Тинчлик, тараққиёт ва маърифат учун

83

ёхуд «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали нимаси билан ёдда қолди?

Ўтмишга назар

Маълумки, Тошкент илгари ҳам турли анжуманлар, йирик санъат ва спорт байрамларига мезбонлик қилган. Ана шундай машҳур тадбирлардан бири ўз вақтида довруғи жаҳонни тутган Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари кинофестивали эди.
Ўтган асрнинг 60-йилларида собиқ иттифоқ раҳбарияти тинчликпарварлик сиёсатига асосланган бир қатор йирик анжуманлар ўтказишни йўлга қўйганди. Аслида 1958 йилда ҳам бир маротаба Осиё ва Африка халқлари кинофестивали ташкил этилган. Орадан ўн йил ўтиб, Бутуниттифоқ Кино арбоблари уюшмаси ­ташаббуси билан Тошкентда «Тинчлик, ижтимоий тараққиёт ва халқлар озодлиги учун» шиори остида мазкур фестивални анъанавий тарзда ўтказиш йўлга қўйилди.
1968 йилдаги I фестивалнинг очилиш маросими Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри биноси олдидаги майдонда уюштирилган. Мазкур фестиваль ўзбек кинорежиссёри Комил Ёрматовнинг «Осиё устида бўрон» бадиий фильми билан очилган.
Дастлаб мазкур фестивалнинг асосий мақсади фильмларни танлов асосида саралаш бўлмаган. Шунга қарамай, кейинчалик, жамоат ташкилотлари томонидан энг яхши фильмлар учун махсус мукофотлар ва дипломлар таъсис этилган. Масалан, 1972 йилда «Суҳбат» (Ҳиндистон, режиссёр М.Сен) Бутуниттифоқ кинематографлар уюшмаси мукофоти билан, «Эмитай» (Сенегал, режиссёр С. Усман) «Советский экран» журнали мукофоти билан, 1974 йилда «Тун ва қафас» (Миср, режиссёр ­А.Фаҳмий) «Шарқ юлдузи» журнали мукофоти билан, «Ёлғиз одамнинг учрашувлари» (Мексика, режиссёр С. Ольхович) Бутуниттифоқ киночилар уюшмаси мукофоти билан тақдирланган.
Фестиваль ўз низомига кўра, икки йилда бир маротаба ўтказилган. Фақат икки маротаба – 1970 ва 1990 йиллардагина бу анъана маълум сабабларга кўра бузилган.
1976 йилдан бошлаб, фестивалга Лотин Америкаси кинематографлари ҳам қўшилган. Катта авлод вакилларининг эслашича, фестиваль кунлари Тошкент шаҳри ҳақиқий маънода катта байрам ва шодиёна масканига айланган. Кинотеатрларда фестивалга тақдим этилган кинофильмлар намойиш этилган. Фестиваль иштирокчилари учун бир қатор маданий тадбирлар, қизиқарли учрашувлар ташкил этилган.
Ушбу фестиваль охирги маротаба Ўзбекис­тон мустақилликка эришганидан сўнг 1997 йилда ўтказилган. Ўшанда Ўзбекистон ҳали иқтисодий қийинчиликлар исканжасида турганига қарамай, мамлакатда мазкур анжуманга жуда катта тайёргарлик кўрилган, кино­театрлар таъмирланган, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги диққатга сазовор ­масканлар бўйлаб саёҳатлар уюштирилган эди.

Мақсад ва вазифалар

2021 йил 19 июнда Президентимизнинг «Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ва ўтказиш тўғрисида»ги тарихий қарори қабул қилинди.
Унга асосан 1968-1997 йиллар давомида Ўзбекистонда ўтказилиб келинган «Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг Тошкент халқаро кинофестивали», «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали номи билан қайта тикланди ҳамда уни 2021 йилдан бошлаб ҳар йили сентябрь-октябрь ойларида Тошкент шаҳрида ўтказиш белгиланди.
«Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалини ўтказишда кино санъати орқали дунё мамлакатлари ўртасида маданиятлараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, жаҳон киноиндустрияси вакиллари билан ҳамкорликда қўшма кино лойиҳалари яратиш, энг сара кино санъати асарларини юртимизга жалб қилиш, миллий кино санъатини янада ривожлантириш ва халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини ошириш, ушбу санъат тури орқали халқимизнинг бой тарихи ва бетакрор маданиятини дунёга кенг тарғиб этиш, ўзаро тажриба алмашиш, таниқли кино намояндалари иштирокида конференция, давра суҳбатлари, тақдимот ва маҳорат дарсларини ташкил этиш сингари мақсадлар кўзда тутилган.
«Тинчлик, тараққиёт ва маърифат» шиори остида ўтадиган нуфузли анжуман «Фестиваллар фестивали» шаклида ташкил этилади ва унга халқаро кинофестивалларнинг ғолиб ва номинантлари иштирокида дунёнинг энг яхши кино санъат асарлари жалб қилинади.
Шунингдек, қарорда Кинофестиваль доирасида хорижий мамлакатларнинг кино кунларини ташкил этиш, Осиё қитъаси ва қадимий Ипак йўли бўйлаб жойлашган мамлакатлар ёш киноижодкорларининг қисқа ­метражли фильмлари фестивалини ўтказиш, ғолибларни тақдирлаш ва бошқа бир қатор илмий, маданий-маърифий тадбирлар қайд этилган.

Оққан дарё оқаверади

Кинофестиваль 2021 йилнинг 28 сентябрь – 3 октябрь кунлари 24 йиллик танаффусдан кейин 13 маротаба «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали номи билан ўтказилди. Кинофес­тивалда 40 га яқин давлатдан 350 нафардан зиёд киноижодкор ташриф буюрди.
«Янги авлод киноси» ва «Кино 5 кунда» лойиҳалари асосида тақдим этилган ўнлаб фильмлар Кинофес­тиваль павильонларида томошабинлар ҳукмига ҳавола қилинди. Ўтган йилги «Жаҳон киноси кунлари» ҳам катта тантаналар билан бошланди. Тадбир доирасида Ўзбекистон бўйлаб 14 та мамлакат киноси кунлари ўтказилди.
Юртимизнинг 10 та шаҳридаги 20 та кинотеатрда 150 га яқин хорижий ва миллий фильмлар намойиш этилди. Тошкент шаҳрида С.А.Герасимов номидаги Бутунроссия Давлат Кинематография ­институти филиали ташкил этилди. Бу масканда ҳозирда 300 нафарга яқин талаба таълим олмоқда.
Шунингдек, ўтган йили мазкур фестиваль доирасида Ўзбекистон Миллий кино музейи ҳамда Миллий кино фонди янги биноларда иш бошлади. Алишер Навоий номидаги кино саройи негизида «Киночилар уйи» ташкил этилди. «Ўзбекфильм» киноконцернининг замонавий биноси тақдимоти ўтказилди.
Ўтган йилги тадбирларда Митхун Чакраборти, Буман Ирани (Ҳиндистон), Ўзжан Дениз, Сердар Ортач (Туркия), Жерар Депардье, Люк Бессон (Франция), Никита Михалков, Тимур Бекмамбетов (Россия) сингари жаҳонга машҳур санъаткорлар қатнашган эди.

Янги ва янги, хилма-хил…

«Ипак йўли дурдонаси» ХIV Тошкент халқаро кинофестивалига ҳам жорий йилда қизғин тайёргарлик кўрилди. 2022 йил 13-18 сентябрь кунлари ўтган мазкур кинофестивалда дунёнинг 35 давлатидан 400 нафардан ортиқ киноижодкор, актёр ва актрисалар, режиссёр ва операторлар, продюсер ва таҳлилчилар, киношунос олимлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Кинофестиваль тадбирлари юртимизда замонавий шарт-шароитларга эга 50 нафардан ортиқ локация­лар, театр ва кинотеатрлар, маданий-маърифий масканлар, санъат саройларида ўтказилди.
Тадбир арафасида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм каби вилоятларда бир қатор янги кинотеатрлар барпо этилди. Жумладан, пойтахтимизда «Киночилар уйи» негизида 1500 нафар ёш киноижодкорни ўз ичига оладиган киноклас­тер юзага келди. Бу ерда нафақат миллий ва хорижий фильмларни замонавий асбоб-ускуналар воситасида томошабинларга намойиш этиш, балки фильмлар суратга олиш, уларга ишлов бериш, овозлаштириш, безаш, шунингдек, турли ижодий учрашувлар, маҳорат сабоқлари, тақдимотлар ўтказиш учун барча шароитлар яратилди. 400 ўринли ёзги кинотеатр, «Киночилар боғи» бунёд этилди. Кинокластернинг катта залига МДҲ давлатлари орасидаги энг катта ДСП экрани ўрнатилди.
Бу йилги кинофестивалнинг очилиш маросими ана шу ерда, «Киночилар уйи»да бўлиб ўтди. Маросимда дунёнинг 40 та давлатидан 500 нафарга яқин киноижодкор, актёр ва актрисалар, кинотанқидчилар, продюсер ва режиссёр, оператор ва рассомлар, 1500 нафарга яқин кино мухлислари таклиф этилди.
Анжуманга ташриф буюрган ўнлаб давлатлар делегациялар вакиллари Люк Бессон (Франция), Такеши Китано (Япония), Кшиштофф Занусси (Польша), Хемма Малини, Зинат Омон (Ҳиндистон), Бурак Ўзчивит, Нургул Яшилчай, Азра Акин (Туркия), Таукел Муслим (Қозоғистон), Тимур Бекмамбетов, Сергей Безруков (Россия) сингари 50 нафардан зиёд киноюлдузлар Кинофестиваль «Қизил йўлаги»дан юриб ўтишди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг Кинофестиваль қатнашчиларига табриги ўқиб эшиттирилди. Унда жумладан, шундай дейилади:
«Сизлар фестиваль кунлари кино соҳасидаги ислоҳотларимиз билан танишиб, бу борадаги ишларимиз самарасини ошириш бўйича фойдали таклифларингизни билдирасиз, деб умид қиламан. Бугун ўз ишини бошлаётган кинофестиваль самимий учрашув ва мулоқотлар, қизғин баҳс-мунозаралар, кўплаб янги бадиий асарлар тақдимоти билан барча иштирокчилар фаолиятида, Ўзбекистон маданияти ва санъати ривожида муносиб из қолдиришига ишонаман».

Юз элликдан ортиқ тадбир…

Дарҳақиқат, Кинофестиваль доирасида ўтказилган барча тадбирларнинг умумий сони 150 тадан ошади. Улардан бири «Шанхай ҳамкорлик ташкилоти киноси кунлари» бўлди.
Хабарингиз бор, Кинофестиваль билан деярли бир пайтда 15-16 сентябрь кунлари юртимизда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлат раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Ҳам географик ҳудуди, ҳам аҳоли сонига кўра, дунё аҳолисининг қарийб тенг ярмини ўз ичига олган бу йирик ташкилот қамрови йил сайин кенгайиб бормоқда. Мазкур ташкилот доирасида маданий ҳамкорлик алоқалари ҳам тобора ривож­ланмоқда. Жумладан, бу йилги фестиваль дастуридан ШҲТ давлатлари киноси кунлари ҳам ўрин олди. Мамлакатимиз кинотеатрларида Ўзбекистон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Қозоғис­тон, Тожикистон, Қирғизистон сингари мамлакатлар кино­усталари томонидан яратилган энг сара фильмлар ўзбек томошабинлари эътиборига ҳавола этилди. Жойларда ушбу мамлакатлар кино ижодкорлари билан ижодий учрашувлар, маҳорат дарс­лари ўтказилди.
Шунингдек, «Жаҳон киноси кунлари» доирасида мамлакатимиз бўйлаб Озарбайжон, Арманистон, Австралия, Жазоир, Беларусь, Миср, Эстония, Франция, Буюк Британия, Грузия, Греция, Италия, Индонезия, Исроил, Малайзия, Молдова, Япония, Польша, Руминия, Туркия, Туркманистон сингари жами 22 та давлатнинг кино кунлари ўтказилди. Шу билан бирга Тошкент шаҳри ва вилоятларда ўзбек киноижодкорлари томонидан суратга олинган «Бир кунлик тўй», «Ким деяй сени?», «Барон-2», Соғинч», «Аёл қисмати», «Муҳаббат баҳори», «Афв» сингари қатор фильмлар намойиш қилинди. Жойларда маҳаллий ва хорижий киноижодкорлар иштирокида ўтган ижодий мулоқотлар ўзбек томошабинларида катта қизиқиш уйғотди.
Кинофестиваль доирасида ўтган «TURKSOY» кино форуми, ишбилармонлар учрашуви, Жаҳон мамлакатлари киноси: тарих ва ривожланиш истиқболлари» мавзусидаги анжуман, «Бугунги кунда дунё мамлакатларининг кинематография соҳасидаги қонунчилиги: кино ишлаб чиқариш ва кинопрокатни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари» мавзусидаги мулоқотларда ҳам хорижий мамлакатлар вакиллари иштирокида ўзаро манфаатли ҳамкорлик юзасидан келишиб олинди.
Ўтган йилги кинофестивалда «Ўзбекфильм» киноконцернига хориждан 30 миллион евролик замонавий кинотехникалар келтирилиши ҳақида маълум қилинганди. Бу йилги фестиваль кунлари ушбу техникаларнинг яқинда киноконцернга келтирилган 3,5 миллион еврога тенг қисми намойиш этилди. Мазкур техникалар илк бор «Ўзбекфильм»да суратга олинаётган «Баҳодир Ялангтўш» бадиий фильмида ишлатилди. Дарвоқе, иштирокчилар ушбу тарихий фильмнинг илк лавҳаларини суратга олиш жараёнларига ҳам гувоҳ бўлишди.
Кинофестивалда 2000 нафардан ортиқ ёшлар иштирокида таълим дастурлари ҳам ўтказилди. Жумладан, Кшиштофф Занусси, Такеши Китано, Санг Ву, Хуан Антонио Мартинес, Люк Бессон, Гоша Куценко, Жонни Депп сингари жаҳон киносининг атоқли вакиллари иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди.

Ҳамкорликдаги кинолойиҳалар

Сўнгги йилларда ўзбек кинематографиясида ко-продукциялар – ҳамкорликдаги кинолойиҳаларни суратга олишга алоҳида ­эътибор қаратилмоқда. Икки йил ичида «Парининг совғаси», «Қуёш таъми», «Барон-2. Соғинч» сингари бадиий ҳамда ўндан ортиқ ҳужжатли фильмлар суратга олинди.
Бултур Ўзбекистон ва Тожикистон давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва ­Эмомали Раҳмон таклифига биноан Ўзбекистон Кинематография агентлиги ҳамда «Тожикфильм» давлат муассасаси билан ҳамкорликда «Жомий ва Навоий» бадиий фильмини биргаликда суратга олиш бўйича меморандум имзоланган эди. Ўтган бир йил мобайнида икки давлат олимлари ва киноусталари ҳамкорлигида фильмнинг концепцияси тасдиқланди, кино­сценарий ёзилди. Айни пайтда суратга олишга тайёргарлик жараёни бошланди.
Ўзбек ва тожик киносидаги энг катта ва шов-шувли лойи­­ҳа бўлиши кутилаётган «Жомий ва Навоий» фильмига хорижий маслаҳатчи сифатида Люк Бессон (Франция) ва Юсуф Розиқов (Россия) жалб қилинган. Фильм­­да икки буюк мутафаккирнинг дўстлик алоқалари манзарасида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги маданий алоқалар ҳам кўрсатилади. Шу боис, бу кинолойиҳада Голливуд актёри Арманд Ассанте ҳам роль ўйнаши кутилмоқда.
Фестиваль кунлари Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва «Тожикфильм» давлат ­муассасаси ўртасида мазкур фильмни суратга олиш ҳақидаги шартнома ҳам имзоланди.
Шунингдек, «Осиё арслони» (Беларусь билан), «Хўжа Насриддин» (Озарбайжон билан), «Қўрқут ота» (Қозоғистон билан) сингари ҳамкорликдаги кинолойиҳаларнинг ҳам тақдимотлари ўтказилди.

«Кино беш кунда!»

Кинофестивалнинг энг қизиқарли лойиҳаси бу ёш киноижодкорларнинг «Кино 5 кунда» танлови бўлди. Ўтган йили илк бор ўтказилган бу танловда 25 давлатдан ёш кино усталари қатнашган бўлиб, якуний натижаларга кўра, ўзбекистонлик ёш режиссёр Шерзод Ҳасанов ишлаган «Ипак йўлида» қисқа метражли фильми 1-ўринга муносиб кўрилган эди.
Жорий йилда танлов учун дунёнинг 18 та йирик киномактабида таҳсил олаётган ёшларнинг кинолойиҳалари саралаб олинди. Улар учун мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан локациялар белгиланди. Беш кун ичида фильм суратга олиш учун зарур техникалар ажратилди, шарт-шароитлар яратиб берилди. Иштирокчилар ўзлари суратга олган 18 та ижод намунасини саккиз давлатдан ташриф буюрган нуфузли ҳакамлар ҳайъатига тақдим этишди.
Танлов натижаларига кўра, 1-ўрин ўзбекис­тонлик режиссёр Темур Муродовнинг «Кассета» номли қисқа метражли фильмига берилди ва 15 минг АҚШ доллари пул мукофоти билан тақдирланди. 2-ўрин ва 10 минг АҚШ доллари «Тупроқ» фильми учун қирғизистонлик Нариман Тактакуловага насиб этди. 3-ўрин ва 7 минг АҚШ долларига тенг пул мукофоти канадалик Феликс Калменсоннинг «Қуёш учун қўшиқ» фильмига берилди.

Эллар ва дилларни бирлаштирган фестиваль

18 сентябрь куни «Ўзбекфильм» киноконцерни павильонида «Ипак йўли дурдонаси» XVI Тошкент халқаро фестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросим кинофестиваль иштирокчилари ва меҳмонларининг анъанавий «Қизил йўлак»дан юриб ўтиши билан бошланди. Киноконцерн павильони барча кинофестивалларга хос жиҳозлар, чироқлар, кўргазмали воситалар билан ­безатилди. Бошловчилар ҳар бир иштирокчининг номини тантанавор эълон қилишди. Мухлислар уларни олқишлар билан кутиб олишди.
Тантанани очиб бериш учун сўз Ўзбекис­тон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимовга берилди.
«Дарҳақиқат, ҳафта давомида миллий кинематографиямиз тарихида зарҳал ҳарфлар билан ёзишга арзигулик қувончли воқеалар юз берди, – деди А.Абдуҳакимов. – Бу кинофестиваль олдингисига қараганда анча мукаммал, жўшқин ва кўтаринки руҳда ўтганини ҳар биримиз сезиб турибмиз. Чунки бир йил ичида бу борадаги кўникмаларимиз ўсди, дунё ­тажрибасини ўргандик. Кинофестиваль доирасида ўзбек кинематографиясини ривожлантириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, йирик ўзгариш­ларни халқаро жамоатчилик, жаҳон киносининг атоқли вакиллари ҳам ­эътироф этишгани бизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди».
Шундан сўнг Кшиштоф Занусси (Польша), Такеши Китано (Япония) сингари таниқли кино дарғалари Тошкент Халқаро кинофестивалининг «Жаҳон кинематографияси ривожига қўшган ҳиссаси учун» махсус мукофотлари билан тақдирландилар. «Тожикфильм» давлат муассасаси директори Маҳмасаид Шоҳиён (Тожикистон) ҳамда «Беларусьфильм» миллий киностудияси (Беларусь) кинорежиссёри Ольга Эстрада «Кинематография фидокори» кўкрак нишони билан тақдирланди.
«Кино бизларни ажойиб дунёга етаклайди, – деди америкалик актёр Арманд Ассанте. – Бу соҳада кўп йилдан буён фаолият кўрсатиб келаман. Ўзбекистонда кинематография ривожи Президент эътиборида экани диққатга сазовордир. Кўп давлатларда бўлганман. Ўзбекистон жуда ажойиб мамлакат. Бу юрт юрагимдан жой олди. Уни ёрқин хотиралар билан ёдга оламан».
«Бугун дунё қалқиб турибди, – деди польшалик кинорежиссёр ва драматург, продюсер Кшиштоф Занусси. – Дунёни гўзаллик ва тафаккур қутқаради. Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланганидан жуда мамнунман. Ишонаманки, Тошкент халқаро кинофестивали тинчлик, эзгуликка, маърифатга хизмат қилади. Меҳридарё, самимий, бағрикенг ўзбек халқига ўз миннатдорлигимни билдираман».
Маросимда турли мусиқий композициялар, ўзбекистонлик ва хорижлик санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар янгради. Кинофес­тиваль мадҳияси садолари остида XVI Тошкент халқаро фестивали байроғи туширилди.
Яна бир халқаро кинофестиваль ўзбек миллий кинематографияси тарихининг ёрқин саҳифаларидан жой олди.

Рустам ЖАББОРОВ,
журналист