You Tube платформасида блогерлик қилиб келган Абдуқодир Мўминовнинг фирибгарлик ва товламачиликда гумонланиб ушланганиайтилмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББга кўра, фуқаро Э.З. ариза билан мурожаат қилиб, блогерлик билан шуғулланувчи Абдуқодир Мўминов исмли шахснинг ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мурожаат асосида ўтказилган текширув жараёнида А.Мўминов 2021 йилнинг октябрь ойида танқидий видеолавҳалар тайёрлаш ва ижтимоий тармоқларда тарқатиш орқали фуқаро Э.З.нинг укаси Д.Ю.нинг номига расмийлаштирилган МЧЖ билан боғлиқ ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ Тергов бўлими иш юритувидаги жиноят ишини ижобий ҳал этишга ИИБ ходимларини гўёки мажбур қила олишини айтиб, шу орқали Э.З.нинг ишончига кириб, ўзининг хизматлари учун жами 10 минг АҚШ долларини сўраб, шундан 3,8 минг АҚШ долларини олдиндан олган. Лекин у берган ваъдасини бажармай, олган пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Бундан ташқари, 2021 йилнинг октябрь ойида А.Мўминов Жиззах вилоятида фуқаро А.Т. билан учрашиб, унинг раҳбарлиги остидаги ташкилот тўғрисида салбий йўсинда видеолавҳа тайёрлаганини, ушбу материални ўзининг “Кўзгу” номли ижтимоий тармоқ саҳифаси орқали тарқатадиган бўлса, ташкилот раҳбариятига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинишини айтиб, А.Т.ни ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб, А.Т.дан ушбу маълумотларни сир сақлаши учун 70 минг АҚШ доллари сўраган.
Фуқаро А.Т. ўз кўрсатувларининг тасдиғи сифатида А.Мўминов билан ўртасидаги сўзлашувлар аудио ёзувини тақдим этган ва унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан А.Мўминовга нисбатан ҳозирда Жиноят кодексининг 168 ва 165-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
