4 феврал куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон давлат университетининг мажлислар залида қайта тикланувчи энергия манбалари билан шуғулланувчи маҳаллий мутахассислар билан учрашди.

Учрашув ўз йўлига. Аммо бир кичик ҳолат ўзбек тили имлоси учун жон куйдираётганлар эътиборидан четда қолмади: вилоят ҳокими ортида учрашув мавзуси акс этган плакатдаги имловий хатога бирон-бир мутасадди ё олим эътироз билдирмади. Балки андиша қилингандир, балки учрашув қатнашчиларининг саводи ўзимиз қаторидир…
Қизиғи шундаки, ҳар бир ҳоким ва вазирга ўзбек тили бўйича маслаҳатчи тайинланган. Жуда майда туюлган, аммо саводхонлигимизнинг бугуни ва эртасини белгилаб берадиган бу каби имловий хатоликларни тўғрилаш – уларнинг асосий вазифаси. Агар плакатлар алдамаса, саводимиз анчайин хароб. Афтидан, ўзбек тили бўйича маслаҳатчиларга имло луғатларидан фойдаланиш борасида маҳорат дарслари ўтадиган замонлар ҳам яқинлашиб қолган кўринади…
