Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош кенгашининг
IV мажлиси видеоконференц-алоқа шаклида ўтказилди.
Мажлисда Федерация раҳбарияти, ҳудудий кенгашлар ҳамда тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари раислари ва ўринбосарлари, Тошкент шаҳридаги ташкилотлардан сайланган Бош кенгаш аъзолари, Назорат-тафтиш комиссияси аъзолари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари, Федерация аппарати бўлим мудирлари ва масъул ходимлари иштирок этди.
Мажлисни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратулла Рафиқов олиб борди.
– Ортда қолган йил касаба уюшмалари учун ниҳоятда самарали бўлди. Хусусан, йил давомида 11 мингга яқин корхонада янги касаба уюшма ташкилоти тузилиб, 220 минг нафардан зиёд ходим аъзоликка қабул қилинди, – деди, хусусан, Қудратилла Рафиқов. – 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни байрами муносабати билан давлатимиз раҳбарининг касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларига йўллаган табригида санага меҳнаткашлар байрами, умумхалқ байрами мақомини бериш ва бу кунни дам олиш куни деб эълон қилиш таклифининг билдирилиши ҳар биримизда ғурур ва ифтихор ҳиссини уйғотди. Бу Юртбошимизнинг касаба уюшмаларига кўрсатаётган юксак эътиборидан, қолаверса, жамиятда касаба уюшмаларининг нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради.
Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев Федерациянинг ўтган йилдаги фаолияти якунлари ва жорий йилдаги устувор йўналишлари тўғрисида маъруза қилди.
Таъкидланганидек, 2022 йилда Федерация ва тизимдаги ташкилотлар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикасининг 9 та қонуни лойиҳасига ходимлар ҳамда касаба уюшмалари манфаатларини ифода этувчи таклифлар киритилди. «Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси тайёрланди. Ушбу ҳужжат ҳозирда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда. 11 ноябрга меҳнаткашлар байрами, умумхалқ байрами мақомини бериш ва бу кунни дам олиш куни, деб эълон қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёрланиб, айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тегишли қўмиталарида кўриб чиқиляпти.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг ходимлар ижтимоий-иқтисодий манфаатлари билан боғлиқ 10 дан ортиқ қарорлари лойиҳалари кўриб чиқилиб, тегишли мутасадди органларга таклифлар киритилди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг «Иш ҳақини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Энг кам иш ҳақини ўрнатиш тўғрисида»ги ҳамда «Касаначилик тўғрисида»ги конвенциялари ратификация қилинишини илгари суриш мақсадга мувофиқлиги ҳақида таклифлар ишлаб чиқилиб, Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссиясига юборилди.
Касаба уюшмалари инспекторлари томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш натижасида 77 минг 408 нафар ишчи-ходимнинг меҳнат ҳуқуқи тикланиб, улар фойдасига 53 млрд. 963 млн. 107 минг сўм зарар пуллари ундирилишига эришилди.
Касаба уюшмаларига жисмоний ва юридик шахслардан тушган 4 минг 846 та мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашни сўраб иш берувчиларга киритилган 153 та тақдимноманинг 93 таси, судларга киритилган 84 та даъво ва буйруқ тартибидаги аризалардан 67 таси қаноатлантирилди. Барча мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, 16 минг 505 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 11 млрд. 794 млн. сўм ундирилди.
Ишчи-ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш устидан касаба уюшмаларининг жамоатчилик назорати янада кучайтирилди. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ходимлари 1 минг 572 та бошланғич касаба уюшма ташкилоти фаолиятини ўрганиб, аниқланган камчиликлар юзасидан иш берувчиларга 1 минг 50 та тақдимнома киритди. 2 минг 154 та камчилик касаба уюшмаларининг аралашуви билан бартараф этилди. Иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик бўйича касаба уюшмаларининг жамоатчилик мониторинги ўтказиб келинди.
Ижтимоий мулоқот ҳамда ижтимоий шериклик кўламини кенгайтириш, ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида ҳам қатор ишлар олиб борилди.
2022 йил 16 декабрда Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган Бош жамоа келишуви имзоланди.
Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда норасмий иқтисодиётдан расмий иқтисодиётга ўтиш концепциясининг лойиҳаси ишлаб чиқилди. Касаба уюшмаларининг ташкилий жиҳатдан, шунингдек, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, касаба уюшмалари ташкилотларига амалий ҳамда услубий ёрдам кўлами кенгайтирилди.
Федерация аппарати бўлимлари мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлар республиканинг 9 та вилоятида 150 дан зиёд бошланғич ташкилот фаолиятини ўрганиб, амалий ёрдам кўрсатди. Тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар бўлинмалари ходимлари, корхона, ташкилот ва муассасалардаги касаба уюшмалари фаоллари иштирокида 1 минг 89 та ўқув, тарғибот тадбирлари, семинар ва вебинарлар ўтказилди.
Миллий байрамлар муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар, ходимлар, меҳнат фахрийларининг республиканинг тарихий шаҳарлари ва диққатга сазовор жойларига саёҳатлари, театр ва концертларга ташрифи уюштирилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан «Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари» деган ғоя остида 5 мингдан ортиқ бошланғич касаба уюшма ташкилотида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, уларга 800 минг нафарга яқин ходим жалб этилди. Сана муносабати билан «Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи»да тантанали байрам тадбири ўтказилиб, соҳанинг 5 нафар фидойиси «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати» нишони ва 25 нафар тизим фаоли ва иш берувчилар Федерациянинг «Эҳтиром» нишони билан тақдирланди. Шунингдек, турли соҳаларда фидокорона хизмат қилаётган 23 нафар ходим меҳнати эътироф этилиб, муносиб рағбатлантирилди.
Бундан ташқари, тадбир доирасида «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар билан ишлашда намуна кўрсатган масъулларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилган «Энг яхши сектор раҳбари», «Энг яхши маҳалла раиси», «Энг намунали иш берувчи аёл», «Энг яхши ҳоким ёрдамчиси», «Энг яхши ёшлар етакчиси», «Энг яхши хотин-қизлар фаоли» танловлари ғолиблари мукофотланди.
Байрам арафасида республикамиздаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари орасида «Ёш китобхон» танлови ўтказилди. «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» шиори остида «Саховат», «Мурувват» уйларида яшовчилар ва ходимлар учун байрам тадбирлари ташкил қилиниб, ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.
Ҳисобот даврида жамоа келишувлари ва шартномлари орқали пенсия ёшидаги шахслар ҳамда корхоналар собиқ ходимларидан 111 минг 727 нафари моддий қўллаб-қувватланди. Кексалар ва имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш мақсадида «Саховат», «Мурувват» уйларида яшовчилар ҳолидан хабар олинди.
Ватан ҳимоячилари, Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Мустақиллик байрамлари муносабати билан юрт мустақиллигини ҳимоя қилишда, хизмат мажбуриятини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари моддий қўллаб-қувватланди.
«Аёллар дафтари»нинг 3-босқичи доирасида 635 минг 522 нафар хотин-қизнинг муаммолари ҳал этилди.
Халқаро ташкилотлар, халқаро касаба уюшмалари бирлашмалари, хорижий давлатларнинг касаба уюшмалари марказлари билан алоқалар ривожлантирилди.
Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг II мажлисида Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси ва Қирғизистон касаба уюшмалари Федерациясининг Кенгаш аъзолигига қабул қилиниши ҳам тарихий воқеа бўлди.
2023 йилдаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш мақсадида 2022 йил 26-30 сентябрь кунлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси Женева (Швейцария) шаҳрида Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси раҳбарияти ҳамда қатор масъул ходимлари билан учрашувлар ўтказди.
Федерация делегацияси 17-21 ноябрь кунлари эса Мельбурн (Австралия) шаҳрида ўтказилган Халқаро касаба уюшмалари конфедерациясининг 5-конгрессида қатнашди.
30 ноябрь куни Федерациянинг Малака ошириш институтида «Марказий Осиё мамлакатларида меҳнат қонунчилигини ривожлантириш тенденциялари» мавзуида халқаро семинар ўтказилди. Йил давомида Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро валюта жамғармаси, Европа иттифоқи Комиссияси, Халқаро молия корпорацияси каби нуфузли халқаро ташкилотлар делегациялари билан 15 га яқин учрашувлар ташкил қилинди.
Федерация вакиллари мазкур халқаро ташкилотларнинг юртимиз ва хорижий давлатларда ташкил этган 10 дан зиёд конференция, семинар, вебинар ва давра суҳбатларида фаол иштирок этди.
Тизимда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишни жадаллаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, касаба уюшмалари Федерациясининг комплекс интеграллашган ахборот тизими маълумотлар базасига 520 мингдан зиёд юридик шахслар, 33 мингдан зиёд бошланғич касаба уюшма ташкилотлари паспорти ва уларнинг статистик маълумотлари юкланди.
Мажлисда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Назорат-тафтиш комиссияси раиси Баҳодир Умурзоқов, Федерациянинг Меҳнат инспекцияси бошлиғи – Федерация раисининг ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев, «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари Бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, «Жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш ишлари бошқармаси» унитар корхонаси бошлиғи Баҳодир Тожиев, Федерация аппарати молия бўлими мудири Жўрабек Ҳамзаев, Капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи Ҳайдар Фозилов ва бошқалар ўтган йилдаги ишлар сарҳисоби ва олдинда турган галдаги режалар ҳақида сўз юритишди.
Мажлисда кун тартибига киритилган «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош кенгаши таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитасининг Федерация мулкини тасарруф этишга оид қарорларини тасдиқлаш тўғрисида»ги масалалар кўриб чиқилиб, жорий йилдаги вазифалар белгилаб олинди.
Шу куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Ижроия қўмитасининг 8-мажлиси ҳам ўтказилди. Кун тартибидаги масалалар юзасидан масъулларнинг маърузалари тингланиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Салим АБДУРАҲМОНОВ
«ISHONCH»



