлатларидан доимий мижозлар топган. Уларнинг буюртмасига асосан маҳсулотлар тайёрлайди ва сотади. Онаси Сарвара опанинг айтишича, бир ойлик даромади 10 миллиондан кам эмас. Бунинг устига, у тумандаги 17-мактабда ҳам тўгарак очиб, 15 нафар ёш шогирдларни тарбияламоқда.

Фарғоналик тикувчи Мадина Эрматованинг дўппилари, адрасдан тикилган кармон, нимча, сумкачалари кўргазманинг безакларидан бири бўлди. Келган меҳмон шу дўппиларни кийиб расмга тушиш ва қиз-ўғил набираларига сотиб олишга ошиқди. Мадина энди 24 ёшга қадам қўйди, қўли гул. Қандай матони олмасин, ундан бежирим маҳсулот тайёрлайди. Шу билан биргаликда, Фарғона вилояти ногиронлар жамиятига аъзо бўлган опа-сингилларга ҳунар ўргатиб, устозлик қилиб келмоқда. (7-расм).
Тошкентлик Матлуба Йўлдошева эса болалар учун қўғирчоқлар ясайди. Оддий эмас, мунчоқли. Интернет орқали маҳсулотларини намойиш қилиб, Дубай, Қозоғистон, Малайзия ва Россияга экспорт қилади. Ҳар бир қўғирчоқ ва гулларини камида 50 АҚШ долларидан сотади. Даромади ҳам шунга яраша. Ойига камида 10 миллион рўзғорига кириб келади. (8-расм).
Баъзида қўл-оёғи соппа соғ бўла туриб, маҳалладан ёрдам кутувчи, ташкилотма ташкилот иш, уй-жой сўраб юрувчиларни ҳам кўрамиз. Қаҳрамонларимиз ўзгалар кўмагига, қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд бўлсалар-да, бундай йўл тутишдан, берувчи эмас, олгувчи қўл бўлишдан уяладилар. Уларнинг интилиши, қалбидаги ғурури-ю, ор-номуси бунга йўл қўймайди.
Аслида, ҳар бир инсоннинг нимагадир қобилияти бўлади. Ҳаётда ана шу қобилиятини ҳис этиб, меҳнат ва изланишдан қочмаганларгина ўзгаларга ёрдамига эҳтиёж туймайди. Ҳаётда ўз ўрнига эга бўлади!
Зебо НАМОЗОВА
