САВОЛ: Шу кунларда «Док-1 Макс» ҳамда «Амбронол» дори воситалари атрофида бўлаётган гап-сўзлар юртдошларимизни ларзага солди. Болалар ўлимига сабабчи бўлган бу дори препаратлари ўз-ўзидан юртимизга кириб келмагандир. Умуман, дори воситаларини мамлакатга олиб кириш қайси меъёрий ҳужжатлар асосида тартибга солинади? Бу қай бир давлат органи ваколатига киради? Аслида қандай дори воситалари давлат рўйхатидан ўтказилади ва қанча муддатда? Бу пайтда улар лаборатория синовидан ўтказиладими?
Азиз МИТАНОВ
Тошкент тумани
ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикасида дори воситалари ва бошқа фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларни хориждан олиб кириш (импорт) ва хорижга чиқариш, республика ҳудудида муомалага киритиш ва улардан фойдаланиш масалалари асосан «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунлар, «Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисида»ги Низом билан тартибга солинади.
Юқорида қайд этилган қонунлар, фармон ва ҳукумат қарори талабларига мувофиқ, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва хориждан олиб кирилган дори воситалари мажбурий тарзда давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт. Давлат рўйхатидан ўтказилмаган дори воситаларини муомалага чиқариш тақиқланади ва муайян жавобгарликни келтириб чиқаради.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази – Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш, сифат назорати, стандартлаштириш ва сертификатлаштиришни амалга оширадиган ишчи органи ҳисобланади ва дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ваколати берилган ишчи органдир.
«Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисида»ги Низомда давлат рўйхатидан ўтказиладиган ва ўтказилмайдиган дори воситалари ва тиббий буюмлар аниқ белгилаб берилган.
Хусусан, дори воситалари, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг янги комбинациялари, илгари Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган, бироқ бошқача дори шаклларида, дозаларда ёки бошқа ишлаб чиқарувчи томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника давлат рўйхатидан ўтказилади.
Шу билан бирга, дорихоналарда тайёрланадиган дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳамда илмий-тадқиқот ишлари учун олиб кириладиган, клиникагача тадқиқотлар, клиник тадқиқотлар ўтказиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш, кўргазмаларда, ярмаркаларда, халқаро анжуманларда намойиш этиш учун мўлжалланган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника рўйхатдан ўтказилмайди.
Низомда дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш муддатлари қатъий белгилаб қўйилган. Жумладан, гувоҳнома бериш тўғрисидаги ариза Давлат маркази томонидан қуйидагилардан ошмайдиган муддатларда кўриб чиқилади:
15 иш куни – тан олиш йўли билан рўйхатдан ўтказиладиган дори воситалари, тиббий техника, тиббий буюмлар ва уларнинг бутловчи қисмлари;
50 кун – дори моддалари (субстанциялар) учун;
60 кун – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қайта малакаланган дори препаратлари ва «in vitro» ташхис тиббий буюмлари учун;
120 кун – қадоқланган ва ўраш-жойлаш материалига жойланган фармакопея доривор ўсимлик хомашёси шаклидаги дори воситалари, боғлов материаллари, тешиш, инъекция, трансфузия ва сўриб олишга мўлжалланган буюмлар, контрацептивлар, резина, резина мато, латекс, полимердан тайёрланган тиббий буюмлар, беморларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, беморларни парвариш қилиш учун тиббий буюмлар.
155 кун – қолган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника учун.
Қуйидаги муддатлар юқорида кўрсатилган муддатларга киритилмайди:
дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани экспертизадан ўтказиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун белгиланган 45 кундан ошмайдиган муддат;
клиник синовлар ўтказиш учун клиник базаларга ариза берувчи томонидан тегишли тартибда келишилган клиник синовлар дастурларини, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника намуналарини тақдим этиш учун белгиланган 45 кундан ошмайдиган муддат;
женерик дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ўтказишнинг бевосита бир йилдан ошмайдиган, оригинал дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ўтказишнинг уч йилдан ошмайдиган муддатлари.
Дори моддаларини (субстанциялар) ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қайта малакаланган дори препаратларини рўйхатдан ўтказишда клиник тадқиқотлар ўтказилмайди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қайта малакаланган дори воситалари ва «in vitro» ташхис тиббий буюмлари, тан олиш йўли билан рўйхатдан ўтказиладиган дори воситалари, тиббий техника, тиббий буюмлар ва уларнинг бутловчи қисмларини рўйхатдан ўтказишда лаборатория синовлари ўтказилмайди.
Дори воситаларини, тиббий буюмларни ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларига кўра хорижий ишлаб чиқарувчиларга амал қилиш муддати беш йил, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга муддатсиз бўлган тегишли рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси берилади.
Гувоҳнома дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техниканинг давлат рўйхатидан ўтказилганини ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат берилганини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.
Ҳуқуқ ва халқаро ҳаёт бўлими



