Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги “Сармиш” ҳудудида жойлашган “Олчин агро экспорт” масъулияти чекланган жамиятига қарашли отарга бўрилар ҳужум қилгани тўғрисидаги хабар чўпонларнинг уйқусини қочирди.
Бир нечта бўри тонгги соат тўртлар атрофида бир отарнинг ўзидан нақ ўттиз қўйни буғизлаб кетиши ҳақиқатан ҳам, жуда ваҳимали ва ачинарли ҳол.
Ҳодисадан сўнг вилоятда ҳамма оёққа турди. Бўриларни овлаш учун йигирма нафар овчи бириктирилди.
Аммо бу ҳам фойда бермади.
“Олчин агро экспорт” МЧЖ раҳбарининг таъкидлашича, бўрилар отардаги қўйлардан йигирматасини буғизлаб ўлдирган, ўнтасининг тўғри келган жойини узиб олиб, чалажон қилиб кетган. Чўпонлар чалажон ҳолатдаги қўйларнинг тўққизтасини ҳалоллаб сўйишга улгурган, холос.
Туман ветеринарлари гўштларни текширувдан ўтказган. Ҳозир ҳам тирик қолган, аммо яраланганларини даволаш ишлари давом эттирилмоқда.
– Қўйларимизнинг ҳаммаси зотдор бўлиб, уларнинг ҳар бирини уч, уч ярим миллион сўмга сотсак бўлар эди, – дейди Тўлқин Эшназаров.
– Афсус, насиб қилмаган экан… Ҳалоллаб сўйилган тўққизта қўйнинг гўштини сотиш учун қассобларга мурожаат қилдик. Эчкида жон, қассобда мой қайғуси, деганларича боракан…
Тўққизта қўйнинг гўшти учун бир ярим миллион сўм бераман, дейди, ноинсоф қассоблардан бири…
Шундан сўнг МЧЖ раҳбари сўйилган тўққизта қўйнинг гўштини маҳалласидаги ёрдамга муҳтож оилаларга бепул тарқатиб юборди.
Нормурод МУСОМОВ



