Савол:
Вазирлик марказий аппаратидан ёки вилоят бошқармасидан қисқаришга тушган ходимга шу жойдан бўш иш топиб бериш имкони бўлмаса, ҳудудий бошқармага ёки вазирлик тизимига кирувчи корхонага ишга жойлаштиришга мажбурмизми? Ўша жойлардаги бўш иш ўрнини ҳам таклиф қилишимиз керакми?
Мазкур саволга меҳнат муносабатлари бўйича ҳуқуқшунос Саидали Мухторалиев жавоб беради.
– Гап шундаки, айни вазиятда вазирлик марказий аппарати алоҳида, вилоят бошқармаси алоҳида ва вазирлик таркибидаги ташкилот (мисол учун, қайсидир ДУК) алоҳида юридик шахс мақомига эга (ФК 39-модда).
Уларнинг ҳар бири Меҳнат кодексининг 15-моддасига асосан корхоналар, шу жумладан, уларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари сифатида ўз раҳбарлари тимсолида иш берувчи мақомига эгадир.
Демак, вазирлик марказий аппарати, вилоят бошқармаси ва вазирлик таркибидаги ДУКнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида иш берувчи ҳисобланади. Уларнинг ҳар бири ўз ходимлари билан алоҳида иш берувчи сифатида меҳнат шартномаси тузган. Ва бунда ҳудудий бошқарманинг оддий ходимига вазир иш берувчи эмас ёки аксинча, вазирга вилоят бошқармасининг оддий ходими (вазир номенклатурасига кирмайдиган лавозимдаги шахс) меҳнат шартномаси бўйича ходим эмас.
Мазкур вазият МК 92-моддаси иккинчи қисмига ҳам айни шу тарзда таъсир қилади. Яъни, дейлик, ходимнинг лавозими қисқарганда, МК 96-модда 2-қисми бўйича иш берувчи унга малакаси ва мутахассислигига мос бўш иш ўрни таклиф қилиши керак. Бундай иш бўлмаса ёки ходим таклифни рад қилса, шартнома бекор қилинаверади.
Иш берувчи қисқартиришга тушган ходимга ўзининг иш берувчи мақоми доирасига кирадиган бўш лавозимларнигина таклиф қила олади, холос. Мисол учун, вазир вазирлик марказий аппаратидан қисқаришга тушган бош мутахассисга Тошкент шаҳар бошқармасидаги бўш турган бош мутахассис лавозимини таклиф қила олмайди. Негаки, шаҳар бошқармасидаги бош мутахассис лавозимига ишга қабул қилиш ва бу лавозимдан ишдан бўшатиш иш берувчи сифатида шаҳар бошқармаси бошлиғи ваколатига киради.



