Туркиядаги зилзилада бир нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди

46

Туркиядаги зилзилада бир нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ахборот берди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон фуқароси (аёл) Малатя провинциясида содир бўлган зилзила оқибатида ҳалок бўлган.

“2023 йил 7 феврал Тошкент вақти билан соат 10:00 ҳолатига кўра, зилзила оқибатида Малатя провинциясида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганини афсус ва чуқур қайғу билан қайд этамиз”, – дейилади вазирлик ахборотида.

Бундан ташқари, тўрт нафар ҳамюртимиз бедарак йўқолган. Уларни топиш бўйича тезкор қидирув-қутқарув ишлари амалга оширилаётгани маълум қилинди.

Ҳозирда зилзила оқибатида зарар кўрган Ўзбекистон фуқароларига тегишли ёрдам кўрсатиш ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги Элчихонаси қошида 24 соат фаолият юритадиган штаб ташкил этилган бўлиб, унга қуйидаги рақам орқали мурожаат қилиш мумкин: +90-538-035-85-34.

“Ишонч” газетаси таҳририяти зилзилада қолиб вафот этган марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдиради.