Хабарингиз бор, бугун мактабгача таълим вазирлигида 2017-2022 йиллар давомида амалга оширилган ишлар юзасидан вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ва ОАВ учун очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда вазир Агриппина Шин, унинг барча ўринбосарлари ва бошқарма бошлиқлари, Жамоатчилик кенгаши раиси ва аъзолари, журналист ҳамда блогерлар иштирок этди.
Тадбир аввалида ўтган беш йил давомидаги муҳим ўзгаришлар, хусусан, тизимда қамров масаласида яхши натижага эришилгани, яъни 2017 йилдаги 27,7 фоиздан 2022 йилга келиб, 69,5 фоизга ўсиш кузатилгани ҳақида сўз юритилди. Беш йил олдин 708 минг нафар бола боғчаларга қатнаган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 2. 820.161нафарга етган.
Юртимизда 28 842та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, уларнинг 6530 таси давлат, 22312 таси эса нодавлат мақомига эга. Болаларни боғчаларга қамраб олиш бўйича ҳудудлар кесимида Қорақалпоғистон, Андижон ва Бухоро вилоятлари етакчилик қилаётган бўлса, Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида бу республика кўрсаткичидан паст.

Мулоқотда озиқ-овқат, коррупция, ходимларнинг билим ва малакасини ошириш, ойлик маош каби масалаларда қизғин савол-жавоблар бўлиб ўтди. Жумладан, бу сафар ҳам журналистлар томонидан тарбиячилар маошини ошириш масаласи кўтарилганда, вазирлик тегишли юқори органларга таклиф билдиргани, аммо ҳозирча жиддий янгилик бўлмаётгани, бу фақат вазирликка боғлиқ иш эмаслиги таъкидланди.
Тадбирда, шунингдек, МТТ тизимида 2022 йил давомида 380 та коррупцион ҳолат аниқлангани ва уларнинг иши бўйича материаллар судга оширилгани ҳам очиқланди.
Мулоқотда Ishonch. uz мухбири Мактабгача таълим вазирлигининг овқатланиш масалалари бўйича масъулларидан давлат боғчаларида шу кеча-кундузда болаларнинг бир кунлик овқатланиш харажатларига ойдинлик киритишни сўради. Ушбу саволга жавоб берар экан, вазирлик масъули Сардор Мирзакаримов 2021 йилдан эътиборан республикамиз бўйича барча давлат боғчаларида бир хил меню асосида овқатланиш ташкил этилаётганини айтиб ўтди.
Унинг таъкидлашича, туман ва шаҳар ҳокимликлари республика бўйича белгиланган меню асосида ўз ҳудудларидаги нарх-наводан келиб чиқиб, харажатларни белгилайди. Унга кўра, ҳозирда битта боғча боласи учун овқатланиш харажати ўртача 14 минг сўмни ташкил қилмоқда. Сардор Мирзакаримовнинг айтишича, боғчага қатнаётган болалар бир кунда уч маҳал тўлиқ ва бир маҳал енгил таомланадилар. Менюнинг 70-80 фоиз қисми оқсилли маҳсулотлардан иборат.
Дарвоқе, тадбирда ноябрь ойида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган халқаро конференциянинг Ўзбекистонда муваффақиятли ўтгани, “Тошкент декларацияси”нинг аҳамияти ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Масъулларнинг таъкидлашича, дунё давлатларидан 1,5 минг нафар меҳмон ташриф буюрган ушбу тадбирга 19 миллиард сўм маблағ сарфланган.
Зебо НАМОЗОВА,
“Ishonch”

