Тайёргарлигингиз шуми?

90

Тошкент шаҳар ҳокимлигига!

Бир ҳафтадирки, ҳамма жар солди: аномал совуқ келяпти!
Унга жавобан мутасаддилар «тайёргарлик кўряпмиз» деган мазмунда чиқишлар қилди: «Бунча техника тайёрладик, бунча бригада шакллантирдик».

Мана ўша вақт ҳам келди. Қор ёғди. Қор ва лойли кўчалар, йўл юзига қулаб ётган дарахтлар, белкурак билан қор кураётган ободонлашлаштириш ходимлари…
Мана Тошкент шаҳрининг бугунги манзаралари.
Пойтахт кўчаларида юрган киши тайёргарликнинг «Т» ҳарфинигина кўради, холос. Йўллар расво, сирпанчиқ, машина ғилдираклари суриб ифлослантирган қор уюмларини курайдиган бирон техникани кўрмадик. Кунимиз яна ўша доимгидек фаррошларга, ободонлаштириш ходимларига қолган. (Катта йўл ёқасида қор кўраётган аёлларни кўриб, наҳотки XXI асрда яшаётган бўлсак, деган фикр кимнинг хаёлига келмайди дейсиз). Шаҳар ҳокимлиги «ички кўчаларгача тозалаймиз» деганга ўхшаш ваъдалар берганди. Аммо ички йўлларни-ку қўяверинг, марказий йўлларда ҳам аҳвол жуда ёмон…
Хуллас, доимгидек ваъдалар…
Дарвоқе, ҳали аномал совуқ бошланмади. Иқлимшуносларнинг айтишича, бугун кечаси ҳарорат -21 даражагача тушади. Бу дегани бугунги лойли кўчалар эртага музлаган, сирпанчиқ йўлларга айланади.
Энерготизим ҳақида эса эртага гаплашамиз.

Гулрух Одашбоева