Урганч шаҳрида икки қаватли замонавий китоб саройи фаолият бошлади. Аҳамиятли жиҳати ушбу маскан ҳам кутубхона, ҳам китоб дўкони вазифасини ўтайди.
Кутубхона Wi-Fi тармоғига уланган, замонавий техника воситалари билан жиҳозланган. Асосийси, ўқувчи китобни уйига олиб кетиб ўқиш имкониятига ҳам эга. “Билим хазина” корхонаси томонидан Хоразм халқига армуғон этилган кутубхонада юз мингдан зиёд бадиий, илмий, диний, мутахассисликка доир, болаларга мўлжалланган ва бошқа йўналишлардаги китоблар жамланган.
Кутубхонанинг 2-қаватидаги электрон ўқув зали Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Маҳмуд Замахшарий номли Хоразм вилоят Ахборот-кутубхона маркази билан боғланган. Шунингдек, мажмуада иссиқ чой, кофе, табиий шарбатлар савдоси йўлга қўйилган
Ҳар қадамда кафе, гўзаллик салони ва дўкон учрайдиган шаҳарларимизда бундай кутубхоналарнинг ҳам пайдо бўлиши қорин ғамидан ҳам муҳим истаклар борлигини англаган тадбиркорлар синфи шаклланаётганини англатади. Маскан китобсеварлар билан гавжум бўлади деган умиддамиз.



