Ҳаёт билан уйғун ҳолда яшашга не етсин! Кимдир эришган ютуғидан севиниб, ўзгалар билан баҳам кўргиси келади. Кимдир жамиятни қийнаб келаётган муаммога ечим излаб, қўлига қалам олади. Ёзганларини тезроқ матбуотда эълон қилиб, эл билан баҳам кўришни истайди.
Азиз газетхон! Сизни-да шундай ҳолат илҳомлантирса, ҳеч иккиланмай бизга йўлланг. Эркин минбарингиз бўлган нашримизнинг «Газета – газетхон – газета» саҳифасида, албатта, чоп этамиз. Зеро, қоғозга тўкилган битикларингиз кимгадир сабоқ, ким учундир ёруғ йўл бўлса, ҳеч ажаб эмас!
ИШОНЧИМИЗНИ СЎНДИРМАНГ!
Ассалому алайкум, «Ishonch» газетаси жамоаси! Сизларга йўллаётган ушбу мактубим кўп сонли муштарийларимизга ҳам етиб борса, беҳад миннатдор бўлар эдим.
Бугуннинг долзарб муаммосига айланган айрим дори воситаларининг ёш болаларга салбий таъсир этиб, жабр чекиши ҳар бир ота-онани таҳликага солиб қўйди.
Кечагина дори-дармон етказиб берувчи бир қанча фирмалар билан шартнома имзолаб, беморларга тавсия этган айрим шифокорлар эндиликда уйма-уй юриб, ўзи бир вақтлар сифатли деган дориларини зинҳор қабул қилмасликни айтиб юришибди.
Оғриқ қолдирувчи ва иситмани туширувчи «Цинепар» суюқ суспензияси ҳамда йўталга қарши «Амбронол» сиропини оилавий шифокорнинг тавсияси билан сотиб олган эдик. Энди эса ўша врач тавсияси билан уни қадоғи очилмаган ҳолда чиқинди челагига ташлаб юбордик.
Очиғини айтсам, дори билан бирга бугунги кун тиббиётига бўлган ишончимизни ҳам ирғитиб юборгандекмиз.
Балки шу ишончсизлик туфайли халқ орасида «Бундан буёғига ҳеч биримизнинг касал бўлишга ҳаққимиз йўқ», деган ибора пайдо бўлдимикан?
Ҳурматли шифокорлар, кўп ўқинг, ўрганинг! Илмингиз зиёда бўлсин! Соғлиғимиз сизларнинг қўлингизда, илтимос, ишончимизни сўндирманг!
Нодирахон МАМАЮСУПОВА
Наманган шаҳри
БЕКВОЙ ОТА ТИЛГА КИРДИ
Меҳр – кўпдан-кўп мўъжизаларга қодир. Яқинда ўзим бунинг гувоҳи бўлдим. Бошқалар ҳам ҳайратини яшира олмади. Ҳаяжонларимни севимли газетам – «Ishonch» орқали ўртоқлашишга қарор қилдим.
Шу десангиз, воқеа сабабчиси Беквой ота Эшчанов 67 ёшда. Олий маълумотли, узоқ йиллар ҳисобчи бўлиб фаолият кўрсатган. Туғма 2-гуруҳ ногирони. 1995 йилда оиласида рўй берган нохушлик туфайли инсультга чалиниб, 18 йил мобайнида бир хонадан чиқмай ётади. Кўнгил хираликнинг зўридан гапиролмай ҳам қолади.
Яқинда туман ҳокимлиги, 3-сектор раҳбарияти ҳамда туман тиббий ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими масъуллари билан уни йўқлаб бордик. Отахонга ширин сўзларимизни айтдик, кўнглини кўтардик. Суҳбатимиз асносида замонавий, қулай, ўзи юрадиган электрон аравача топширилди. Ўн саккиз йил деганда кўчага чиққан бемор қуёшни кўрди, тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олди. Юзларини кўз ёши ювди ва кутилмаганда «Аллоҳга шукур», деб юборди. Ҳаммамиз ялт этиб қарадик.
Беквой ота барчага раҳмат айтди. Ўн саккиз йиллик армонларини сўзлади.
– Соғайишимга умидим йўқ эди, ҳатто мени кўргани келишса хижолат тортардим. Ичингдагини бировга айтолмасанг, ҳасратлашолмасанг, бундан ёмони йўқ экан, – дейди у.
Куни кеча Беквой отадан хабар олиш учун яна борганимизда, тўйга кетганини айтишди. Ҳа, у фаол ҳаётга қайтди. Энди ўзгалар кўмагисиз ҳам кўчада сайр қила олади. Қўни-қўшни, қариндошлар билан мулоқотда бўлади. Бугун давлатимиз
томонидан олиб борилаётган
инсонпарварлик сиёсати ана шундай
мўъжизаларни яратмоқда.
Турсуной САТТОРОВА,
Қўшкўпир тумани спортни ривожлантириш бўлими
бошлиғи
ҲАЁТИМДАН РОЗИМАН
Тақдир экан, икки нафар фарзандимни ёлғиз тарбиялаяпман. Очиғи, рўзғор тебратишда қийналганларим ҳам рост. Кунларнинг бирида уйимизга келган меҳмонлар «касаба уюшмалариданмиз», деб хотин-қизлар муаммоларини ўрганишаётганини, кўмак беришларини айтишди. Уларга яшаш шароитим ҳақида гапириб бердим.
Орадан озроқ вақт ўтгач, мени «Аёллар дафтари»га киритишганидан хабар топдим. Қисқа вақтда имтиёзли кредит асосида икки сотих ерда иссиқхона қурдирдим. Астойдил ишлаб, маълум муддатдан сўнг даромад ола бошладим. Аста-секин оилавий шароитим яхшиланиб борди. Болаларимнинг уст-бошини бутлаб, кам-кўстини тўлдирдим. Ҳозир, шукрки, меҳнатим орқасидан даромад кўриб, тадбиркорлик фаолиятим ортидан яхши турмуш кечираётирман.
«Аёллар дафтари»га рўйхатга киритилганимдан сўнг берилган 20 миллион сўм кредитни ҳам тўлашга улгурдим. Ҳаётимдан розиман. Энди ҳеч қачон болаларим олдида чорасиз қолмайман. Чунки иссиқхонамизда етиштираётган помидор, булғор қалампири ва бошқа маҳсулотларимизни бозорга ва маҳалламиздаги дўконларга олиб бориб сотяпмиз. Фаолиятимни кенгайтириб, иш ўринлари яратишни мақсад қилганман.
Дилимдагини севимли газетамга ёзиб юборишдан мақсад – уйда туриб ҳам яхши даромад топиш мумкинлигини, бунинг учун меҳнат қилишга иштиёқ, ҳавас бўлса, ҳаммаси чиройли бўлишини фаолиятим мисолида яна бир бор таъкидлашдир.
Балки бу рўзғор тебратишда
қийинчиликка учраб турган баъзи
юртдошларимиз учун туртки бўлар…
Сожида ШОПЎЛАТОВА
Ангор тумани
ҚИШЛОҚ БЎЙЛАБ СУТ ИЗЛАБ…
Соғлиқ – туман бойлик. Уни асраш воситалари кўп бўлса-да, фойдаланишга баъзан имкон, гоҳ эса шароит топилмай қолади. Тобора кимёвий воситаларга қарамлашиб бораётганинг ич-ичингни эзади.
Илгарилари ҳар бир хонадонда мол боқилиб, нонуштага сут тортиларди. Шамоллаганда сарёғли сут ичириб даволашарди. Энди-чи? Қишлоқда яшасак-да битта соғин сигир ушлаш муаммога айланди. Қорамол боқишнинг сарф-харажати ортгандан ортиб кетди.
қишлоғимизда юздан зиёд хонадон бўлса-да, соғин сигирларнинг сони ўнтадан ортмайди. Кенжатойим шамоллаб, иситмалади. Бутун қишлоқни айланиб чиқдим, десам ишонаверинг. Етарли озуқа бўлмагани учун сигирлар 2-3 йилда бир маротаба болалайдиган бўлиб қолишди.
Ана шундай пайтда дорихонага югурмай қайга ҳам бош урасан?
Зархол РУСТАМОВА
Қўшработ тумани
МЕҲР ЧАШМАСИ
Бундан 20 йил бурун автоҳалокатга учраб, тўшакка михландим. Мутахассислар ушбу ҳолатга «ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса», дея хулоса беришди. Жамоадошларим, яъни Қарши давлат университетининг касаба уюшма қўмитаси фаоллари мени ҳам маънан, ҳам моддий қўллаб-қувватлашди. Ана ўшанда касаба уюшмаларининг қанчалик инсонпарвар ташкилот эканини ҳис қилгандим.
Бахтсиз ҳодиса туфайли иккинчи гуруҳ ногиронига айландим. Бироқ севимли жамоам яна аввалгидек соғлом турмуш тарзига қайтишимга чин маънода елкадош бўлди.
Ҳозир ишлаяпман, университетнинг Ахборот-ресурс марказида етакчи мутахассисман. Ишим ва ҳаётим давомида кўп яхшиликлар кўрдим. Турли байрамлар арафасида озиқ-овқат маҳсулотлари ва эсдалик совғалари тақдим этиш одат тусига кирган. Халқаро ногиронлар куни муносабати билан университетдаги ногирон ходимлар ва 150 нафар имконияти чекланган талаба моддий рағбатлантирилгани бунга бир мисол.
Ўзим бир йилда икки марта вилоят ногиронларни реабилитация қилиш ва соғломлаштириш марказида муолажа оламан. Ёз фаслида ўғлим Афзалбек сўлим болалар оромгоҳида имтиёзли йўлланма асосида мириқиб дам олди. Университетнинг тўртинчи босқичида ўқийдиган қизим Моҳичеҳра ҳам фаол талабалар сафида доимий эътиборда.
Ўтган йили жамоадошларим билан бир неча бор саёҳатларга бориб келдик. Университет касаба уюшма қўмитаси раиси Абусаид Норов турли мавзулардаги маънавий-маърифий тадбирларнинг ҳам қизиқарли ўтишида жонбозлик кўрсатмоқда.
Хуллас, касаба уюшмаларининг афзалликларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Мен севимли газетам орқали ўз ташаккурларимни изҳор этишдан мамнунман.
Ўткир ОСТОНОВ
Қарши шаҳри
