Илгари ўқитувчилар беш йилда бир марта, директор ва директор ўринбосарлари уч йилда бир марта бир ой давомида малака оширар эди. 2022 йилдан эса бир ҳафталик, хоҳишга кўра, оффлайн ёки онлайн тарзда малака ошириш тизимига ўтилди. (Фақат маълум бир ютуқларга эга бўлган педагогларгина бир йилдан уч йилгача малака оширишдан озод этилиши мумкин).
Бу жуда катта қулайлик. Сабаби онлайн малака оширганда педагог берилган мавзуларни ишдан ажралмаган ҳолда ўзлаштириб бориши, ўзига қулай вақтда шуғулланиши мумкин. Қолаверса, шундай ҳудудлар борки, марказдан анча олисда жойлашган бўлиб, у ерда яшаётган устозлар онлайн малака оширганда, вақтини ҳам, маблағини ҳам тежайди. Ўтган йили пойтахтимиздаги 10 минг нафардан ортиқ педагог оффлайн, 8 мингдан зиёди онлайн малака оширгани илк йилданоқ бу тизимга кўпчилик қизиққанини кўрсатиб турибди.
Аммо бу фурсат тизимда талайгина камчиликлар борлигини ҳам намоён этди. Мавзуни ўрганганимизда янги тизимга ўтиш учун керакли даражада тайёргарлик кўрилмагани, хусусан, ўқитувчиларнинг АКТ саводхонлиги пастлиги сабаб юзага келаётган салбий ҳолатлар ушбу малака ошириш турининг нуфузи ва сифатига салбий таъсир этганига амин бўлдик.
Аввало, онлайн малака оширишда педагоглар бир ҳафта давомида 36 соатлик мавзуларни ўзлаштиришлари керак. Бунинг учун махсус яратилган onlinedu.uz платформасида рўйхатдан ўтиши, мавзуларни ўрганиб, тегишли тестларни ечиши, видеодарсларни кўриши, буларни бажара олиши учун эса компьютер билан яхшигина тиллашган бўлиши керак.
Бироқ тизим жорий этилгач, номигагина АКТ бўйича сертификатга эга бўлган, амалда эса компьютерда оддийгина ишлаш кўникмаларини ҳам ўзлаштирмаган педагоглар борлиги маълум бўлиб қолди. Оқибатда мактабларда компьютер саводхонлиги яхши бўлган ўқитувчилар ҳамкасбларининг ўрнига онлайн малака ошириб бера бошлади. Қарабсизки, таълим муассасаларида педагоглар ўртасида майда коррупция юзага келди. Ҳозирда бир ҳафталик малака оширишнинг нархи ўртача 100-200 минг сўм атрофида бўлиб, бунда компьютерда ишлашни биладиганлар ўзлари, билмайдиганлар эса ҳамкасбларидан ёрдам сўраб, уларга пора сифатида пул бериш эвазига малака оширгани ҳақидаги сертификатга эга бўлишяпти.
– Аҳвол шу даражага етдики, нуфузли малака ошириш даргоҳларининг педагоглар учун очилган телеграм гуруҳларига кирсангиз ҳам ўқитувчиларга маълум маблағ эвазига малака ошириб бериш хизматлари очиқдан-очиқ таклиф этила бошланди, – дейди қувалик тажрибали педагог Аҳроржон Раҳмонов. – Одамни ҳайрон қолдирадигани, буни тақиқлайдиган, «Ҳей, барака топкур, сен кимсан, нимага бу иш билан шуғулланяпсан?» дейдиган одамнинг ўзи йўқ.
Аҳроржон Раҳмонов бир неча бор гуруҳлардаги ёзишмаларни скриншот қилиб, Халқ таълими вазирлиги, унинг матбуот котиби ва Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтини тег қилиб ижтимоий тармоқларда бу ҳолатларнинг олдини олиш керак, деган мазмунда постлар қўйди. Аммо ҳеч бир мутахассис ёки тизимга масъул мутасаддилар бунга ўз муносабатини билдирмади.

Ушбу сўзлардан кейин онлайн малака оширишга амалий ёрдам бериш учун ташкил этилган расмий ва норасмий телеграм гуруҳларини ўргандик. Дарҳақиқат, бир нечта гуруҳларда номаълум, айримларида эса исми шарифи ва телефон номерлари ҳам очиқ кўриниб турган «ник»лар ўқитувчиларга сертификат олиб бериши мумкинлигини, бунинг учун шахсий саҳифасига мурожаат қилиши лозимлигини ёзган. Шундай саҳифалардан бирига ёзиб, хизмат нархи билан қизиқдик. Уддабурон педагог 80 минг сўм эвазига малака оширганлик сертификатини олиб беришини билдирди. Гуруҳдаги ёзишмаларни ўқиб, бундай эълонларга алданиб қолаётганлар ҳам борлигига гувоҳ бўлдик.
А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институтининг рақамли таълим технологияларини такомиллаштириш бўлими мудири Элёр Алкаров билан юқоридаги ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида гаплашганимизда, шундай жавоб олдик:
– Ҳар бир янгиликнинг ўзига яраша ютуқлари билан бирга камчиликлари ҳам бўлади, – деди у. – Онлайн малака ошириш платформаси ҳам шундай. У вилоят марказидан олисда ишлаётган педагогларга қулайлиги билан бирга, устозларимизнинг катта қисмининг АКТ саводхонлиги яхши эмаслигини ҳам исботлади. Айнан шундайлар коррупцион ҳолатларга йўл қўймоқда. Ўзимиз ҳам бу ҳақда тез-тез эшитиб турамиз. Бир неча бор олдини олиш чораларини кўрдик. Масалан, январь ойида платформани такомиллаштириш ва ўқув мавзуларини янгилаш учун унинг ишлашини вақтинчалик тўхтатдик. Янгиланган тизимда коррупция ҳолатларининг олдини олиш учун бир аккаунтдан икки нафардан ортиқ ўқитувчининг малака оширишига чеклов қўйдик. Илгарилари бир телефондан 10-15 нафаргача педагоглар малака оширган бўлса, эндиликда икки кишидан ортиқ педагог бир аккаунтдан фойдаланиб малакасини ошира олмайди. Бир аккаунтдан бир киши малака оширишини ҳам йўлга қўйиш мумкин. Аммо биз республикамизда 500 мингдан ортиқ педагоглар борлигини, агар коррупционерларни 1000 нафар деб ҳисоблайдиган бўлсак, уларга аччиқ қилиб, бошқаларга жабр қилишни истамадик. Чунки чекловларни кўпайтирганимиз сари бошқа педагогларга жабр бўлиши мумкин. Масалан, вилоятларда интернет ҳар доим ҳам яхши бўлавермайди. Электр таъминотида тез-тез муаммолар бўлиб туради. Кимнингдир оиласида эр-хотин ёки икки-уч нафар киши педагог бўлиши мумкин. Шундай пайтда аёл педагогнинг телефонида интернет ўчиқ бўлса, турмуш ўртоғининг телефонидан фойдаланиши мумкин. Шу каби ҳолатларни ҳисобга олиб, икки кишигача бир номердан кириб малака оширишга имконият бердик.
Бундан ташқари, видеоларни кўрмасдан ўтказиб юбориш дастурига ҳам чекловлар ўрнатилди. Илгари бировнинг ўрнига малака оширган устозлар мавзуга оид видеодарсларни кўрмасдан ўтказиб юборган бўлсалар, эндиликда, бунинг иложи йўқ. Аввалига видеони кўради ва лавҳанинг ярмига етганда пайдо бўладиган тест саволларига тўғри жавоб берсагина, видеонинг иккинчи қисми очилади. Тўғри жавоб берилмаса, яна қайтадан кўриб чиқиши керак бўлади. Бу кабилар малака оширишдаги коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда, албатта, ўз самарасини беради.
Мутахассис билан суҳбатдан сўнг яна бир гуруҳ педагоглар билан боғланиб, 2023 йилги платформадаги ўзгаришлар ҳақида сўрадик. Шунда устозлардан бири видеоларни ўтказиб бўлмаслигига чеклов ўрнатилгани, яхши тушунмай қолган жойини қайта кўришни истаганида, буни амалга ошира олмаганини ва видеони яна бир бошидан қўйиб кўришга мажбур бўлганини айтди.
– Ҳар бир чекловни етти марта ўйлаб, кейин жорий этиш керак, – дейди телеграм каналда ўзини «Учқунбек Ҳайитбоев» деб номлаган педагог фойдаланувчи. – Ҳар қандай ҳолатда ҳам одамнинг фикри чалғиши мумкин. Шундай пайтда видеонинг маълум бир тушунмай қолган жойини қайта кўриб олишга эҳтиёж бўлади. Аммо 2023 йилги янгиланган видеоларни айнан сизга керакли дақиқаларига қўймоқчи бўлсангиз, иложи йўқ. Ва сиз керакли 1 дақиқани қайта кўриш учун ундан олдинги 7-8 дақиқани ҳам бир бошидан кўриб чиқишингиз керак бўлади. Бундай чекловларни кўпайтиришдан мақсад, муаллимларнинг вақтини ўғирлашми? Нима, биз шунчаликлар бекорчимизми?

Телеграм гуруҳларидаги ёзишмалардан намуналар
Ҳа, устозларнинг эътирозларида ҳам жон бор. Чунки бу анчайин жиддий масала. Акс ҳолда ҳафталик малака ошириш илинжида рўйхатдан ўтган ўқитувчилар айрим гуруҳ ва чатларда кечаси-ю кундузи платформага киришдаги муаммоларда ёрдам сўраб, админларга мурожаат қилмаган бўларди. Бугун уларга АКТ бўйича ва onlinedu.uz платформада ишлаш борасида жиддий ёрдам керак. Бунинг учун ташкил этилган расмий канал ҳам бор, аммо бутун республика ўқитувчиларига тизимда ишлашни ўргатиш учун бу етарли эмас. Устозларга махсус тренинглар, семинарлар ўтиш зарур. Ўқитувчилар уларни платформада ишлаш борасида қийнаётган саволларга тунлари бедор бўлиб, турли чатларда, улардан моддий манфаатдорлик кутувчи, кимлиги ҳам номаълум админлардан эмас, платформада ишлашни ипидан игнасигача биладиган расмий мутахассислардан ўргансин. Шунда коррупция ҳам ўз-ўзидан камаяди. Акс ҳолда биз «Устозларнинг малакасини ошираяпмиз, ҳаммаси зўр кетмоқда» деб ўзимизни ўзимиз алдашда давом этаверамиз.
Зебо НАМОЗОВА
«ISHONCH»
