Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тизимидаги “нотўғри пирамида шакли” бартараф этиладими?

92

Сал олдинроқ АОКАда маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича Президент фармони ва қарори мазмун-моҳияти бўйича қатор вазирлик, идора ходимлари билан ташкил этилган анжуман ҳақида хабар берган эдик. Унда мутасаддилар журналистларнинг қатор саволларига жавоб берди.

Жумладан, тадбирда қатнашган Ishonch.uz сайти мухбири айрим вазирлик ва қўмиталарда республика, шаҳар, туман ва унинг энг қуйи бўғинида кадрлар сони нотўғри тақсимланганини айтиб, бунга мисол тариқасида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини келтирди. У тизимда иш ҳажми энг кўп бўлган қуйи бўғинда бир донагина кадр ишлаши, бироқ юқори бўғинга кўтарилган сари ходимлар сони кўплиги, натижада самарадорлик яхши бўлмаётганини таъкидлаб, «Ҳозирги жараёнда бу каби муаммолар инобатга олинадими?» дея савол берди.

Ушбу саволга Адлия вазири Акбар Тошқулов қуйидагича жавоб берди:

– Албатта, “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг тўртинчи иловасига асосан Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси қайтадан ташкил этилиб, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузурига ўтказилди. Албатта, механизм мавжуд, бу қўшилиш ортидан тизим йўқолиб кетмайди. Ички тизилмасида сиз айтаётгандек муаммолар ҳозирги жараёнда кўриб чиқилмоқда ва уларга ўзгартиришлар киритилади.
Бундан ташқари, вазирга шундай ваколат бериляптики, энди у ўзи соҳага масъул шахс сифатида ички тузилманинг қайси қисмида қанча ходим ишлашини ўзи белгилайди. Яъни, юқори органида кўп одам ишлайдими ёки қуйи бўғинида кўп ходим ишлайдими, ўзига ҳавола. Чунки натижадорликка вазир жавоб беради. Демак, натижадорлик учун вазир ҳаракат қиладиган бўлса, керакли жойга одамларни қўйишни ҳам ўзи ҳал қилади.