Ҳут – Қуёш йили ҳисобида ўн иккинчи ойнинг арабча номи. Биз фойдаланадиган тақвимга қиёсласак, 22 февралдан 21 мартгача бўлган даврни қамраб олади. Аниқроғи, қишнинг адоғи билан кўкламнинг бошига тўғри келади. Айни паллалардан эътиборан ер уйғонади, тупроқ исийди. Далалар-у боғ-роғларда экин экишга қизғин тараддуд кўрилади. Халқимиз шуни назарда тутиб, «Ҳут кирди – деҳқоннинг пайтавасига қурт кирди», «Ҳут кирди – ер остига дуд кирди», дейди. Бунга ўхшаш нақлларнинг туб мазмун-моҳияти Шотурсун Шомақсудов ва Шуҳрат Шораҳмедовнинг 2001 йили чоп этилган «Маънолар махзани» китобида батафсил баён этилган.
Бироқ Ҳут ойи ҳамиша ҳам бирдек қулай келавермайди. Гоҳида эндигина кунлар илиб, қорлар эриётган маҳали қўққисдан қаттиқ совуқ тушади. Ер устини қалин муз қоплайди. Бундай кезларда қишловга жамғарилган ем-хашаклар деярли тугаган бўлади. Оқибатда яйловларда боқилаётган чорва моллари тайинли емиш топиб еёлмай, очликдан нобуд бўла бошлайди. Ана шу оғир дамлар чорвадорлар тилида «ют» деб аталади.
Асрий кузатишларга қараганда, «ют» ҳар ўн-ўн икки йилда бир такрорланади. Мучал бўйича асосан Қуён йилида рўй беради. Масалан, 1867-68, 1879-80, 1891-92, 1902-03 йиллар қишидаги оғир «ют»лар туфайли Оқмола, Тўрғай ва Сирдарё вилоятларида чорва молларининг салкам ярми қирилиб кетган.
Албатта, бундан «ют» фақат Қуён йилидагина бўларкан-да, деган хулоса чиқармаслик лозим. Негаки, бундай ташвишли ҳоллар бошқа пайтларда ҳам юз бериши эҳтимолдан холи эмас. Чунончи, 1911-12 ва 1919-20 йиллардаям «ют» бўлгани қайд этилган. Улар Мучал ҳисоби бўйича мутаносиб равишда Тўнғиз ва Қўй йилига тўғри келган.
Ота-боболаримиз юқорида эслатилган хусусиятларига кўра Ҳут ойига икки хил таъриф беришган. Жумладан, «Яхши келса Ҳут – кут, ёмон келса Ҳут – ют», «Ҳут – молга келган ют», «Ҳутман, яхши келсам – қозон тўла сутман, Ҳутман, ёмон келсам – ориқ молга ютман», «Яхши келса Ҳут – кади-кади сут, ёмон келса Ҳут – керагада пут», «Яхши келса, Ҳутни кўринг, хурма-хурма сутни кўринг, ёмон келса, Ҳутни кўринг, серрайиб ётган путни кўринг» сингари ўзаро ҳамоҳанг нақлларни яратишган. Бу ўринда кади дейилганда қовоқнинг ичидаги эти ва уруғлари олиб ташланиб ясалган қўлбола идиш, пут деганда қўй-эчки ва қорамолнинг сони кўзда тутилади. Керага эса, биласиз, ўтовнинг четансимон деворидир. Демак, Ҳут баракали келса, ўт-ўлан баравж ўсади. Моллар тўйиб, вазни ва маҳсулдорлиги ошади. Аксинча ҳолатда, «ют» бошланиб, чорва моллари камайиб кетади. Эгалари уларни сўйиб, гўштини ўтов керагасига қатор-қатор қилиб осиб қўйишга мажбур бўладилар.
Абдунаби ҲАЙДАРОВ
тайёрлади.



