Ижтимоий тармоқларда тарқалган Паркент туманидаги бахтсиз ҳодисага оид хабарларга “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Ахборот-таҳлилий медиа маркази расмий муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, бахтсиз ҳодиса туманнинг Заркент қишлоғидаги Ёзувчилар уюшмаси ижод уйи олдида янги қурилаётган йўл ўтказгични (темир бетон балканинг оғирлиги 30,6 тонна бўлган) бир нечта кранлар билан кўтариш белгиланган асосда амалга оширилмаганлиги сабабли рўй берган.
Автокранининг оғиб кетиши оқибатида автокран машинисти тан жароҳатлар олганлиги сабабли зудлик билан Паркент тумани шифохонасига ётқизилган.Оғир жароҳатлар олганлиги сабабли автокраннинг машинисти шифохонада вафот этган.
Қайд этилишича, ҳудудда қурилиш ишларини олиб бораётган “Кўприкқурилиш трести” УКга қарашли “13-Кўприкқурилиш отряди” “ҚЙЛ-Йўл кўприк қурилиш таъмир” МЧЖ билан шартнома имзолаган. Ушбу ҳужжатда буюртмачи томонидан хизмат кўрсатувчи ходимларини кунлик тиббиёт кўригидан ўтказиши ва меҳнат муҳофазаси тадбирларини ўтказиш лозим бўлган банд алоҳида кўрсатиб ўтилган . “ҚЙЛ-Йўл кўприк қурилиш таъмир” МЧЖнинг мазкур шартнома бандларига риоя қилинмаганлиги, яъни мунтазам равишда хавфсизлик чораларини кўрмаганлиги сабабли ушбу бахтсиз ҳодиса рўй берган.
Маълум қилинишича, иккита кран билан бир вақтнинг ўзида юкни кўтариш ва кўчиришга фақат тегишли шартлар бажарилган тақдирдагина рухсат берилади.
Содир бўлган бахтсиз ҳодиса юзасидан Тошкент вилояти меҳнат инспекцияси ҳамда мутахассислари томонидан махсус текшириш ўтказилиши ва уларнинг хулосалари ҳуқуқ тарғибот органларига тақдим этилиши белгиланди.
