Китоб – тафаккуримиз қанотлари

76

«Ўқишдан тўхтаган одам фикрлашдан ҳам тўхтайди», деган эди донишмандлардан бири.

Дарҳақиқат, китоб – буюк устоз! Биргина китоб инсон ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин. Яъни бахт миллионлаб китоб­лар орасидан руҳингизга мосини топа олишингизда. Шунинг учун болаларни айни улғайиш пайтида мутолаага жалб этиш лозим.
Илм олишнинг энг қулай ва таъсирчан воситаси, шубҳасиз, китобдир. Илм эгаллашнинг асосий йўли мутолаадир. Илмни мустаҳкамлаш ва уни бойитишнинг яна бир воситаси ижоддир.
Шу маънода, китоб ҳамма замонларда ҳам тафаккур ва тараққиёт қуёши бўлиб келган.
Ҳа, китоб инсоннинг беминнат дўсти, маслаҳатчиси. У инсон тафаккурини бойитиб, комиллик сари етаклайди. Яна бир гап: китобга ошноликни қанчалик тез ва эрта бошласак, шунча фойдалидир. Энг муҳими, вақтни бой бермай, уни ўқишни ­бошламоқ, эринмаслик даркор.
Шу ўринда Жалолиддин Румийнинг қуйидаги ҳикояти ёдга тушади.
Ривоят қилинишича, бир киши йўл бўйига тиканли бута экарди. Тиканлар ўсиб йўловчиларга озор бера бошлади.
Одамлар: «Сен тиканларингни йўлдан йўқот!», дейишди.
Лекин у ҳеч кимни тингламади. Тиканлар кундан-кун ўсиб, ўтган-кетганнинг кийимини йиртар, оёқларига қадалиб, қонатиб юборарди.
Волий тиканли буталарни йўқотиш ҳақида амр қилди.
У: «Хўп бўлади, эртага барини юлиб ташлайман», деди. Лекин бугун- эрта деб баҳона қилаверди. Тиканлар ўсиб, кўкариб, қувватланди.
Волий: «Эй гапида турмайдиган инсон! Амримизни бажо келтир, ­сабримизни синама!» деди.
Тикан эккан: «Ҳавотир олманг, олдимизда ҳали кунлар кўп-ку. Ўшаларнинг бирида юлиб оламан» деб жавоб қилди.
Волий: «Сен буни эртага қиламан деяпсан-у, аммо тиканлар кун сайин қувватланишяпти. Уларни юлиб оладиган ҳам қарияпти, қувватдан қоляпти!», деди.
Хулоса шуки, эринчоқлик деб аталган ёмон хулқдан воз кечайлик. Мутолаага киришайлик. Китобга ошно бўлайлик! Токи илм уммонида сузиш, жамиятда ўз ўрнимизни топишимизда китоблар бизга асосий восита экан, ундан баҳра олайлик, унинг шуълалари билан ҳаёт йўлларини ёритайлик.

Ирода БАҲРОНОВА,
Навоий давлат педагогика
институти талабаси