ёхуд шерюрак шоир Азим Суюнни эслаб…
Кунда бўлмаса ҳам, кунора саҳарлаб қўл телефоним жиринглар, уни қулоғимга тутишим биланоқ қадрдон дўстимнинг момақалдироқдек гумбурлаган овози эшитилар эди: «Эй дўст, мен – Азим Суюнман. Қалайсан?».
Энди эса…
Мана, уч йилдирки, эрталаб уйғонганим ҳамоно телефонга термуламан, мўъжиза рўй бериб, дўстим қўнғироқ қилишини кутаман. Лекин ҳар сафар бу хомхаёл эканлигини билгач, ҳазин ўйларга толаман.
Начора, ўлим – ҳақ! Ҳаёт карвонсаройига келган одам борки, албатта, бир кун уни тарк этади. Буни ҳаммамиз яхши биламиз. Шунга қарамай, айрим кишилар ушбу ҳақиқатни эътироф этгиси, тақдирга тан бергиси келмайди. Боз устига, баъзан хаёлини банд этган кундалик ташвишлар ила андармон бўлиб, ҳаёт ва ўлим ёнма-ён юришини унутади. Ногаҳон бахтсизликка ёки оғир мусибатга дуч келганида эса эсанкираб қолади. Бундай ҳолатни мен ҳам бошимдан кўп ўтказганман. Айниқса, Азим Суюн дунёдан ўтганида чуқур қайғуга ботганман, ўлимнинг жафоси ва сабоғи кўплигини юрак-юракдан хис этганман.
Бошқаларни билмадиму, аммо мен учун Азим Суюн бағри кенг, ўзининг тоғ фарзанди эканлигини сира унутмаган жўмард инсон ва катта шоир эди. Суюкли санъаткоримиз Комилжон Отаниёзов бир қўшиғида «Биров билан ошна бўлай десангиз, маъракада ўтириб туришин кўринг», деб куйлаган жойи бор. Шоир дўстим Азим Суюн тимсолида Махтумқулининг бу гапи баайни ҳақиқат эканлигига кўп бор ишонч ҳосил қилганман.
Мен 1969 йили армия сафига чақирилдим ва йигитлик бурчимни ўташ учун Қозоғистоннинг Қизил Ўрда вилоятидаги қурилиш батальонига юборилдим. Хизматимнинг биринчи куниёқ Азим билан танишдим. Иккаламиз ҳам Самарқанднинг Пайариқ туманидан эканмиз. Фақат қишлоқларимиз бир-биридан узоқ, у тоғлар бағридаги Накуртдан экан. Уч ой бир казармада ёнма-ён яшадик ва бўёқчилик курсида ўқидик. Бўш вақтимизда бир-биримизга сиримизни айтиб, дардлашадиган бўлдик. Шу асно Азимнинг китобсеварлигини ва шеърлар ёзиб туришини билиб олдим. Қолавера, у армия сафига чақирилгунга қадар туман газетасида ишлаган экан. Ўша газетада менинг мақолаларим ҳам чоп этилганди. Шунданми, дўстлигимиз янада мустаҳкамланди.
Бўёқчилик касби сир-асрорини ўрганиб олгач, астойдил хизматга киришиб кетдик. Лекин ҳар қандай шароитда ҳам Азим шеър ёзишни канда қилмасди. Кўп ўтмай беш-олтита шеъри ўша вақтдаги «Коммунизм байроғи» (ҳозирги «Пайариқ ҳаёти») газетасининг биринчи саҳифасида сурати билан бирга чоп этилибди. Газетанинг бир нусхасини конвертга солиб юборишган экан, биз уни кўтариб командиримизнинг олдига бордик. Азим газетани кўрсатиб, русча-ўзбекча аралаш гапира бошлади. Командир ўртоғинг нима деяпти, дегандай менга қаради. Бир амаллаб унга дўстим армияга қадар шу газетада ишлаганини, ундан келажакда зўр шоир чиқиши мумкинлигини тушунтирдим. Пировардида шуларни назарда тутиб, ижод қилиши учун Азимга шароит яратиб беришини сўрадим.
Зеро, бизнинг ҳарбий қисмда ҳам маънавият хонаси бўлиб, у ерда русча газета-журналлар ва китоблар мавжуд эди. Аммо улардан фақат бўш вақтимизда тунги соат ўнгача фойдаланиш мумкин эди. Командир илтимосимизни эшитгач, гарчи ўзбекчани билмаса-да, қўлидаги газетага анча вақт синчиклаб тикилди. Охири Азимга кутубхонада соат ўндан кейин ҳам ўтириб ўқиши ва ёзиши учун ижозат берди.
Собиқ Иттифоқ даврида ҳарбий хизматни ўташнинг ўзига хос тартиб-қоидалари бор эди. Сафдошларимиз гоҳида арзимас хатоси учун ҳам интизомий жазога тортиларди. Бундай пайтларда Азим ноҳақликка чидолмасди. Унинг шоир юраги шер юракка айланар, ҳеч кимдан ҳайиқмай, дўстларимизни ҳимоя қиларди.
Бир куни батальонга командирнинг рафиқаси келди. Уни кўриб орамиздаги туркман йигитнинг шўхлиги тутди-да, «Встать. Смирно!» дея қичқириб юборди. Бу аслида ҳазил эди. Аммо унинг таги зилга айланиб кетди. Ишдан кейин қўшимча наряд эълон қилинди. Етти аскарни чўлга чиқариб қумда роса эмаклатишди. Азим бу ноҳақликка чидай олмай, тоғ йигитга хос мардлик билан командирга танбеҳ берди: «Бу ишингиз яхши эмас, зулмни дарҳол тўхтатинг!» Командир нимадандир ажаблангандай бир зум Азимнинг кўзига тикилиб қолди. Кейин унинг елкасига қўлини қўйиб, «Баракалла, сен зўр аскар экансан», деди. Биз шу зайл жазодан қутулиб қолдик.
Азим бўш вақт топилгани заҳотиёқ қўлига китоб оларди. Мутолаага ички бир ташналик ва катта иштиёқ билан шўнғиб кетарди. Уйидагилар ҳам буни яхши билишарди шекилли, унга юборилган посилкалар ичида ўзбекча китоб ва журналлар бўларди…
Орадан қарийб 20 йил ўтди. Мен туманимиздаги 47-мактабга раҳбарлик қилаётган кезларим эди. Пахта терими авжига чиққан вақтда мактабимизга журналистлар келишди. Улар мендан ўқитувчилар ва ўқувчилар теримга жалб этилган-этилмаганини сўраб суриштиришди. Тўғрисини айтдим, «Ҳаммасига юқоридан «норма» белгиланган. Агар у бажарилмаса, чора кўрилади», дедим.
Бир ҳафтага қолмай, ўқитувчилар газетасида «Конвертнинг орқа тарафи» сарлавҳали танқидий мақола чоп этилди. Раҳбарлар мени чақириб, «Яхши иш қилмадингиз, энди вазифангиздан четлатиласиз», дейишди. Бу пайтда Азим Суюн пойтахтда яшаб, ишлаётган эди. Дардимни кимга айтишни билмай, бошим қотиб юрган кунларимнинг бирида мени Тошкентга чақирди. Борганимдан сўнг қизғин суҳбатлашдик. Гап орасида бояги мақола ҳақида ҳам алоҳида тўхталди. «Тўғри қилибсан. Токайгача бошимизда таёқ синиши керак?» дея, кўнглимни кўтарди.
Бу қўллов менга жуда катта далда бўлди. Назаримда, турли-туман ёлғонлар ва найранглар етиб бормаган сўлим гўшада туғилиб ўсган қадрдон дўстим ёнимга ўзи севган Алпомиш янглиғ дадил от суриб келгандай туюлди.
Ҳа, Азим Суюн мард инсон эди, тилёғламаликни билмасди, хиёнат кўчасига кирмасди. Шеърларидан доимо қишлоғининг, тоғ арчасининг, гиёҳларнинг ҳиди анқиб турарди. У халқи ва ватанига муҳаббатини тўлиб-тошиб ёзарди. Шоир ҳамда инсон сифатидаги фазилати довюраклиги ва тўғрисўзлигида эди.
Кечагидек ёдимда, 2007 йили Азим телефон қилиб, «Накуртга кел, мен ҳам дўстларим билан бораман», деб қолди. Уч-тўрт оғайни биргаликда у ўқиган мактабга бордик. Бир оздан сўнг учта енгил машина дарвоза олдига келиб тўхтади. Ўқувчилар Абдулла Орипов, Турсун Али, Фармон Тошев каби шоирлар ва бошқа меҳмонларни гуллар билан кутиб олишди. Шеърхонлик узоқ давом этди. Ҳамма хурсанд бўлди. Азим бу табаррук даргоҳга кўплаб улуғ шоирлар, чунончи, севимли шоирамиз Зулфия ҳам келганини ғурур билан сўзлаб берди.
Дўстим қишлоғини қандай бўлса, шундайлигича севар, самимий инсонларни чин дилдан ҳурмат қиларди. Улар даврасида ўзини эркин ҳис этар, вужуди яйраб кетарди. Ижодкор дўстларини фақат жонажон Накурт табиатини кўрсатиш ва мароқли дам олдириш учун эмас, балки каттаю кичикнинг маънавий дунёсини бойитишга ҳисса қўшиш учун ҳам қишлоғига таклиф қиларди. Ҳеч қачон эл манфаатлари йўлида хизмат қилишдан чарчамасди.
Азим табиатни жуда севарди. «Уни асрамаслик ёвузликдир. Битта дарахтни кессанг, ўрнига ўнтасини эк!» деган гапни кўп такрорларди.
Кейинги йилларда унинг соғлиғида муаммолар пайдо бўлди. Кўришолмасак, телефон орқали боғланардик. 2020 йил 6 март куни ҳам телефонда гаплашдик. Уйига бормоқчи эканлигимни айтгандим, у «Ҳозир соғлиғим анча яхши. Майли, тўрт-беш кундан кейин кел, сен билан суҳбатлашсам, баҳра оламан», деди.
Орадан уч кун ўтиб, телефон қаттиқ жиринглади. Бу сафар у орқали қадрдон дўстимнинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитдим. Ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билолмай, карахт бўлиб қолдим. Чунки мен ҳақиқий дўстимдан тоабад жудо бўлгандим.
Ўшандан буён ҳар сафар уни эслаганимда, дуога қўл очаман. «Руҳинг шод, охиратинг обод бўлсин, чин дўст Азим Суюн!» дейман.
Сафар РАББИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
халқ таълими аълочиси



