Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилояти ҳудудида содир бўлган 6 та 4 магнитудан кам бўлмаган зилзилалар Амударёнинг юқори қисми ҳисобланувчи Панж дарё ҳавзасидаги Сарез кўлига жуда яқин ҳудудда кузатилди.
Гидрометеоролог Эркин Абдулаҳатовнинг ёзишича, соат 06:06 да содир бўлган 4,6 магнитудали зилзила ўчоғи айнан Сарез кўли олдида қайд этилган.
Мутахассис, ўз навбатида, Сарез кўлининг ҳосил бўлганидан буён кучли зилзилаларга “гувоҳ” бўлганини, аммо, бугунги зилзила ва афтершоклардан сўнг тожик томони тўғон ҳолати ҳақида маълумот бериши лозимлигини айтади.

Маълумот учун, Сарез кўли Панж дарёсининг Бартранг ирмоғи дарасига 1911 йилнинг баҳорида 7,1 магнитудали тоғ кўчиб тушиши ва дарадаги Мурғоб дарёсини “бўғиб” қўйиш ҳисобига вужудга келган. Ҳозиргача кўлнинг табиий тўғони хавфли саналади ва унда ёриқлар пайдо бўлгани ҳақидаги иддаолар ҳам мавжуд.
2020 йилнинг ноябрида британиянинг Daily Mail нашри Сарез кўлининг қўшни давлатларга хавфи ҳақида катта мақола эълон қилиб, кўлни “уйқудаги бомба” деб атаган.
Қайд этилишича, эҳтимолий сув тошқини хавфи Бартанг, Панж ва Амударёдан пастга, эҳтимол Орол денгизигача етиб бориши ва бу Тожикистон, Афғонистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистондаги кўплаб аҳоли яшаш пунктларига ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Мутахассислар тақдим қиладиган хариталардан кўринадики, бундай сув тошқини Ўзбекистоннинг Амударё бўйлари, хусусан Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида катта хавфларни юзага келтиради.



