Соғлиқни сақлаш вазири лавозимида иш бошлаган Амрилло Иноятов бошчилигида вазирлик марказий аппарати ходимлари, барча ҳудудий бошқармалар ҳамда туман тиббиёт бирлашмалари, ихтисослаштирилган марказлар ва тиббиёт олий ўқув юртлари масъуллари иштирокида кенгайтирилган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
“Ишга жойлаштириш, туғруқхоналардаги “суюнчи пули”, “кесарча кесиш” учун белгиланган “ставка”лар, тиббий йўлланма беришдаги таниш-билишчилик каби иллатлар мавжудлигини ҳамма билади. Афсуски, шу ишларни амалга ошираётган айрим нопок шахслар туфайли бутун тизим шаънига доғ тушмоқда”, — дейди вазир.
Бунинг учун ишонч телефонлари ташкил этилиши, улар орасида вазирнинг шахсий телефон рақами ҳам бўлишига ваъда берилди.
Айтилишича, “Узлуксиз касбий таълим академияси”ни ташкил этиш орқали малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизими 11 та институт, 23 та ихтисослаштирилган марказ, 26 та кўп тармоқли клиника ва хусусий муассасада йўлга қўйилади.
Малака тоифасини беришда инсон омили аралашмайдиган, шаффоф, 3 босқичли янги тизим жорий этилади.
“Таълим йўналишидаги бюрократик тўсиқларга барҳам берилади. Жумладан, методик қўлланмалар, монографиялар, услубий қўлланмалар, илмий ишларга хулосалар беришни вазирлик томонидан тасдиқлаш тизими бекор қилиниб, бу борадаги барча ваколатлар ОТМ ва ихтисослаштирилган марказларга берилади.
2023 йил 1 апрелдан бошлаб, малака тоифаси олиш бўйича тақдим этиладиган ҳужжатларни Давлат хизматлари марказлари орқали фақат электрон шаклда қабул қилиш тартиби жорий этилади. Малака тоифа сертификатлари QR-код қўйилган ҳолда электрон шаклда расмийлаштирилади. Кейинги йилдан бошлаб фармацевтика ва тиббиёт ходимлари фаолиятини босқичма-босқич лицензиялашга ўтамиз, — деди А.Иноятов”.
Вазир тиббиётда етакчи бўлган хорижий университетлар дарслик ва илмий ишлари асосида ўзбек ҳамда қорақалпоқ тилларида янги авлод тиббий адабиётлари яратилиши, талабаларнинг назарий ва амалий билим-кўникмаларини баҳолаш бўйича икки босқичли янги тизим жорий этилиши ҳақида ҳам айтиб ўтди.



