Халқ мақолини бузиб айтмайлик

92

Яқинда Ўзбекистон Миллий университети қошидаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсини тамомладим. Битирув иши ҳимоясида гап айланиб, «Устоз отангдан улуғ» деган нақлга тақалди. Мен бугунги кунда баъзи кишилар уни нотўғри қўллашаётганини айтдим. Буни исботлашга қанчалик уринмай, ёши улуғ аёл ўқитувчи жазавага тушиб, фикрларимни рад этди. Ўзим ишлайдиган университетдаги машғулотим давомида ҳам айрим талабалар мақолнинг аслидан норози бўлишди.

Хўш, нега? Устозларни отадан улуғ деб таърифлашнинг нимаси ёмон? Бу билан биз отамизни камситмаймиз-ку! Она тилини онага, устозни отага қиёслаш, шу мақомда улуғлаш бирини иккинчисидан устун қўйиш эмас-ку?
Тўғри, бизнинг дунёга келишимиз ва инсон бўлиб шаклланишимизда отамизнинг ўрни беқиёс. У биз билан доимо суҳбатлашмаса ҳам, бир нарсаларни ўргатишга вақт ажратолмаса ҳам ўз юриш-туриши, кийиниши, одоб-ахлоқи, одамларга муносабати билан бизга ўрнак бўлган. Аммо бугун ўзимизда бор илм ёки ҳунарни асосан устозлардан ўргандик. Бунинг учун улар олдида қарздормиз. Шундай экан, уларни ҳар қанча улуғласак арзийди.
Мақолдан тўғри фойдаланиш ҳам она тилимизга ҳурматни ошириш, ҳам авлодларни тўғри тарбиялаш демакдир. ­Фикримизни исботини бир неча манбалардан топдик.
Биринчидан, бу нақлни халқ яратган. Унда мақолга хос бўрттириш ва тасаввур бор. Буни таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари номзоди Омонулла Мадаев «Маданият ва маърифат» телеканалининг 2018 йил 17 апрелда эфирга узатилган «Фикрат» кўрсатувида жуда чиройли шарҳлаб берган.
Иккинчидан, Эркин Воҳидов «Сўз латофати» китобида шундай деб ёзади: «Халқда «Меҳмон отангдан азиз», «Устоз отангдан улуғ» деган ҳикмат бор. Бирор ақлли зот, отадан улуғ, отадан азиз инсон бўлмайди, деб айтган чоғи, кейинги вақтда «Меҳмон отангдек азиз», «Устоз отангдек улуғ» дейиш урф бўлди. Отадан улуғ ва азиз кишининг йўқлиги ҳақиқат. Айнан шунинг учун ҳам бу ташбеҳ ишлатилади».
Учинчидан, бу фикр Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномовнинг «Халқ сўзи» газетасининг 2020 йил 29 сентябрь сонида чиққан «Устоз отангдан улуғ» мақоласида ҳам ўз ифодасини топган. Муаллифнинг таъкидлашича, бу нақл бизга қадим-қадимда яшаган аждодларимиздан мерос бўлиб қолган. Демак, уни ўзгартиришга ва ўзимизча қўшимчалар қўшишга ҳаққимиз йўқ. Қолаверса, муқаддас китобимиз Қуръони Каримдаги дастлабки оят ҳам «Иқра!» («Ўқи!») деб номланган.
Биз Каримберди Тўрамуродовнинг «Маърифат» газетаси 2019 йил 5 октябрдаги сонида чоп этилган «Устоз отамиздек эмас, отамиздан улуғ. Нега?» сарлавҳали мақоласини ўқиганимизда хулосамиз тўғрилигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик.
Аслида бу ўринда баҳслашадиган ва қайта кашф қиладиган нарсанинг ўзи йўқ эди. Аммо айрим «билағон»лар мақолни ўзгартирдилар. Сабаби – отадан улуғ зот йўқ эмиш! Етмишта устоз йиғилиб, битта ота бўлолмасмиш! Ўшанда «Қўйинг, мақолни бузманг!» дейдиган мард топилмади. Ана, оқибати: биз тенгилар мақолнинг тўғри, ёшлар эса бузилган вариантини ишлатишяпти.
Хулоса ўрнида яна Эркин Воҳидовнинг «Сўз латофати»га мурожаат қилдик: «Илм ҳам, ижод ҳам баҳс билан тирик. Маърифат излаган инсон хато қилишдан чўчимайди. Маърифатли инсон бировнинг хатосидан кулмайди. Билмасанг гапирма, жим ўтир, демайди. Хатони тузатади, ўз фикрини айтади. Хато айтган ҳам қизариб-бўзармайди. Баҳс қилади, ё «фикрингиз маъқул,» дейди.

Эътиқодхон ОТАҚУЛОВА,
ЎзЖОКУ ўқитувчиси