Республика ишчи гуруҳининг гапи «ерда» қолди(ми?)

60

2022 йилнинг 5 май куни Қўқон шаҳрида 20 дан ортиқ вазирлик ва идоралар масъулларидан иборат республика ишчи гуруҳи аҳоли учун оммавий қабул уюштириб, турли масалаларда келган фуқаролар билан жонли мулоқотда бўлган эди. Ушбу қабул давлат раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифидан бир неча кун олдин ўтказилганди.

Камина ҳам ушбу қабулда 35 йилдан буён бирор марта таъмирланмаганидан абгор ҳолга келиб қолган кўча йўлларини асфальтлаш масаласида масъулларга мурожаат қилган эдим.
Арзимни тинглаган масъуллар Данғара тумани ҳокими ва «Данғара тумани йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси раҳбарига масалани ижобий ҳал қилиш топшириғи берилди. Данғара тумани ҳокими бу муаммо 2022 йилнинг якунига қадар ҳал бўлишини айтди.
Тўғриси, ўшанда республика ишчи гуруҳининг қабулидан хурсанд бўлиб чиққандим. Ахир ҳар қарич жойи ўйдим-чуқур йўл йил охиригача асфальтланади-ю, бундан қувонмай бўладими?
Қабулдан 5 кун ўтиб, маҳаллага Данғара тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонасидан вакил келди. У кўча йўлини ўлчаб, қўлидаги далолатномани кўрсатди. «Данғара тумани йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси бош муҳандиси С.Маматов имзолаган далолатномада «Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси Т.Худайберганов томонидан Фарғона вилоятида ўтказилган сайёр қабулда мурожаатчи Данғара тумани «Қизилмушт» МФЙ Эшонбобо қишлоғининг ички кўчасини асфальтлаб беришни сўраган. Кўча 2022 йилнинг якунига қадар асфальтланиши мурожаатчига тушунтирилди», дейилган.
Мана, 2022 йил тугаганига ҳам икки ой бўляпти. Туман ҳокими ва «Данғара туман йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси раҳбари сайёр қабулда масаланинг йил якунига қадар ҳал бўлишини айтган эди, аммо амалда ҳеч нарса ўзгармади. Ҳамма гап оғизда ва қоғозда қолиб кетди.
Наҳотки, одамларни узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган муаммони ҳал этиш шунчалик қийин бўлса? Агарда бундай масалалар катта-катта раҳбарлар иштирокида ҳал бўлмас экан, унда бу каби қабулларни ўтказишдан не наф? Ёки бундай қабуллар хўжакўрсингами?

Жамшид ЭРГАШЕВ