Физика-математика фанлари доктори,
академик Абдулла АЪЗАМ билан суҳбат
– Устоз, сизнинг ижодингиз илм-фан ва таълим-тарбия билан чамбарчас боғлиқлиги боис дастлаб шу хусусдаги мулоҳазаларингизни билмоқчиман. Яъни мамлакатимизда илм-фан ривожи мутараққий давлатлар «қаричи» билан ўлчанса, қандай ўрин тутади? Илмга доир анъаналаримиз охирги ўн йилликда қандай эди-ю бугун қандай?
– Ўта мураккаб ва ўта муҳим савол бердингиз. Бундай дейишимнинг сабаби – фаннинг қамрови ниҳоятда кенгайиб, улкан чинордай шохлаб кетган. Шунинг учун турли соҳаларда, мамлакатимиз илмий муассасаларида қандай тадқиқотлар олиб борилаётгани билан танишиб улгуришнинг, «Хорижга қиёслаганда ундай ёки бундай», деб қозилик қилишнинг иложи йўқ. Шунга қарамай, имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қиламан.
Математика соҳасидаги илмий тадқиқотлар даражаси юқори эканлигини эътироф этиш жоиз. Бунга далиллар кўп. Жумладан, иқтисодий тараққиётда дунё бўйича юқори 50 таликка кирадиган давлатларнинг аксариятидаги тадқиқотлар даражасидан баландроқ. Айни чоғда уни янада юксалтириш имкониятлари ҳали олдинда.
Бу борада иккита орзуим бор. Биринчиси – бизнинг ўқувчиларимиз ҳам халқаро математика олимпиадасида (ХМО) олтин медаль олсалар, фақат бир марта эмас, мунтазам равишда деярли ҳар йили 1-2 тасини қўлга киритсалар, дейман. Айни мақсадда Президентимиз кўрсатмаси билан собиқ Халқ таълими, ҳозирги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузурида махсус департамент ташкил этилиб, зарур шарт-шароит яратилмоқда. Демак, яқин йилларда бу армонимиз ушалса, ажабмас. Иккинчи орзуим – математика соҳасида 40 ёшгача бўлган кишиларга бериладиган энг олий халқаро мукофот, яъни Фильдс медали билан тақдирланадиган ёшлар ҳам пайдо бўлса. Таъкидлаш жоизки, бу мукофот соҳиблари асосан ХМО ғолибларидан иборат.
Умуман, фаннинг бугунги ҳолати ҳақида фикр юритганда, бир жиҳатни алоҳида эътиборда тутиш лозим. Юртимиздан буюк алломалар етишиб чиққан даврдаги фан билан замонавий фанни мутлақо қиёслаб бўлмайди. У даврларда бўлғуси олимнинг 100 тача китоб ўқиб, 10 тачасини чуқур ўзлаштириши оламшумул илмий ютуқларга эришиши учун етарли ҳисобланган. Ўша ўнтага яқин китобдаги билимларни ўзлаштириш ҳам қийин кечмаган. Ҳозир эса бўлажак кучли олимларни мактабда 5-6-синфдан бошлаб тарбияламасак, кеч бўлади. Тўғри, фарзандларимиз орасида ўта салоҳиятлилари кўп, аммо пахта монокультураси сиёсати бошланган даврдан яқин-яқингача таълим «ўгай» соҳа бўлиб келди. Мен ўша кезлар навоийшунос буюк академикнинг ҳовлиси маҳалласидаги энг хароб гўшага айланганини ўз кўзим билан кўрганман.
Бугун таълимга ҳам, фанга ҳам эътибор бутунлай ўзгарган, аммо у самара бера бошлаши учун йиллар керак. Масалан, майли, ҳар бир мактабда демайлик, жилла қурса, ҳар бир туманда икки-уч нафар кучли математика ўқитувчиси бўлиши лозим. Бу фикр бошқа фан соҳаларига ҳам тегишли.
– Холисона айтинг-чи, бизнинг Ғарб илм-фани ва маърифатига оғишимиз сабаблари нимада? Қолаверса, нега йўл қўйилаётган хатоларни атрофлича таҳлил қилмай, кўр-кўрона инкор этаверамиз?
– Моддий олам тўғрисидаги фанлар XVI аср охиридан эътиборан (Галилей даҳоси туфайли) Европада жадал ривожланиш йўлига ўтди ва изчил юқорилай бошлади. Шарқда эса шу даврдан фанда инқироз бошланиб, ХХ аср бошларига қадар давом этди. Оқибатда бу даврга келиб Ғарб ва Шарқ фанлари ўртасида еру осмонча фарқ пайдо бўлди. Шарқ мамлакатларида Ғарб олимлари билан беллаша оладиганлар эса ўтган асрнинг ўрталарида етишиб чиқа бошлади. Чунончи, 1930 йили ҳиндистонлик Раман, 1949 йили япониялик Юкава ўз юртларида ишлагани ҳолда Нобель мукофотига сазовор бўлишди.
Эндиликда физика ва кимё бўйича Нобель мукофотига лойиқ даражада тадқиқот ўтказиш учун ўта қимматбаҳо асбоб-ускуналар зарур. Физиология ва тиббиёт нисбатан мувофиқроқ соҳа саналади. Ё.Тўрақулов ва Р.Исломбековнинг бўқоқ касаллиги билан боғлиқ ихтиролари шу даражада бўлган. Афсуски, Ўзбекистон Фанлар академияси таркибида ҳозир физиология институти йўқ. Мен бундай институтни қайта ташкил этишни ва унга АҚШнинг машҳур илмий марказларида ишлаётган олимларимизни олиб келиб, барча шароитларни яратиб беришни таклиф қиламан.
Ҳозиргача физиология бўйича Нобель мукофоти фақат инсон организмидаги жараёнларни ўрганишга бағишланган тадқиқотларга берилган. Улар илмий тиббиётга дахлдор. Бизда ушбу соҳа бўйича фан докторлари аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, анча-мунча ривожланган мамлакатлардагидан ҳам кўп. Аммо тадқиқотлар даражаси қай даражада – бунисини аниқ айтиш қийин.
– Бундан сал олдин тадқиқотларингиз асосида ёзилган «Мирзо Бобур девонида аруз маҳорати» номли китобингиз нашр этилди. Бизни ушбу тадқиқот қандай юзага келгани ва негизи қандай топилмалардан иборат бўлгани қизиқтиради…
– Биласиз, халқимиз шоирликка мойил, ҳар икки ўзбекдан бири шеър ёзиб кўрган десам, муболаға бўлмайди. Шеър, яъни назм (бу сўз низом ва мунтазам сўзлари билан ўзакдош) вазнли нутқдир. Тил хусусиятларидан келиб чиқиб, турли халқлар поэзиясида унга мос вазн тури қўлланади. Ўзбек тили учун энг табиийси бармоқ вазнидир. У гўдак шуурига она алласи орқали сингади. Шунга кўра, халқ оғзаки ижоди тўлиқ бармоқ вазнида яратилган.
Юртимизда ислом дини тарқалиши ва мадрасалар очилиб, араб тили ўрганила бошлаши билан аруз вазни ҳам кириб келган. У араб тили учун табиий бўлиб, унлиларнинг қисқа-чўзиқлигига асосланган. Бундай грамматик унсур форс тилига ҳам хос бўлгани учун ўрта асрларда форсий назм араб назмидан ҳам юксалиб кетган. Эски ўзбек тили, яъни туркийда унлилар кўп ҳолларда қисқа ҳам, чўзиқ ҳам талаффуз қилиниши мумкин. Масалан, Алишер Навоийнинг «Кунду-з_ул хур|ши:ди рахшон|дин кўзумга | ё-ш_эрур» мисрасида ёш сўзидаги «о» унлиси чўзиқ, «Қон ёшим со|риғ ю-з_узра | о:ш-ко:-р_эт|ти фироқ» мисрасида эса қисқа (ҳар икки мисра ҳам рамали мусаммани маҳзуф – фоъилотун фоъилотун фоъилотун фоъилун вазнида).
Ўзбек тилининг бу хусусияти аслида аруз вазнида шеър ёзишни қулайлаштиради. XI асрда яратилган ва «Туркий шоҳнома» деб аталган «Қутадғу билиг» достони арузда битилган. Шундай эса-да, то XV асргача ўзбек шоирларининг шеърлари форсий адабиётнинг юксак намуналари даражасига ета олмаган. Ҳазрат Навоий ўзбек тили арузда шеър ёзиш учун нафақат араб ва форс тилларидан қолишмаслигини, балки қулайроқ эканлигини ҳам назарий жиҳатдан, ҳам ўз ижоди билан исботлаб берган.
Ўзбек шоирлари то ХХ аср бошларигача аруз вазнида қалам тебратдилар. Яна бир бор такрорлаймиз, аруз вазни ўзбек тили учун табиий (туғма) эмас, балки махсус ўрганишни талаб этади. Шунинг учун мадрасаларда илми аруз деган фан ўқитилган. Мадрасада ўқимаганлар ҳам бирор устоздан сабоқ олишган.
ХХ асрда матнни босмахонада босишга мослаштириш мақсадида араб алифбоси ислоҳ қилиниб, мадрасалар ёпилгач, аруз вазни унутила бошлади. Тўғри, шоирларда ғазалга мойиллик йўқолмади, аммо энди «ғазал дегани бу – аа, ба, ва тарзида қофияланадиган шеър» деган тушунча, «фоъилотунга тушадиган шеър вазни – аруз» деган формула пайдо бўлди. Аслида ҳар иккиси ҳам хатодир. Чунки, биринчидан, шеърнинг қандай қофияланиши вазнни белгиламайди, қофия – бу қофия, вазн эса – метрика, иккинчидан, ёр, дўст каби сўзларни бир бўғин, ақл, жаҳл каби сўзларни а-қл, жа-ҳл тарзида фоъилотун (аруз парадигмаси)га тушириш аруз илмига хилофдир.
Хуллас, арузга бармоқни аралаштириш, ҳатто тўлиқ бармоқ вазнидаги шеърни аруз дея тақдим этиш одатга айланди. Устига-устак, коммунистик мафкура арузни сарой адабиётига хос деган баҳонада таълимдан четлаштирди. Мен Абдулла Ориповдан бу ҳақда сўраганимда, «Нимасини айтасиз, бизга атиги икки соат аруздан дарс ўтилган, шунда ҳам уни ўргатиш учун эмас, балки даври ўтиб бўлган, деган фикрни уқтириш учун», дея жавоб берганди.
«Аруз» (2006 йил), «Навоий ғазалларида ҳазил-мутойиба» (2009 ва 2015 йиллар) , «Бобур. Девон. Назм маҳорати» (2014 йил) рисолалари арузни бармоқ билан аралаштирувчиларга танбеҳ ва танқид руҳида, Навоий ва Бобур арузини тарғиб ва ташвиқ қилиш, ёшларни арузга ундаш ва ўргатиш мақсадида ёзилди. Шу билан бирга, «Чиқмаган жондан умид» деганларидай, аруз вазнига қизиқадиган, уни ўрганишга ҳаракат қилаётган шоирлар бўй кўрсатаётгани умидбахш ҳодисадир. Хуршида, Шоира Шамс ғазаллари аруз қоидаларига мувофиқ. Алишер Муқумов ғазалларидаги нафақат вазн, балки сўз санъати ҳам мумтоз адабиётни эслатади.
– Маълумки, халқимиз қарийб бир ярим аср мобайнида қатағон шароитида яшади. Шу даврда мустақил фикрдан ҳам мосуво бўлаёзди. Истиқлол шарофати билан эркин фикрлашни қайтадан ўргана бошладик. Аммо эркинлик оғзига келганини гапириш ёки хоҳлаганини ёзиш дегани эмас. Чамамда, атрофимизда сўзбозлар кўпайиб, эркинликни суиистеъмол қилишаётгандек…
– Яхши ибора ишлатдингиз: сўзбозлик. Сел босиб кела бошласа, фақат қочиб қутуласан. Сўзбозлик иллатидан қутулишнинг ягона йўли эса таълим даражасини кўтаришдир. Жадид боболаримизнинг «Нажот – таълим-тарбияда» деган шиори бугун қайтадан долзарблик касб этиб турибди. Унга «Нажот – сифатли таълим-тарбия берадиган педагоглар етарли бўлишида» деб қўшимча қилиш ҳам мумкин.
– Сир эмас, тилимиз тобора дағаллашиб, жозибасини йўқотаяпти. Тилшуносу қонуншуносларимиз эса янги алифбо борасида ҳануз бир тўхтамга келишолмаяпти. Ана шундай бир пайтда ёшларимиз ўз кўча алифболарини яратиб, амалиётга татбиқ этиб бўлишди. Давлатимизнинг биринчи рамзи, миллатимиз руҳи саналмиш она тилимизга бундай муносабатда бўлиш инсофданми?
– Савияси паст, ҳатто чаласавод муаллимлар ишлаган мактабда ўқиганлардан яна нимани кутиш мумкин? Мен бу билан педагогларга таъна қилмоқчи эмасман, чунки ўзим ҳам ўқитувчиман. Вужудга келган ҳолатга шўро сиёсати, айниқса, пахта монокультураси ҳамда Мустақилликнинг илк йилларидаги иқтисодий муаммолар, кейинроқ бюджет маблағларини шилишни авж олдирган коррупция сабабчидир. Агар биз коррупцияни енгсак, ҳамма муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади, акс ҳолда, Аллоҳ асрасин, тилимизни ҳам, ўзлигимизни ва ўзбеклигимизни ҳам, ҳатто иймонимизни ҳам йўқотишимиз аниқ. Нечоғлик аччиқ бўлмасин, мен соч-соқолим оқаргунча ўйлаб, англаб етган ҳақиқат шу!
– «Тафаккур» журналидаги чиқишларингиз ўқирманлар томонидан қизиқиш билан қарши олинади. Сиз чуқур билим ва жўшқин эҳтирослар ила ёзган мақолаларингизда маданий-маънавий, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида рўй бераётган «ажаб ҳолат»ларга муносабат билдирасиз. Айниқса, бурч ҳақидаги фикрларингизни ўқиган киши чуқур ўйга толади. Лекин яқин йиллар ичида бурчига содиқ ёшлар тарбияланармикан? Менимча, бунда ота-оналарнинг ҳам ўрни жуда катта.
– Шубҳасиз, шундай! «Ҳалол яшашни ўрган, бировнинг синиқ игначалик ҳақига ҳам кўз олайтирма. Оч қолсанг, қолки, сенга ишонч билдирганларга хиёнат қилма» деб тарбия бериш қаёқда-ю, «Нима қилиб бўлсаям, пул топ. Пул бўлса, чангалда шўрва» дея «адаб ўргатиш» қаёқда?!. Агар ўқитувчи ва директор мактабни таъмирлаш учун ота-оналардан пул йиғиб, бир қисмини ўзлаштиришса, ўша даргоҳда тарбияни худо урди деяверинг. Ўз навбатида, қарама-қарши парадоксал ҳодиса ҳам кузатилиши, ғирт порахўрнинг оиласидан адолат учун ўлимга ҳам тайёр фарзанд етишиб чиқиши мумкин. Менимча, бу ҳодисанинг тагида бадиий адабиёт ётади. Ҳа, юксак савияли бадиий адабиёт ниҳоятда кучли мураббийдир! Минг афсуски, бугун китоб дўконлари деҳқоннинг бегона ўт босиб кетган даласига ўхшайди. Бегона ўтлар орасида эса заҳарлилари ҳам бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Инкор этмаймиз, адабиёт тарғиботи бўйича катта ишлар қилиняпти. Хусусан, адабий-бадиий журналлар чоп этиляпти. Аммо ҳаммаси силлиқ боряпти деб бўлмайди. Президент танбеҳ бергани учун таълим муассасаларида ушбу журналларга 2021 йил учун яхшигина обуна уюштирилди. Кейинги мавсумларда эса у яна муаммога айланди. Наҳотки, шусиз ҳам ўта банд давлат раҳбари ҳар йили «Обуна бўлинглар!» деб эслатиб туриши шарт бўлса? Тилга аччиқ-аччиқ сўзлар келади-ю, «Аллоҳ инсоф берсин!» дейиш билан чекланаман.
– Сўнгги вақтларда хорижда ўқиб, олим, профессор даражасига етган ҳамюртларимизнинг аксарияти Ўзбекистонга қайтмаяпти, аниқроғи, улар мамлакатимизнинг эмас, бегона юртлар равнақига ҳисса қўшишмоқда. Ораларида илмий тадқиқот олиб бораётганлари ҳам, нуфузли таълим муассасаларида ўқитувчилик қилаётганлар ҳам бор. Сизнингча, бундай оқимнинг кучайишию «Ақллар ҳижрати» ортишининг асосий сабаби нима?
– Бу ҳам жуда оғриқли муаммо. Қанийди, иқтидорли ёшларимиз чет элларда ўқиб, юртимизга қайтиб келишса-ю, унинг ҳар томонлама юксалиши йўлида хизмат қилсалар. Албатта, бундай ёшлар ҳозир ҳам топилишига, келгусида уларнинг сони кўпайишига ишонаман. Охирги пайтларда илмий даражага эга ходимлар маоши анча кўтарилгани ҳам бор гап.
Саволингизга жавобан бир ҳақиқатни айтиб ўтишга бурчлиман. Юртимиздаги бундан 10-15 йил аввалги аҳволни бир эслайлик. Ҳар бир фуқаронинг (бу ўринда фуқаро сўзи бечора маъносига жуда мос келади) ҳокимият, солиқ, банк, чегара ва божхона постлари, милиция, айниқса, паспорт столию ДАН ходимларига иши тушиб туриши табиий. Ора-сира прокуратура, хавфсизлик хизмати, суд, юқорироқ бўғиндаги идораларнинг ўзлари ҳам айрим кишиларни, жумладан, хорижда ўқиб келиб, ватанига хизмат қилишга бел боғлаганларни шунга мажбур қилишлари писта чаққандай гап эди. Бу можаролар кўпинча шундай тугаганки, ёшларнинг миясига «Эсинг борида четга қочиб қол!» деган фикр келган.
Ёдимда, Буюк Британия университетида постдоктор дастурини ўтаётган шогирдим ёзги таътилда уйига қайтди. Яна йўлга чиқиш учун ташқи виза олиш илинжида тегишли органга мурожаат қилди. Орадан икки ҳафта ўтса ҳам жавоб оломагач, паттасини кейинга суришга мажбур бўлди. Бу муддат яқинлашганда «Ҳали визангиз келмади» деган гапдан бошқа жавоб эшитмади. Бу сансалорликдан тасодифан огоҳ топгач, муаммога аралашишимга тўғри келди. Қарангки, шундан кейин «ҳали келмаган» визани беш дақиқада беришибди.
Бинобарин, ёшларнинг хорижда қолиб кетаётганининг бош сабаби мўмай даромад орттириш эмас, аввало, давлат идораларида илдиз отган қабиҳлик ва ҳаромхўрлик, иккинчидан, айрим тоифадаги ёшларнинг кўча-кўйлардаги тарбиясизлиги ва одоб-ахлоқсизлигидир.
Шу ўринда давлат идораларида ишлайдиган масъулларга мурожаат қилмоқчиман: жамиятдаги муҳит сизга боғлиқ. Сиз ҳам шу жамият аъзосисиз. Шундай экан, ўзингизга ўзингиз «Авлодларим қандай жамиятда ишлашини хоҳлайман? Мен дунёдан ўтиб кетгач, бирор идорага иши тушса, уларга қандай муомала қилишларини истайман? Невара-чевараларим ҳамма нарсани пул ҳал қиладиган, бир-бирига ёв жамиятда яшагани яхшими ёки одамлар бир-бирига мададкор бўлган жамиятдами?» деган саволларни бериб кўринг. Ўйлайманки, уларга тўғри жавоб топиш учун ўта ноёб ақл-фаросат соҳиби бўлиш шарт эмас.
– Суҳбатимиз ниҳоясида айни кунларда сизни профессор ва олим сифатида қизиқтираётган иккита мавзуга тўхталиб ўтсангиз.
– Биринчиси – фанимиздаги бугунги аҳвол мени қаттиқ ташвишлантиради. Фаннинг бош мақсади объектив ҳақиқатни излаш, табиат, жамият ва одамга боғлиқ сир-синоатларни очишдир. Бироқ ҳозир ҳам ёшлар, ҳам катталар ўртасида илм-фан билан астойдил шуғулланиш эмас, балки диссертация ёқлаш, нашр этилган мақолалар ва ундан келтирилган иқтибослар сони кўплигига асосланган ҳирш индекси ортидан қувиш, энг ачинарлиси, амал-мартабага эришиш учун илм билан шуғулланиш ҳолатлари, Навоий таъбири билан айтганда, жоҳ кучаймоқда:
Ким илмни воситаи жоҳ этар
Ўзинию халқини гумроҳ этар.
Иккинчиси – мен шу ёшгача илм билан, ўқиш, ўрганиш, тафаккур қилиш билан шуғулландим. Умр эса ўтиб бормоқда. Ўрганган илмларим ва орттирган тажрибаларимни шогирдларга қолдирмасам, қиёматда жавобим нима бўлади? Қўлимдан келадигани эса – дарс бериш, мақола, китоб ёзиш…



