Шундай корхоналар борки, сифатли маҳсулоти билан нафақат бозорда ўз ўрнини топишни, балки ходимлар учун қулай меҳнат шароити яратишни ҳам бош мақсадига айлантирган. Наманган шаҳридаги енгил автомобиллар учун ёритиш чироқлари ишлаб чиқарувчи “UzChasys” Ўзбекистон-Корея қўшма корхонаси ана шундайлар сирасига киради.
2008 йилда ташкил этилган корхонада бугун 790 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Корхонани технологик жихозлаш ишларига 30 миллион АҚШ долларига яқин маблағ ажратилиб, бу ерда ишлаб чиқарилаётган 32 турдаги маҳсулот нафақат юртимиз бозори ва “UzAuto Motors” автомобилларини ёритиш чироқлари билан таъминламоқда, балки Бразилия, Украина, Россия ва Қозоғистон учун ҳам фаралар етказиб бермоқда. Янги 2023 йил арафасида навбатдаги лойиҳа ишга тушгач, корхонанинг экспорт географияси Франциянинг етакчи автомобилсозлик компанияларидан бири – “Peugeot” ҳисобига кенгаяди. Шу билан биргаликда, янги иш ўринлари ҳам яратилади. Таъкидланишича, жорий йилнинг биринчи ярмида “UzChasys”нинг экспорт салоҳияти 4 млн. долларга етган.
–Ходимларимиз учун жаҳон стандартлари даражасида шароит яратишга ҳаракат қиляпмиз. Иш вақти эрталаб соат 8:00дан кечки 17:00 гача бўлиб, иш уч сменада давом этади, – дейди “UzChasys”нинг сотув ва бизнесни ривожлантириш бўлими бошлиғи Анвар Ўринов. – Ишчиларга икки маҳал иссиқ овқат бериш йўлга қўйилган. Ойлик маошларига қўшимча равишда иш самарадорлигига қараб рағбатлантириш ҳам тўлаб борилади. Ҳар бир ходим янги ишга келганида меҳнат ва техника хавфсизлиги бўйича ўқитилади, махсус кийимлар билан таъминланади. Шу боис корхонамизга ишга кириш истагида бўлганлар кўп.

Корхонанинг бош директор ўринбосари Содиқ Юнусовнинг айтишича, ишлаб чиқариш жараёнида ёшларнинг изланиши ва заковати муносиб баҳоланади. Масалан, ўтган ойда ходим Зарифжон Тўрабоев корхона фаолиятига самарадорлик олиб келувчи рационализаторлик ишланмасини ҳимоя қилди. Гап шундаки, корхонада 90 фоиз иш жараёни автоматлаштирилган. Фараларнинг ён томонларини ташкил этувчи қисмига бўёқлаш цехида бўёқ сепилади. Автомат – автоматда, у ҳамма жойга бир хил “бориб келиши” ҳисобига бўёқларнинг исроф бўлиши кузатиларди. Зарифжоннинг лойиҳаси ушбу исрофгарчиликка чек қўйди ва олдин 6 та маҳсулотга етган бўёқлар, энди кўпроқ маҳсулотга етадиган бўлди. Янгиликнинг ишлаб чиқариш жараёнига жорий этилиши натижасида маҳсулот таннархи тушди ва корхонанинг фойдаси ҳам ошди. Шу боис Зарифбекка корхонанинг мазкур самарадорлик эвазига кўрадиган бир йиллик фойдасининг 10 фоизи сентябрь ойида тўлаб берилди.
Ўзсаноатқурилишбанк “UzChasys”нинг доимий ҳамкорига айланган. Хусусан, шу йилнинг ўтган даври мобайнида 6 маротаба, жами 6 млн. 550 минг евродан зиёд корхона айланма маблағларини тўлдириш учун кредитлар ажратди. Корхона эса янги-янги лойиҳалар орқали ўз йўналишини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.
–Ходимлар учун барча имтиёз ва қулайликлар, шу билан бирга, меҳнат қонунчилиги тартиби жамоа шартномасида ўз аксини топган, – дейди “UzChasys”нинг касаба уюшма қўмитаси раиси Абдураҳмон Маҳмудов. – 2022 йил давомида 22 нафар ишчимизга турли сиҳатгоҳларга бориши учун йўлланмалар берилди. Ўқув йили бошида фарзанди биринчи синфга чиқаётган 29 нафар ходимимизнинг болаларига ўқув қуроллари жамланмасини туҳфа этдик. Ҳар бир иш ўрни инсоннинг соғлиғига хавфсизлиги бўйича шаҳодатланган. Ишчиларимизга мунтазам сут-қатиқ маҳсулотлари, касал бўлиб даволанганида ёки операция жараёнини бошдан кечирганида энг кам иш ҳақининг 20 баробаригача моддий ёрдам кўрсатилади.
Биз кўпинча хориждаги корхоналар фаолияти билан танишганда гувоҳи бўладиган бундай ижобий ҳолатларнинг юртимиздаги корхоналарда ҳам оддий ҳолга айланаётганини кўриб, хурсанд бўлдик. Ишлаб чиқариш ютуқлари ўз йўлига, аммо қилаётган янгилиги учун ёшларнинг иқтидори муносиб баҳоланаётгани бу масканда нафақат соғлом муҳит барқарорлигидан, балки, энг аввало, инсон омилига катта аҳамият берилаётганидан дарак беради.
Зебо НАМОЗОВА
“ISHONCH”
