Бўлажак журналистларга ажойиб қўлланма

108

«Ҳар бир китобнинг, одамлар сингари ўз тақдири, қисмати бор. Баъзилар ўзларидан ҳеч бир из қолдирмай дунёдан ўтиб кетсалар, бошқаларнинг номлари юз йиллар, минг йиллар оша ҳам яшайди, мангу ўчмайди. Китоблар ҳам шундай: баъзилари ёзувнинг бўёғи қуримасдан умрини тугатади, айримлари асрлар давомида инсониятга ҳамкор, йўлдош бўлади, унга беминнат хизмат қилади».

Бу жумлаларни «Таълим медиа» нашриёти томонидан нашр этилган «Фикр қудрати» китобида ўқишингиз мумкин. Асар муаллифи Маҳмуд Саъдий эса кўпчиликка, айниқса, журналистлар ва филологларга истеъдодли қаламкаш, етук публицист, қаттиққўл муҳаррир, моҳир таржимон сифатида яхши таниш.
У 1939 йили Самарқанд вилоя­тининг Нарпай туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетида таҳсил олган. Сўнгра «Ленин учқуни» (ҳозирги «Тонг юлдузи»), «Маърифат» газеталари, «Шарқ юлдузи», «Гулистон» журналларида турли лавозимларда ишлаган. 32 йил «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида бўлим муҳаррири вазифасини бажарган. Ўзбек адабиётининг долзарб муаммоларига бағишланган кўплаб адабий-танқидий мақолалар ёзган, соҳа намояндалари билан мулоқотлар уюштирган. Шунингдек, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг журналис­тика факультети талабаларига ўзи яратган «Таҳрир санъати» ўқув дастури бўйича сабоқ берган. Ҳалол меҳнатлари эвазига «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 15 йил» кўкрак нишони, «Фидокорона хизматлари учун» ордени, «Ўзбекистон ­Республикасида хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвони билан тақдирланган, «Олтин қалам» xалқаро миллий мукофотига лойиқ кўрилган.
«Фикр қудрати»дан ана шу заҳматкаш инсоннинг сараланган хотиралари, шоир-ёзувчилар, адабиётшунос олимлар ва бошқа касб эгалари билан суҳбатлари ҳамда таржималари ўрин олган. Мен уларни ўқиб, амин бўлдимки, тўпламга жуда тўғри ном танланган. Бундай дейишимнинг боиси – китобга ўқувчини фикрлашга чорлайдиган, дунёқарашини кенгайтирадиган мақолалар ва суҳбатлар киритилган.
Бундан ташқари, мақолаларга қўйилган сарлавҳалар ҳам ҳар қандай кишининг диққатини ўзига жалб этади ва сарлавҳа танлаш ҳам ўзига хос бир санъат эканини яна бир бор ҳаммамизга эслатади. Эътиборга сазовор яна бир жиҳати, муаллифнинг мақолалари қаҳрамонлари ва суҳбатдош­лари турли ёшдаги ҳар хил касб вакиллари, олим, мунаққид, адиб, элчи, профессор бўлса-да, барчаси илм ва ижод йўлини танлаган, ўз халқининг фидойи инсонларидир. Шу боис бу манбаларни, айниқса, Чингиз Айтматов, Александр Пушкин, Ҳанд Кристиан Андерсен, Лев Толстой, Эдгар Аллан По ва Рабиндранатҳ Тҳакур каби дунёга машҳур инсонлар ҳақида мақолаларни иштиёқ билан ўқийсиз.
Мен Маҳмуд Саъдийнинг «Фикр қудрати» китобини мутолаа қиларканман, ҳақиқий журналист қандай бўлиши, нималар қилиши ва ёзиш жараёнида қандай тартиб-қоидаларга риоя қилиши лозимлигини тушуниб етдим. Ўйланманки, бу келгусидаги ижодий фаолиятимда ҳам жуда қўл келади.

Гавҳар ЭШОНҚУЛОВА,
ЎзЖОКУ талабаси