Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Қудратилла РАФИҚОВ билан суҳбат
Ҳеч кимга сир эмас, бугун жамият ривожи йўлида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кириб бормаган жабҳа қолмади, ҳисоб. Қай бир соҳага назар солманг, у ерда жамоат ташкилотининг ўрни яққол сезилади. Айниқса, охирги олти йилликда касаба уюшмалари фаолияти янада кенгайди. Уларни қўллаб-қувватлаш борасида тарихий қадамлар ташланди. Масалан, Президентимиз ташаббуси билан 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни этиб белгиланди. Ўтган йили ушбу сана мамлакатимизда катта тантана сифатида нишонланди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларига табрик йўллади. Бу «Инсон қадри учун» ғоясини ўзига бош мақсад қилиб олган соҳа вакилларини беҳад қувонтириши билан бирга, янги марралар, янги ташаббуслар сари руҳлантирди.
Қарангки, орадан яна бир йил ўтди. Бу сарҳисоб қилишга арзийдиган муддатми? Албатта, шундай! Шу маънода, айни кунларда катта байрам сифатида нишонлаётганимиз – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати ўлароқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов билан суҳбатимиз ўтган вақт мобайнида амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар хусусида бўлди.
– Қудратилла Мирсоатович, мулоқотимизни «ноябрдан – ноябргача» деган рамзий бир мезон асосида касаба уюшмалари томонидан сўнгги бир йилда бажарилган ишларнинг қисқача тафсилоти билан бошласак.
– Дарҳақиқат, кўз очиб юмгунча бир йил ҳам ўтиб кетди. Бу вақт оралиғида улгурмай қолган вазифаларимиздан кўра, амалий ишларимиз кўлами кенг. Мана шу ҳолат киши кўнглига бироз таскин беради.
Таъкидлаш жоизки, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати туфайли мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Натижада, барча соҳада юқори ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Бундай ютуқларда касаба уюшмаларининг ҳам муносиб ўрни борлиги диққатга сазовор. Хусусан, касаба уюшмалари томонидан янги лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш йўналишида
288 тадан ортиқ таклиф киритилди, муносиб меҳнат шароитлари, иш ҳақи, дам олиш вақти, меҳнатни муҳофаза қилиш ва бошқа яна кўплаб масалаларда меҳнат соҳасидаги 400 тадан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари бўйича хулосалар берилди.
Федерациянинг саъй-ҳаракати билан илғор халқаро тажриба ва ҳозирги кун талабларини ҳисобга олган ҳолда янги таҳрирдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Халқаро меҳнат ташкилотининг бешта конвенцияси ва битта баённомаси ратификация қилинди. Ушбу фактлар, юқорида таъкидлаганимиздек, бугун касаба уюшмалари давлат органларининг энг йирик ижтимоий ҳамкорига айлангани реал ҳақиқат эканини кўрсатади.
Мамлакатимизда меҳнат ва ижтимоий соҳадаги муаммоларни давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги конструктив ижтимоий мулоқотни йўлга қўйиш орқали ҳал этиш борасида илғор тажриба тўпланган. Мазкур йўналишда республикамизда ҳар уч йилда бир марта Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилари Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Бош келишув имзоланади.
Бош келишув асосида 14 та ҳудудий ва 117 та тармоқ келишувлари, жойларда 111 мингта жамоа шартномалари тузилган. Шунингдек, ХМТ тавсияларига кўра, ҳудудий-тармоқ келишувлари тузиш амалиёти қайта тикланди ва ижтимоий шериклар билан 368 та ҳудудий-тармоқ келишувларини тузиш ишлари амалга оширилди.
Жамоа келишувлари ва жамоа шартномалари орқали муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат муҳофазаси ва гигиенаси, бандликни таъминлаш, дам олиш ва соғломлаштириш, меҳнатга ҳақ тўлаш, хусусан, тенг аҳамиятли меҳнат учун эркаклар ва аёлларга тенг ҳақ тўлаш, ижтимоий имтиёз ва кафолатлар белгилаш, айниқса, ёшлар, аёллар, кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш ишлари йўлга қўйилган.
ХМТ билан ҳамкорлик натижасида Халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида 144-Конвенциянинг ратификация қилиниши республикада ижтимоий мулоқотни янада ривожлантиришга туртки бўлди.
Ўрни келганда, бир нарсага алоҳида тўхталмоқчи эдим.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Вазирлар Маҳкамасига ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, уларнинг оқибатлари бўйича ҳар йили таҳлилий маълумот киритиб бормоқда. Бундан асосий мақсад, ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш, жумладан, иш берувчилар томонидан мазкур масалага маблағ йўналтирилишига эришиш, бахтсиз ҳодиса ва касб касалликларининг олдини олишдир.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ташкилотларда меҳнат муҳофазаси хизматлари ташкил этилиши, ходимларга йўл-йўриқлар бериш, ўқитиш ва билимларини синашга иш берувчиларнинг эътиборлари анча ортган. Меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган Дастурлар қабул қилинишига эришилмоқда ва уларнинг ижроси касаба уюшмалари томонидан назоратга олинмоқда.
Айни вақтда касаба уюшмалари тизимида 5,5 миллион аъзони бирлаштирган 34 011 та бошланғич ташкилот фаолият кўрсатмоқда. 6 700 нафардан ортиқ ходим ва 300 минг нафар фаол жамоатчилик асосида самарали меҳнат қилмоқда.
Халқимизда ташаббуснинг қаноти бўлади, деган гап бор. Бу бежиз айтилмаган. Зотан, мамлакатимизда Президентимиз бошлаб берган бунёдкорлик ишлари бизга ҳам ғайрат бағишлади. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 2022 йилда халқимиз фаровонлигига хизмат қилувчи бир қанча янги иншоотларни фойдаланишга топширди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Фарғона вилоятининг Сўх туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилиб фойдаланишга топширилган «Сўх» замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳи, Паркент туманида муҳташам «Заркент» санаторийси шулар жумласидандир.
Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчиман. Биламизки, Сўх тумани анклав ҳудудда жойлашган. Жойлашув нуқтаи назаридан биздан узилиб қолган. Бунинг эса ўзига яраша машаққатлари бор, албатта. Шу пайтгача туман ижтимоий-иқтисодий аҳволи ҳам, у ерда яшовчи аҳоли ҳаёти ҳам бир қадар эътибордан четда эди. Айни шу жиҳатни ҳисобга олиб, Президентимиз бизга сўхлик болалар учун замонавий оромгоҳ қуриш ҳақида кўрсатма берган эдилар. Шу йил фойдаланишга топширилган 200 ўринга мўлжалланган «Сўх» болалар соғломлаштириш оромгоҳининг умумий майдони қарийб 5 гектар бўлиб, ёзги мавсумда 5 навбатда 1000 нафар ўғил-қизни дам олдириш ва соғломлаштириш имкониятига эга. Ушбу масканда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари мамлакатимизда навқирон авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасида эканига ёрқин бир далилдир.
«Заркент» санаторийси пойтахтдан қарийб 60 километр узоқликда жойлашган Заркент қишлоғининг «Қўрғон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Заркент бобо» ҳамда «Қуш қўнмас» номлари билан машҳур зиёратгоҳлар қошида барпо этилди. Жойлашув ҳудуди, иқлими, табиати шифобахш хусусиятларга эгалигига кўра, «Заркент» санаторийси нафас йўллари ва асаб тизими касалликларини даволашга ихтисослаштирилган. Умумий майдони 2,8 гектар бўлган ушбу муассаса саломатликни тиклаш ва турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.
150 ўринга эга тўрт қаватли мажмуада барча қулайликлар бир жойнинг ўзида, яхлит ҳолда ташкил этилган. Яъни ётоқхона, даволаш бўлими, ошхона, клуб, кутубхона, маъмурий бўлим, лаборатория ва бошқа хизматлар битта бинода жойлашган. Барча хоналар энг замонавий мебель ва анжомларга эга.
Гап бунёдкорлик ишлари хусусида кетаркан, 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан яна иккита объект – Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманининг Чимён қишлоғида қурилган «Севарсой» санаторийси ва Тошкент шаҳридаги собиқ «Свердлов» номидаги концерт зали биноси негизида қайтадан барпо этилган Касаба уюшмалари маданият саройи фойдаланишга топширилаётганини ҳам алоҳида таъкидлашни истар эдим.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керак, бугунги катта авлод «Свердлов» концерт зали сифатида биладиган маскан илк фаолиятини 1913 йилда «Колизей» театри номи остида бошлаган. У архитекторлар А.Гарней ва Г.Попов лойиҳаси бўйича 1904 йилда ёғочдан ясалган цирк ўрнида қурилган. Ўз вақтида Тошкентдаги 1100 ўринга мўлжалланган энг катта томоша залига эга бўлган.
Тарихий манбаларга кўра, 1914 йил Абдулла Авлоний раҳбарлигидаги ўзбек ҳаваскор труппасининг дастлабки спектакли – Беҳбудийнинг «Падаркуш» драмаси асосида тайёрланган спектакль шу ерда қўйилган. Шу жиҳатдан ҳам мазкур даргоҳ миллий санъатимиз тарихига дахлдор десак, янглишмаган бўламиз. Кейинчалик қайта реконструкция қилинган «Колизей»га Я.Свердлов номи берилади.
Юқорида айтганимдек, катта авлод учун бу жой хотираларга жуда бой. Чунки ушбу сарой ўз вақтида нафақат пойтахтнинг, балки мамлакатимизнинг муҳим маданий маскани бўлган. Бу ерда ўша замонларнинг машҳур кишилари Сергей Есенин, Владимир Висоцкийлар чиқиш қилган. Элимизнинг дунё тан олган фарзандлари Тамарахоним, Карим Зокиров, Комилжон Отаниёзов, Ҳалима Носирова, Ботир Зокиров каби санъат дарғалари концерт берган…
Бироқ санъат соҳасига, академик мусиқа ва ҳассос акустикага эга бўлган ушбу ноёб даргоҳ узоқ йиллар эгасиз қолгандай бўлди. Бир у ташкилот, бир бу ташкилот қўлма-қўл қилиб, унинг нуфузига ҳам, тарихий қийматига ҳам путур етказди. Энг ёмон томони, «эга»лар кошонанинг овозни табиий тоблаб турувчи «табиати»га зарар етказишган. Бузишган, синдиришган, тешишган, хуллас, маданият улашадиган нодир бир тарихий саройни оддий офисга айлантиришган.
Кези келганда шуни айтишим керакки, ушбу санъат маскани тарихи ва тақдири Президентимизни узоқ вақтлардан буён ўйлантириб юрганига шахсан ўзим гувоҳман. Шавкат Миромонович унинг тарихини ўзига қайтариш, эски ҳолатдаги фаолиятини тиклаш адолатли иш бўлиши тўғрисида бир неча бор гапирган. Бироқ у пайтлар буни амалга оширишнинг мавриди бўлмаган эди. Бугунги кунда эса Президентимиз бу тарихий бинони Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфига ўтказди ва кўрсатма берди: сарой фаолиятини эски ҳолига – маданий марказга айлантириш керак. Албатта, вайрон қилинган нозик дидли меъморий қурилиш ишларини қайта ўзидай тиклаш катта меҳнат, билим ва тажриба талаб этади. Шунинг учун биз дунёнинг турли нуқталаридан бундай залларни қуриш ва жиҳозлаш бўйича малакаси катта бўлган мутахассисларни Тошкентга чақирдик, уларнинг маслаҳатини, кўмагини олдик. Узоқ йиллар «ўз ўқи»дан чиқиб кетиб, сарсон бўлган тарихий кошона Президентимиз ташаббуслари билан яна халқимизга қайтарилди. Мен қайта тикланган зални таърифлаб ўтирмайман, яхшиси, уни келиб кўрган маъқул.
Шу даврда яна бир ноёб иншоот ишга тушди. Касаба уюшмалари тасарруфидаги Даволаш-профилактика марказига беш қаватли янги даволаш корпуси қуриб берилди. Мазкур марказ бугунги кунда мамлакатимиздаги тиббиёт муассасалари орасида энг замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган энг яхши шифо масканларидан бирига айланди. Биз имкон қадар ушбу масканда касаба уюшмаларида фидокорона хизмат қилаётган юртдошларимизга малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишни йўлга қўймоқдамиз.
– Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълимга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари таълим тизимига бағишлаб ўтказилган йиғилишда «Таълим-тарбия – бу бизнинг келажагимиз, ҳаёт-мамот масаласи. Шу боис бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ», дея алоҳида таъкидлаган эди. Айни шу йўналишда касаба уюшмалари ҳам жорий йилда хайрли бир ишга қўл урди. Ўрни келганда, шу ҳақда гапириб берсангиз.
– Нимани назарда тутаётганингизни тушундим. Дарҳақиқат, илм инсонни камолотга етаклайди, тафаккурини юксалтиради. Халқи илмли, зиёли давлат эса тараққиётга эришади, бой ва қудратли бўлади. Боғча, мактаб, коллеж ва техникумлар сонини кўпайтириш билан бирга, шу эл, шу юртга хизмат қиладиган етук кадрлар тайёрлаш ҳам бугуннинг асосий вазифаларидан бири бўлиб турибди. Шу мақсадда кўплаб давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари ташкил этилмоқда.
Жорий йилдан эътиборан ана шу эзгу ишларнинг мантиқий давоми сифатида Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ ташкил этилган яна бир муҳташам олий таълим муассасаси – Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси фаолият юрита бошлади.
Юртимизда барча соҳалар қатори олий таълим тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шубҳасиз, бу йўналишдаги ташаббуслар келажакда малакали, креатив фикрлайдиган кадрларни шакллантиришнинг кафолати саналади. Иқтисодиёт тармоқларининг олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжини қондириш, меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасида халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ малакали кадрларни тайёрлаш, соҳага оид муаммоларни илмий ва амалий жиҳатдан ҳал этиш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфида иш бошлаган Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Шунингдек, замонавий инновацион ва илмий-педагогик технологияларни, фан ва техниканинг энг сўнгги ютуқларини қўллаган ҳолда меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасида талаб юқори бўлган касблар, йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича малакали кадрларни тайёрлаш, таълимнинг тегишли йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув-методик адабиётларни яратиш, талабалар ва ёш мутахассисларни жалб қилган ҳолда фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш, таълим тизимида етакчи хорижий таълим ташкилотлари тажрибасини қўллаш, меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган янги таълим дастурлари ҳамда ўқитишнинг инновацион шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳам асосий фаолият йўналишларига киради.
Илм маскани Россия Федерацияси, Озарбайжон, Беларусь, Хитой, Италия (ХМТ ҳузуридаги Турин ўқув маркази), шунингдек, бошқа турдош таълим даргоҳлари ва тегишли миллий ва халқаро институтлар билан яқин ҳамкорликни режалаштирган. Бошқа бир қатор давлатлар билан ҳам тажриба алмашиш, ўқув фаолияти, комплекс ўқув лойиҳалари, маслаҳат хизматлари, ўқув материаллари ишлаб чиқариш мақсад қилинган. Академияда меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги, ҳаёт фаолияти хавфсизлиги, инсон ресурсларини бошқариш, ижтимоий иш, психология, менежмент, юриспруденция йўналишларида кадрлар тайёрланади.
Академияда талабаларга барча имкониятлар яратиб берилган. Энг муҳими, ўз соҳасининг нуфузли мутахассислари, етук олимлар, ўқитувчи-профессорлар уларга таълим беришмоқда. Ҳозир 200 нафарга яқин талаба кундузги таълимда таҳсил олаётган академияда йил охиригача 500 нафардан ортиқ ёшлар сиртқи таълимни бошлайдилар.
Ташриф буюрувчиларга маънавият ва маърифат маркази, электрон кутубхона, физика ва кимё фанлари бўйича лабораториялар, спорт комплекси, ётоқхона, ошхонадаги имкониятлар, таълим жараёнининг автоматлаштирилиши бўйича «Платформа» мажмуаси жорий этилгани манзур бўлмоқда.
Бундан ташқари, талабалар учун ўқув биносида бепул wi-fi (симсиз интернет), кутубхонанинг ўқув ва электрон заллари мавжуд бўлиб, электрон кутубхонадан масофавий ҳолда фойдаланиш мумкин. Асосий машғулотлардан сўнг талабаларнинг фанлар бўйича мустақил шуғулланишлари учун компьютер синфлари, лабораториялар ва махсус хоналар бор.
– Шубҳасиз, ҳозирги барча ислоҳотларнинг тагзаминида инсон қадрини улуғлашдек улкан мақсад мужассам. Касаба уюшмалари ҳам бевосита шу мақсад йўлида хизмат қилаётган асосий ташкилотлардан биридир. Шу ҳамда ижтимоий йўналишда ўтган йилларда амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам тўхталсангиз.
– «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури»нинг 69-мақсади – Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш бўлимининг иккита банди ижроси бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам фаол ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, 253-банд – Хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, бир қатор вазирлик, идоралар ва касаба уюшмалари томонидан «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони ҳамда 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Жорий йилнинг 1 мартида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада оширишга қаратилган чора-тадбирларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 2022 йил 7 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланди.
«Аёллар дафтари»ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш борасида Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари ва касаба уюшмалари ҳамда вазирлик ва идоралар вакилларидан таркиб топган Ишчи гуруҳи томонидан «Аёллар дафтари» бўйича Вақтинчалик тартиб такомиллаштирилиб, доимий тусга эга бўлган Низом ва «Аёллар дафтари» жамғармаси Низоми лойиҳалари ишлаб чиқилди. 2022 йил 31 мартда Вазирлар Маҳкамасининг «Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Жорий йилнинг май-октябрь ойлари давомида республика бўйича «Аёллар дафтари»га киритилган 626 минг 910 нафар (97,2 фоиз) хотин-қизга амалий ёрдам берилди. Жумладан, 210 минг 635 нафарининг бандлиги, 42 минг
709 нафарининг кредит олиши таъминланиб, ўз тадбиркорлигини бошлашига кўмаклашилди. Кредит олиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш лаёқатига эга бўлмагани сабабли кредит олишни рад этган 949 нафар хотин-қизнинг доимий бандлигини таъминлаш мақсадида 185 та тадбиркорлик субъектига шу аёлларни ишга олиш шарти билан 225 миллион сўмдан
1 миллиард сўмгача кредит берилди.
Боқувчисини йўқотган 173 минг 494 нафар, ижтимоий ёрдамга муҳтож
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тезкор тиббий муолажага муҳтож 119 минг 677 нафар, қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд 69 минг
998 нафар хотин-қизнинг ҳар бирига 1 миллион 200 минг сўмгача ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз 6 минг 442 нафар ва уй-жойга муҳтож 1 минг 125 нафар хотин-қизнинг ҳар бирига 600 минг сўмгача моддий ёрдам кўрсатилди.
Уй-жойга муҳтож бўлган 9 минг 448 нафар хотин-қизнинг уй-жой шароитларини яхшилаш чоралари кўрилди. Уларнинг 6 минг 596 нафарига турар-жой ижара тўловининг бир қисмини қоплаш учун компенсация тўлаб берилди, 2 минг 384 нафари арзон уй-жойлар билан таъминланди,
468 нафари ижтимоий уйларга жойлаштирилди.
Бундан ташқари, юқоридагиларга қўшимча равишда боқувчисини йўқотган 3 минг 973 нафар ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тезкор тиббий муолажага муҳтож 2 минг 459 нафар хотин-қизнинг уй-жойлари таъмирланди. Қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд 3 минг 952 нафар аёлнинг томорқадан самарали фойдаланишига кўмаклашилди. 203 минг 548 нафар хотин-қиз ва уларнинг 38 минг 492 нафар вояга етмаган фарзанди тиббий кўрикдан ўтказилди, 238 минг 573 нафарига ҳуқуқий, 206 минг 446 нафарига психологик кўмак кўрсатилди, 23 минг 702 нафарига деҳқончилик фаолияти билан шуғулланиш учун жами 5 минг 115 гектар ер майдони ажратилишига кўмаклашилди. 7 минг 732 нафарига ер майдонларини суғориш, иссиқхоналар қуриш, асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш ҳамда бошқа йўналишларда субсидиялар берилди. Олий ўқув юртида таҳсил олаётган 73 нафар хотин-қиз ва «Аёллар дафтари»дагиларнинг 15 нафар фарзандига контракт тўловининг бир қисми тўлаб берилди.
Кооперация усулидаги тадбиркорлик тажрибасини оммалаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ва секторлар раҳбарлари билан биргаликда жойларда 1 002 та лойиҳа ишлаб чиқилди ва уларнинг 924 таси ишга туширилди. Натижада 100 минг 588 нафар аҳоли, шундан 72 742 нафар хотин-қиз кооперация асосида иш билан таъминланди.
Шунингдек, Давлат дастури бажарилишида касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Федерация Ижроия қўмитасининг 2022 йил 7 февралдаги 6-44 «с»-сонли қарори билан «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури» ижросини таъминлашга кўмаклашиш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг дастури» тасдиқланди.
Дастурда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали хотин-қизларни, пенсионерларни ҳамда ёшларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, пенсия ёшидаги шахслар ҳамда корхоналарнинг собиқ ходимларидан 87 минг 895 нафари 67 миллиард 213,4 миллион сўмлик турли маҳсулотлар билан моддий қўллаб-қувватланди. 8 минг 58 нафар икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган ёш онага моддий ёрдам кўрсатилди. 52 минг 856 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатлари қисман қопланди.
2 минг 402 та нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 3 минг 847 нафар ёш болали аёлга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгилаш жорий этилди. Бу мақсадлар учун касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағлари ҳисобидан 15 миллиард 729,3 миллион сўм йўналтирилди.
Шунингдек, 20 025 та корхонада
53 676 нафар кам таъминланган ёш оила вакилига моддий ёрдам кўрсатилди.
1 019 та корхонада олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 2 406 нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга ўқув шартнома пулларининг қисман тўлови амалга оширилди. 803 та корхонада 1 460 нафар ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун фоизсиз cсуда ажратилди. 604 та корхонада
1 361 нафар ёш ходимга ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссуда берилди. Ушбу ишларга касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағлари ҳисобидан 53 миллиард 189,8 миллион сўм йўналтирилди.
Байрамлар арафасида «Мурувват» ва «Саховат» уйларида яшовчилар ҳолидан хабар олинди ва уларга жами 178 миллион сўмлик маиший жиҳозлар, кийим-кечаклар, гигиеник воситалар топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилишда, хизмат мажбуриятини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олинди.
– Президентимиз олиб бораётган инсонпарвар сиёсатнинг энг муҳим йўналиши – бу одамлар дардига қулоқ тутиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ўз вақтида ҳал қилишдир. Шу маънода, фуқаролар мурожаатлари ҳақида ҳам сўз юритсангиз. Бу борада касаба уюшмаларининг ўрни қай даражада кўриняпти?
– Дарҳақиқат, одамлар дардига дармон бўлиш – инсонийликнинг олий намунаси. Барчамизнинг фаолиятимизда бу бош мезондир. Рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2022 йилнинг тўққиз ойи давомида касаба уюшмаларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 3 минг 731 та, шундан 1 минг 664 та ёзма, 624 та оғзаки, 1 минг 177 та интернет тармоғи орқали электрон шаклда ҳамда 266 та «Ишонч телефонлари» орқали мурожаат келиб тушган.
Мурожаатларнинг 868 таси қаноатлантирилди, 2 минг 101 та мурожаат бўйича муаллифларга тушунтириш берилди. 163 та мурожаат рад этилди, ёзма шаклдаги 10 та мурожаат аноним деб топилиб, 69 та мурожаат Низом талабларига мувофиқ кўрмай қолдирилди.
Касаба уюшмаларига йўлланган, лекин мазмун жиҳатидан кўриб чиқиш касаба уюшмалари ваколатига кирмайдиган масалалар акс эттирилган 318 та мурожаат муаллифлари хабардор қилинган ҳолда ваколатли органларга юборилди.
Барча мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, 3 минг 944 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 8 миллиард 902 миллион 775 минг сўм зарар ундирилишига эришилди.
Ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашни сўраб иш берувчиларга киритилган 109 та тақдимноманинг 67 таси қаноатлантирилиб, қонун бузилиши ҳолатлари бартараф этилди. Иш берувчилар томонидан 42 та тақдимнома рад қилинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 1211 қисқа рақамли «Ишонч телефони»га бугунги кун ҳолатига 130 минг 380 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларда кўтарилган муаммолар билан жойида танишиб чиқиб, уларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш учун жами мурожаатлар тегишлилигича вазирлик, идора ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига йўналтирилди ва ижроси назоратга олинди. Ушбу мурожаатларнинг 99,1 фоизи қонуний, шундан 50,4 фоизи ижобий ҳал этилди.
Тизимдаги санаторийларда 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларидан 293 нафари давлат бюджетидан бепул даволанди.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган пенсионер, шунингдек, касаба уюшмаси аъзоларининг пенсионер ота-оналаридан 5 минг 451 нафари имтиёзли равишда соғломлаштирилди. Бунга касаба уюшмалари маблағидан 16 миллиард 939,8 миллион сўм сарфланди.
Ишлайдиган кексалардан 244 нафари, кам таъминланган, кўп болали, олис ва чекка ҳудудларда, мураккаб иқлим шароитида яшовчи оилаларнинг
183 нафар аёллари, фарзанд кўрмаган ёш оилаларнинг 151 нафар ишлайдиган аъзолари, тиббиёт муассасалари ходимларидан 81 нафари, таълим ходимларидан 3 минг 970 нафари, «Саховат» интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатидаги кексалардан 73 нафари, профилактика инспекторларидан 72 нафари бепул соғломлаштирилди. Ушбу мақсадлар учун жами 11 миллиард 509,2 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Бу борадаги ишлар бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади.
– Бугунги кунда ички туризмни ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда. Бу борада касаба уюшмаларининг зиммасида ҳам вазифалар етарли. Айниқса, ички туризмни ривожлантириш, мамлакатимизда зиёрат туризмининг имкониятларидан унумли фойдаланиш борасида тажрибалар бисёр. Бу борадаги натижалардан ўзингиз қанчалик қониқиш ҳосил қилмоқдасиз?
– Дарҳақиқат, туризм иқтисодиётимизнинг, мамлакат равнақининг ўзига хос драйверларидан бирига айланди. Очиғи, сўнгги беш-олти йилда бу соҳанинг бир қадар ҳадисини ҳам олдик, деб айта оламиз. Муҳими, ички туризм ривожланиши баробарида минглаб ҳамюртларимиз она ватанимизни янада яқинроқ танимоқда. Унга муҳаббати ошмоқда. Умрида ўз вилоятидан ташқарига чиқмаган қанчадан-қанча юртдошларимиз Самарқанду Бухоро, Хива-ю Шаҳрисабзда бўлиб, олам-олам таассуротлар билан қайтаётгани аслида катта қувонч бағишлайди бизга. Қолаверса, юртимизда нафақат тарихий шаҳарлару табаррук қадамжолар, балки ўз табиати, таровати билан барчани лол қолдирувчи иқлими сўлим ва баҳаво Зомин, Бахмал, Бўстонлиқ, Янгиобод каби яна кўплаб масканлар борки, мазкур ташаббус туфайли меҳнаткашларимиз у ерларда ҳам бўлишиб, кўнгилли ҳордиқ чиқаришмоқда, саломатликларини тиклашмоқда. Бир сўз билан айтганда, Президентимиз ташаббуслари билан соҳа жадаллик билан олдинга қадам ташламоқда. Биргина Самарқандни олинг, беш-олти йил аввал азим кентда шунча одам бўлармиди? Ҳозир, айниқса, дам олиш кунлари ёки байрамларда шаҳарга бориб кўринг, ўзингизни одам энг тирбанд жаҳоннинг туризм гигантида юргандек ҳис этасиз… Буларнинг ҳаммаси бизнинг меҳнаткашларни юрт билан, унинг қадимий обидалари, бой меросимиз билан ошно этиш, Ватанни танитиш ва шунинг баробарида уларга маданий ва маърифий қувват беришдек ишларимизга ҳам қанот бўлаётир.
Буни рақамлар ҳам кўрсатиб турибди, албатта.
2022 йилнинг тўққиз ойи давомида 237 минг 975 нафар меҳнаткаш ва уларнинг оила аъзолари учун мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига ҳамда ўз ҳудудларидаги тарихий қадамжоларга, диққатга сазовор жойларга саёҳатлар уюштирилди.
Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 17 минг
325 нафар ишчи-ходимнинг Урганч, Хива ва Тошкент шаҳарларига саёҳати ташкил этилди.
Ходимларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни бой маданиятимиз ва тарихий меросимиз билан яқиндан таништириш мақсадида жами 217 минг 108 нафар ходимнинг маданий-эстетик ҳордиқ чиқариши учун маданият муассасаларига ташрифи ташкил этилди.
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб 11 минг 28 нафар эҳтиёжманд оила фарзандлари ҳамда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари учун музейлар, театр, маданият ва истироҳат боғларига бепул ташрифлари уюштирилди.
Шу йилнинг февраль-март ойларида «Темурбеклар мактаби» ва «Ёш чегарачилар» ҳарбий-академик лицейларининг 1-2-босқич ўқувчилари ўртасида «Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз!» мавзусида иншолар танлови, 2022 йилнинг май ойида олий таълим муассасаларининг бакалавр таълим йўналиши талабалари ўртасида «Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!» шиори остида республика эсселар танлови, июнь ойида эса республикадаги олий ва ўрта махсус ислом таълими муассасалари талаба-ўқувчилари ўртасида «Ватанни севмоқ иймондандир» мавзусида иншолар танлови ўтказилди.
Барча танловлар республика босқичи иштирокчилари ва ғолиблари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тақдирланди. Ёшларнинг парламент вакиллари, илм-фан арбоблари, олимлар ва ёзувчилар, зиёлилар, Тошкент шаҳридаги Inha университети, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси фаоллари билан учрашувлари ўтказилди. Улар Мудофаа вазирлиги Қуролли Кучлар давлат музейи, «Ғалаба боғи» ва унда жойлашган «Шон-шараф» музейи, «Тошкент сити», Конгресс-холл, «Humo Arena» мажмуалари, «Янги Ўзбекистон» боғи билан танишдилар.
Шунингдек, республикадаги олий таълим муассасалари талабалари ўртасида «Меҳнат ҳуқуқи ёшлар нигоҳида» танлови ўтказилди ва ғолиблар тақдирланди.
Меҳнат жамоаларида «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» бўйича қабул қилинган Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида «Маърифат соатлари», давра суҳбатлари ва махсус маърузалар ташкил этилди.
Давлат дастури асосида шакллантирилган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» дастури ижроси учун касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағларидан жами 294 миллиард 453,7 миллион сўм (касаба уюшмалари маблағларидан 169 миллиард 613,3 миллион, иш берувчилар маблағларидан 124 миллиард 840,4 миллион сўм) йўналтирилди.
Биз келгусида бу борадаги ишларимизни тизимли равишда жадал давом эттирамиз. Зеро, аҳоли меҳнат муносабатларида меҳнаткашлар манфаатларини ҳамиша ҳимоя қилишга, уларни қўллаб-қувватлашга тайёр касаба уюшмалари борлигини ўз ҳаётида сезсин, ҳис қилсин.
– Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат!
Суҳбатдош:
Ҳусан ЭРМАТОВ
«Ishonch» ва «Ishonch-Доверие»
газеталари Бош муҳаррири



