Бошланғич мактабда ўқиб юрган кезларим отамнинг кутубхонасидаги айрим китоблар ва мақолаларнинг қирқма нусхалари мени қизиқтира бошлаган. Чунки улар мен учун мутлақо нотаниш араб имлосида ёзилган эди. Шу қирқма мақолалардан бири, отамнинг айтишларича, эски танбур нотаси ҳақида экан. Шу вақтгача Шарқда ижод қилинган куй ва қўшиқларни нотага ёзиб олиш маданияти бўлмагани боис мен бу мақолага қизиққандан қизиқдим. Орадан анча йиллар ўтгач, маълум бўлдики, бу мақола атоқли ўзбек рассоми, китоб наққоши Искандар Икромов қаламига мансуб экан.
Искандар Икромов 1904 йил 15 апрелда Тошкент шаҳрининг Эски Жўва мавзесида дунёга келган. У Ғафур Ғулом, Ойбек ва Ғози Юнус билан «тепишиб» катта бўлган ва бу унинг, яъни ҳаваскор рассомнинг китоб наққоши сифатида танилиб, шуҳрат қозонишида муҳим омил бўлган.
Искандар Икромовнинг отаси Шоикром қори тақводор кишилардан бўлган эса-да, нозиктаъб ўғлининг рассомлик соҳасини танлашига монелик қилмаган. Бўлажак рассом 1923 йил Эски Жўвадаги 1-босмахона биносида очилган Туркистон музофоти расм мактабида таҳсил олган. «Расм ишлашни эндигина ўрганиб келаётган пайтимда, – деб ёзган эди рассом, – айниқса, карикатура чизишда малакам йўқлигига қарамай, «Муштум» муҳарририятининг раҳбарлари – муҳтарам Абдулла Қодирий ва Ғози Юнусларнинг далдаси билан 1923-24 йилларда «Муштум»нинг баъзи сонларида менинг илк карикатураларим чиқа бошлади».
Искандар аканинг Шоисматулла деган амакиси бўлган. Бу муҳтарам зот 1917 йилгача Қозон, Оренбург, Уфа, Боку сингари шаҳарларга бориб, ўша ерларда нашр этилган ва ўзбек жадидлари кўзларига суртиб ўқийдиган «Мулла Насриддин», «Шўро», «Вақт», «Иқбол» сингари газета ва журналлар, адабий-бадиий асарлар, дарслик ва ўқув қўлланмаларини олиб келиб, уларнинг тошкентлик зиёлилар ўртасида тарқалишига сабабчи бўлган. У кишининг Чорсуда «Иршод» номли шинамгина китоб дўкони бўлиб, нафақат кундуз кунлари, балки тун пардаси тушганидан кейин ҳам, «газфонар» ёқилгач, у ердан китоб «жинни»лари асло аримаган.
Искандар Икромов ўқишдан бўшаган вақтларида шу ерга келиб, дўкончадаги китоб ва анжомларни тартиб билан теришни, китобларнинг муқоваси ва ҳажмидан келиб чиқиб, кўргазма ясашни хуш кўрар, унинг нозик дид билан бажарган ишлари амакисига жуда ёқар эди. Эски шаҳардаги бу маданий марказ Хислат, Тавалло, Мискин, Абдулла Қодирий, Ғулом Зафарий, Сулаймон Хўжаев сингари казо-казолар билан доим гавжум бўлган.
Искандар Икромов ҳикояси: Бир куни дўконга қорачадан келган, йўл-йўлли оқ беқасам кийган, ўрта бўйли бир киши кириб келди. Амаким дўконда эди. Улар қуюқ сўрашгач, курсида ўтириб, бироз суҳбатлашдилар ва ҳалиги киши икки-учта китоб харид қилиб, хайрлашиб чиқиб кетди. Бироздан сўнг дўконни сотувчига қолдириб, амаким билан уйга қайтдик. Йўлда амаким ҳалиги қорачадан келган киши Абдулла Қодирийлигини айтди…
1923 йилнинг февраль ойида «Муштум» журнали нашр этила бошлади. Қодирийнинг ҳажвий ва саргузашт асарлари журналнинг асосий материали ҳисобланарди. Ўша вақтларда ҳаваскор ижодкор сифатида «Зулқарнайн» тахаллуси билан «Муштум»га қатнашар, кичик-кичик лавҳалар ёзар эдим. Сўнгра журналга карикатуралар ишлай бошладим. Шу жараёнда оз-оз бўлса ҳам Абдулла аканинг суҳбатларига мушарраф бўлдим.
Абдулла ака кўп гапирмасди, аммо маънодор сўзларди. Рассомликка бўлган қобилиятимни кўриб, санъатнинг бу турини қунт билан ўрганиш учун Ленинград ёки Москва шаҳарларига бориб ўқишни маслаҳат берди. Шундай ҳам бўлди…
Искандар Икромов 1924 йил Москвага бориб, Олий давлат бадиий-техник устахонага ўқишга киради. Аммо у ердаги ўқув жараёнидан қониқмай, 1925 йил Ленинграддаги Бадиий академия қошидаги Давлат бадиий саноат техникумига ҳужжат топширади ва уни 1929 йили муваффақият билан тугатади. У ватанига «китоб санъати техник рассоми ва тасвирий санъат муаллими» бўлганини тасдиқловчи диплом билан қайтади. У Ўзбекистон давлат нашриётининг графика бўлимига мудир вазифасига тайинланади. Искандар Икромов дипломли биринчи ўзбек рассоми бўлган.
Дўстининг бундай катта муваффақиятидан қувонган Ойбек «Аланга» журналида эълон қилинган (1929 йил, 11-сон) «Биринчи қалдирғоч» номли мақоласида шундай ёзган эди: «Ўзбеклар орасидан етишиб чиққан биринчи полиграф санъаткори – китоб доктори (рассоми) ўртоқ Искандар ишига севги ила ёпишганлиги маълум. Кенг ижодиёт соҳасига энди қадам қўяётган ўртоқ Искандарнинг мактаб доирасида бажарган ишларида ҳам катта умидлар бахш этувчи нарсалар бор. Рассомимизнинг самимияти, оригиналлиги асарларининг ҳар бир чизиғидан мўралайди. Искандар ҳар бир рассом каби чизиқларнинг, рангларнинг сирини кўп яхши англайди. Чизиқ ва рангларга ҳаёт киргизади».
Шу ўринда рассомнинг шогирди, санъатшунос Нелли Зиганшинанинг устози ҳақидаги қуйидаги фикрларини ҳам келтириб ўтиш жоиз. «Полиграфия ишлаб чиқариш техникасини чуқур ўзлаштирган рассом, – деб ёзади у «Бир учрашув тарихи» номли ёдномасида. – Илк амалий қадамлариданоқ нашр маданиятини кўтаришга киришди».
Рассомнинг «Расм ўрганиш қўлланмаси», «Ўзбекча алифбе безаш қўлланмаси», «Ўзбекча расмлик алифбе», «Китоб ва газеталар қандай босилади?», «Ҳарф ёзишни ўрганиш» каби қўлланмалари ёш рассомлар ва китоб безовчилар авлодининг шаклланишида муҳим роль ўйнаган.
Чингиз Ахмаров ҳикояси: 1928-1930 йилларда мен Самарқандда яшардим. Ўша ердаги педагогика курслари ҳамда мактабларда дарс берардим. Бу ишда менга Искандар Икромов ёзган мақола, қўлланма ва китоблар жуда қўл келган…
1932 йилнинг бошларида мен расмларимни кўтариб, Тошкентга жўнадим. Ниятим – график рассом бўлиб, китобларни безаш эди. Самарқанддан Тошкентга жўнаш арафасида Елена Каравай деган аёл рассом Искандар Икромовга тавсиянома ёзиб берди…
У кишининг хонаси «Ўздавнашр»нинг биринчи қаватида жойлашган экан. Искандар ака мен билан ниҳоятда самимий сўрашдилар. Мен Елена Каравай ёзган мактубни бердим. У киши мактубни диққат билан ўқий бошлади. Мен у кишини оҳиста кузатдим. Ўшанда менинг рўпарамда юксак маданиятли киши ўтирганини чуқур ҳис қилдим…
Искандар ака билан қадрдонлигимиз унинг сўнгги кунига қадар давом этди…
Нозик дидли, ажойиб инсон Искандар ака ўзбек графика санъатининг карвонбошиси эди.
1937 йил Москвада ўзбек санъати декадаси ўтказилган. Шу маданият байрами арафасида театр арбоблари олдига Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достони асосида мусиқали драма спектакли яратиш вазифаси қўйилди. Спектаклга ёзилган мусиқа республика раҳбарларига манзур бўлди шекилли, уларнинг истаклари билан мусиқали драма партитураси нашр этиладиган бўлди. Бу китоб шу вақтгача нашр этилган муҳташам китоблардан миллий безаклари билан кескин ажралиб туриши лозим эди. Икромов шу вақтгача орттирган тажрибаси ва бадиий изланишларини партитура муқовасига сафарбар қилиб, ўз ижодида янги саҳифа очди.
Искандар Икромов ҳикояси: Шуни айтиш керакки, 40-45 йилларгача китоб графикаси билан шуғулланувчи профессионал рассомларнинг, Алишер Навоий даври санъати услубини қунт билан ўрганган рассомларнинг йўқлиги туфайли катта қийинчилик бўлди.
1941 йил уруш бошланди. Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейи вақтинча тўхтатилса ҳам Навоий асарлари нашр этилаверди. Урушдан сўнг нашр ишлари яна ҳам кенгайтирилди. Жумладан, Порсо Шамс ва бошқа домлалар томонидан нашрга ҳозирланган Навоий асарларининг 12 томлиги, Олим Шарафиддиновнинг «Алишер Навоий» монографияси, Ҳоди Зарипов билан ҳамкорликда ишланган турли плакатлар ва варақаларга бадиий шакл беришда иштирок этдим.
1955 йили каминага Алишер Навоий асарлари юзасидан шарафли вазифа топширилди. У ҳам бўлса, муҳтарам дўстимиз Ҳамид Сулаймоновнинг катта ғайрати билан нашрга тайёрланган 4 томлик «Хазойин ул-маоний»нинг бадиий бир шаклга солиниши эди. Асар ҳажм жиҳатидан қанча салобатли бўлса, унинг бадиий безалиши ҳам шунга яраша бўлади. Бу иш Иттифоқда чиққан гўзал китоблар танловида диплом билан тақдирланди.
Ижодий фаолиятимда 1960 йилда яна бир қувончли воқеа рўй берган. Шу йили хорижда китобларнинг бадиий безалиши юзасидан катта танлов эълон қилинганди. Бу танловга ер шаридаги барча мамлакатлардан рассомлар чақирилиб, Германиянинг Лейпциг шаҳрида симпозиум ўтказилган. Бу танловда иштирок этиш учун Навоий асарларига мурожаат этдим. Ишимни Шарқ қўлёзмаларини бадиий безаш услубида амалга оширдим ва у Лейпциг шаҳрига юборилди. Мен бу ижодий асарим учун танлов лауреати дипломи ва медалига сазовор бўлдим.
Алишер Навоий асарларини бадиий басталаш менинг севимли ва доимий ишим бўлгани сабабли Навоий лирикасига бағишлаб бир асарни тайёрладим ва уни Бутуниттифоқ кўргазмасига юбордим. Бу асарнинг асл нусхаси Канаданинг Монреал шаҳрида (1967 йил, октябрь – Н.К.) ўтказилган кўргазмада намойиш қилинди.
Ҳаёт саҳифалари. Катта ижодкорларнинг ҳаёти асосан ижод билан ўтади. «Ўткан кунлар»ни ўқиб тугатган китобхон учун Абдулла Қодирийнинг қаерда таҳсил олгани ёки қаерда ишлагани мутлақо аҳамиятсиз. Худди шунингдек, Искандар Икромовнинг ижоддан ташқаридаги ижтимоий ҳаёти ҳам кўпчиликни қизиқтирмаслиги мумкин. Шунга қарамай, унинг 30-йилларда Самарқанддаги педагогика техникуми ва бошқа ўқув юртларида ўқитувчи бўлиб ишлагани, 1959-1965 йилларда Ўзбекистон Рассомлар уюшмаси раиси, СССР Рассомлар уюшмаси котиби, собиқ иттифоқ ва республика миқёсидаги нуфузли қўмита, илмий, бадиий ва методик кенгашларга аъзо бўлганини айтмаслик, у амалга оширган меҳнатнинг бир қисмини яшириш демакдир. Шунингдек, атоқли рассомнинг ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асари безаги учун 1956 йилда иккинчи даражали диплом, 1970 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон республикалари бўйича энг яхши китоб ва журнал безаклари учун ўтказилган танловда 1-даражали дипломга сазовор бўлганини ҳам яшириш муаллифлик этикасига тўғри келмайди.
Энг муҳими, И.Икромов китоб графикасини санъат даражасига кўтариб, ўзбек миллий китоб санъати палитрасини нақш усуллари билан бойитди.
Ҳаёт бор экан, ўлим ҳам бор. Ўзбек халқининг ардоқли фарзандларидан бири, машҳур китоб наққоши Искандар Икромовнинг юраги 1972 йил 6 ноябрда уришдан тўхтади. Санъат мухлислари ҳали-ҳанузгача унинг қутлуғ номи ва ижодий фаолиятини ҳурмат билан ёдга олишади.
Софияхоннинг ёдномаси: Баҳор ёмғирларидан сўнг отам кўпинча айвонга чиқиб, мовий осмонда ғалати шаклларга айланаётган булутлар галасини жимгина кузатиб ўтиришни яхши кўрарди. Бу шунчаки дам олиш ёки хаёлга чўмиш эмас, балки, бизни ўраб турган теварак-атрофнинг бой, бетакрор рангларини илғаш онлари эди. Ва албатта, нозик кузатиш бошқа ҳолатларда ҳам давом этар, табиат лавҳалари, оний лаҳзалар қоғозда жонланар, кейин улар сайқал берилган бадиий-график асарлар, китоблар, альбомлар, буклетлар саҳифаларига кўчиб, иккинчи умрини яшар эди.
Отам тоққа саёҳатга чиқишни яхши кўрарди. Бироқ ёлғиз эмас, оила, болалар билан жамулжам ҳолда чиқарди.
Табиат билан тиллашган одамнинг руҳий дунёси ўзгача бўлади. У беғуборлик, ҳалолликка интилади. Орадан анча йиллар ўтиб, улғайганимиздан кейин англадимки, отамиз эстетик дидимизни шу тарзда тарбиялаган, инсоний хислатларни умрлари мобайнида аста-секинлик билан бизга сингдирган эканлар…
* * *
Софияхоннинг самимият ва отасига нисбатан ҳурмат туйғулари чақнаб турган бу сўзларидан кейин нима ёзсам ҳам ортиқча бўлиб кўриняпти. Демак, шу ерда мақолага нуқта қўйиш лозим.
«Эски танбур нотаси ҳақида ёзиш эсингиздан чиқди», деяпсизми? Йўқ, эсдан чиққани йўқ. Бу мавзуга кейинроқ қайтамиз…
Наим КАРИМОВ,
академик



