Жорий йил 1 феврал куни Ўзбекистон томони Афғонистон темир йўл бошқармаси келишилган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошира олмаётгани сабабли темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилганини маълум қилган эди.
Ўз навбатида Афғонистон темир йўл бошқармаси раҳбари Бахт-ур-Раҳмон Шарафат Ariana News нашрига берган интервьюсида «Ўзбекистон темир йўллари»ни Ҳайратон ва Мозори Шариф ўртасидаги темир йўлнинг техник масалалари бўйича янги келишувни бузганликда айблаб чиқди.
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Толибон ҳукумати темирйўлчиларининг ушбу иддаоларига жавобан айрим тушунтиришлар бермоқда.
Унга кўра, 2022 йил декабр ойида Афғонистоннинг махсус комиссияси билан кўриб чиқилиб, келишилган «Sogdiana trans» шўъба корхонаси ва Афғонистон темир йўллари ўртасидаги янги шартнома шартларини Афғонистон темир йўллари бошқармаси раҳбари томонидан янгитдан шарҳланиши ва бунда оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон томонини айблашга ҳаракат қилаётгани ҳамда келишилган хизмат қийматларини бошқача талқин қилиб ўзини оқлаш учун фойдаланаётгани тушунарсиз вазиятни юзага келтирмоқда.
Шунингдек, Афғонистон томонидан Ҳайратон станциясида амалга ошириши лозим бўлган техник ишларини, ўзлари томонидан белгиланган муддатларда амалга ошира олмагани тўғрисида ҳеч қандай тушунтириш берилмаяпти.
Яъни, Ҳайратон станциясига етказиб берилган вагонларни бўшатиш ва қайтариш ишларини ташкил этиш учун Афғонистон темир йўл бошқармаси Қозоғистоннинг «Mansor Fateh» компанияси билан шартнома имзолаган бўлса-да, ушбу ташкилот 31 январга қадар Ҳайратон станциясида келишилган муддатда ишларни ташкиллаштиришга улгурмаган.
«Бундан ташқари «Sogdiana trans» шўъба корхонаси томонидан тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб, уларни қўллаб қувватлаш мақсадида вақтинчалик автомобил транспорти орқали юклар ташувини ташкиллаштиришда ёрдам беришига қарамай, қўшни давлат томони тадбиркорларга юкларни автомобил транспорти орқали ташимаслик тўғрисида тавсия бераётгани ҳақида маълумотлар келмоқда», – дейилади компания изоҳида.
«Ўзбекистон темир йўллари», шу билан бирга, Афғонистон темир йўл бошқармаси раҳбариятининг илтимосига кўра кейинги ҳафта бошида Термиз шаҳрида Афғонистонга темир йўл орқали юкларни ташишни ташкил этиш, Ҳайратон станциясига етказиб бериш ва олиб чиқишни ташкил этиш бўйича «Sogdiana trans» шўъба корхонаси ва Афғонистон темир йўл бошқармаси ўртасида янги шартнома имзоланиши режалаштирилаётганини маълум қилди.
Шартнома имзоланган кундан бошлаб эса Ғалаба – Ҳайратон темир йўли очилиши таъкидланган.
Маълумот учун, Қозоғистоннинг «Mansor Fateh» компанияси ва Толибон 2022 йилнинг 5 деабрида Ҳайратон – Мозори Шариф темир йўлига хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тузган ва мазкур шартнома уларга «анча арзонга тушгани»ни маълум қилган эди.
Қайд этилишича, Қозоғистон компанияси жами 106 километрлик участкада иш олиб боради ва бу учун йилига 4,2 миллион доллардан камроқ бўлган маблағ олади.
Толибон томонига кўра, Ўзбекистоннинг «Sogdiana trans» шўъба корхонасига худди шу мақсадларда 22 километрлик участкада иш олиб боргани учун йилига 15 млн доллар ҳақ тўланган.



