Ижтимоий тармоқларда жорий йил 10 феврал куни имзоланган Президентнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт шароитларни яратишни назарда тутувчи ПФ-21-сон Фармони 7-банди турли тушунмовчиликларни ва эътирозларни келтириб чиқармоқда.
Мазкур бандга кўра, 2023 йил 1 майдан бошлаб жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини амалга оширувчи ташкилотлар кўрсатилган хизматлар учун комиссия олинишидан қатъий назар электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришлари ва тақдим этишлари белгиланган.
Яъни, ҳужжат муаллифи сифатида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мазкур бандга изоҳ бериб, бу жисмоний шахслар ўртасидаги пул ўтказмалари билан боғлиқ бўлиб, қонунчилик нормалари доирасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатларга тааллуқли эмаслигини маълум қилади. Шунингдек, электрон ҳисобварақ-фактураларни жўнатиш хизмати қиймати Солиқ қўмитаси бўлинмасининг ҳамда электрон ҳисобварақ-фактура операторлари ҳисобланган тадбиркорлик субъектларининг кўрсатаётган хизмати қийматидан ташкил топади ва бу ўртача битта ҳисоб-фактура учун 270 сўмдан 450 сўмгачани ташкил этади.
“Айни пайтда Солиқ қўмитаси томонидан ушбу хизмат нархини 1 сўмда белгилаш устида ишлар кетаяпти”, – дейилади вазирлик муносабатида.
Ўз ўрнида иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу бандни “ҳужжат ичига қўйилган мина” эканини таъкидлаб, қатор саволларни ўртага қўяди, жумладан:
– Электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилиши учун харажат бўйнига юкланаётган операторлар (10 феврал ҳолатига 24 та оператор) кўрадиган зарар қандай қопланади? Бу зарарлар бошқа тарифлар ошишига олиб келмайдими?
– Шундоқ ҳам чек билан тасдиқланадиган битимларда жисмоний шахсларга электрон ҳисобварақ-фактуралар нима учун керак?
Иқтисодчи, шу билан бирга “битта фактура энг арзон бўлганида 300 сўм турса ва йил давомида миллиардлаб транзакциялар ўтиши инобатга олинса, бу бир неча юз миллиард сўм қўшимча харажат” бўлишини ва табиийки, бу харажат якунда иқтисодиётга ва истеъмолчиларга юкланишини прогноз қилади.
Президент фармонидаги мазкур банднинг “на моҳиятда ва на шаклда ва стилистикада бошқа бандлар билан қовушмаётганини” пайқаган Отабек Бакиров бу банднинг ушбу ҳужжат лойиҳаси матнида аввалда бўлмаганини ҳам таъкидлаган ва Адлия вазирлигини “сўроққа тутган” эди.
Мазкур “сўровга” ўз вақтида жавоб қайтарган вазирликка кўра, Бакиров ҳақ. Яъни Адлия вазирлигига тақдим этилган лойиҳада Фармоннинг 7-банди 4-хатбошисида назарда тутилган талаблар мавжуд бўлмаган. https://t.me/SevaraJournalist/8710
“1 майдан бошлаб, Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги жисмоний шахслар ўртасидаги пул ўтказмалари бўйича электрон фактуралар воситасида тўла ахборотни ўзида жамлай бошлайди. Оқибатлари билан албатта. Лекин буларнинг ҳаммаси яширин иқтисодиёт билан кураш деган шиор остида кечади”, – дейди иқтисодчи Бакиров.



