Бепуштлик ташхиси қачон қўйилади?

299

Ҳар бир инсон бу дунёда наслини давом эттирадиган зурриёдлари қолишини истайди. Аёл борки, чақалоқ ифорига тўйгиси келади. Оталик бахтини туйишни истамаган эркак ҳам бўлмаса керак. Негаки, ота-она фарзанд тимсолида ўз орзу-умидларининг рўёбини кўради. Халқимизда “Болалик уй — бозор, боласиз уй — мозор”, “Бола бор уйда ғийбат бўлмайди” деган нақллар бежиз айтилмаган. Бобо-бувиларимизнинг серфарзанд бўлишгани шундандир… Бугун эса, афсуски, “Ноилож, фарзандсизликдан ажрашяпти” деган гап-сўзлар тез-тез қулоғимизга чалинади. “Бепуштлик” ташхиси эса ҳар қандай аёл ва эркак кўнглини қаттиқ изтиробга қўйиши шубҳасиз. Бепуштликнинг ортишига сабаб нима? Мутахассислар бу борада турли фикрларни билдиришди.

Агар эр-хотиннинг бир йиллик турмуши давомида ҳомиладорлик юзага келмаса, бепуштлик ташхиси қўйилади. Турмуши давомида умуман бола кўрмаса, бирламчи бепуштлик, битта фарзанд кўргач, қайта ҳомиладор бўлмаса, иккиламчи бепуштлик сифатида қайд этилади. Айни пайтда 35-40 фоиз аёлларда бепуштлик кузатилмоқда. Авваллари бепуштликка эркакларнинг сабабчи бўлиши 30 фоизни ташкил қилган бўлса, ҳозирги рақам анча юқорилаган — 45 фоиз. Оиладаги фарзандсизликка биргина аёл эмас, эркак ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Эркаклардаги бепуштликка организмда кечаётган умумий патологиялар, туғма нуқсонлар, сийдик-таносил тизими яллиғланишлари ва турли жинсий касалликлар сабаб бўлиши мумкин. Гормонал бузилишлар, ичиш, чекиш, айрим дорилар, қандли диабет, жигар циррози, сил, бронхиал астма, қалқонсимон без касалликлари туфайли келиб чиқадиган репродуктив заифлик ҳам шулар жумласидан. Бу каби патологияларга фақатгина шифокор тўғри ташхис қўяди. Организмда бирор ўзгариш бўлса, аёл ҳам, эркак ҳам ўз вақтида шифокор кўригидан ўтиши керак бўлади. Бугун эр-хотиндаги камчиликни аниқлаш тиббиёт учун қийинчилик туғдирмайди, — дейди гинеколог Муҳаббат Шарипова.
“Памперс” бепуштликка олиб келадими?
“Памперс” атамаси бундан 20-30 йил олдин луғатимизда бўлмаган. Айнан шу тагликларнинг болаларда кўп қўлланилиши борасида турли баҳс-мунозаралар бор. Уролог шифокорларнинг фикрича, эркакни бутун умри давомида қийнайдиган жинсий муаммолар болалигидан бошланади. Минг афсуски, кўпчилик оналар ўғил бола саломатлиги ҳақида жиддий қайғурмайди. Ўғил ўстираётган оналар катта хатоларга йўл қўймаслиги учун нималарга аҳамият қаратиш лозим? Қолаверса, бугунги кунда оналарнинг энг яқин ёрдамчиси ҳисобланган “памперс” нинг зарари борми? Мавзу юзасидан шифокор-уролог Мақсуд Аллаберганов маълумот беради.
— “Памперс” бугунги кундаги ҳаммани ўйлантирган энг катта муаммо. Бугунги фарзандларнинг аксарияти туғилганидан то 2 ёшга киргунига қадар тун-у кун тагликда юради.

Ушбу восита оналар учун қанчалик қулай бўлмасин, ўғил бола учун памперснинг зарари катта. Олимлар памперснинг салбий жиҳатлари ҳақида бонг ураётган бир замонда, оналарнинг ундан воз кечмаётгани ташвишга солади. Қолаверса, тор кийимлар кийдиришнинг ҳам ўзига яраша зарари бор. Қолаверса, оналар болани юқумли касалликлардан ниҳоятда эҳтиёт қилиши лозим. Айниқса, тепкидан. Аниқланган тақдирда, зудлик билан терапевт билан биргаликда уролог шифокорга ҳам кўрсатиш лозим. Ушбу тавсияларга оналар риоя қилса, келажакда рўй бериши мумкин бўлган кўпгина кўнгилсизликларнинг олди олинган бўлади. Ўз вақтида пайқалган ҳар қандай касалликка даво топса бўлади, — дейди мутахассис.
“ Google ” берган маълумотларга кўра, илк памперс 1887 йилда ишлаб чиқарила бошланган. Ўша пайтда фақат табиий матодан ишланган тагликлар бўлган. Намликни ўзига сўриб олувчи бугунгидек памперслар 1984 йилдан ишлатила бошланган. Демак, ҳозирги тагликлар ҳам салкам 40 йиллик тарихга эга.
Олимларнинг таъкидлашича, зарарнинг асосий сабаби — памперсда иссиқликнинг юқори бўлиши ва ҳаво ўтказмаслиги. Мана шу омиллар ҳам боланинг келажакда бепуштлик муаммоси билан тўқнаш келишига бир сабаб сифатида кўрсатилмоқда.

Бепуштлик инсон психологиясига боғлиқми?
— Инсон тасаввури ва тафаккури катта кучга эга. Бироқ психологияда шундай ҳолатлар бўладики, сиз жуда истаганингиз эмас, аксинча, тескариси бўлиши мумкин. Оналар қиз болани ҳаётга тайёрлаётган вақтда фақат рўзғор юмушларини ўргатади, аммо энг муҳим жиҳатларини ўргатишга андиша қилади. Ўзбек аёллари турмушга чиққанда фақат наслни давом эттириш учун оила қурдим, деб ўйлайди. Қайноналарнинг аксарияти ҳам тўйи бўлганига ҳали бир ой тўлмаган келиндан “Янгилик борми?” деб сўрашдан ўзини тиймайди. Бу, албатта, келинга таъсир қилмасдан қолмайди. Ушбу ҳолатлар фарзанд бўлишига тўсқинлик қилади. Қолаверса, сурункали стресс натижасида организмнинг ҳимояси пасайиб кетади. Биорегулятив функция (вегетатив нерв тизими, буйрак усти безлари, гипофиз гормонлари) бузилиб, организмнинг мослашувчанлик механизми издан чиқади. Бунинг натижасида гормонал алмашинув бузилиб, аёллар бепуштлик дардига дучор бўлишади. Бунинг олдини олиш мақсадида бир йилгача фарзанд ҳақида ўйламаслик зарур, — дейди психолог Дилдора Раҳимова.

БЕПУШТЛИКНИНГ ЗАМОНАВИЙ ЧОРАЛАРИ
Муҳаббат Шарипова, гинеколог:
—Бугунги тиббиётнинг имкониятлари жуда кенг. Замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида бепуштликнинг асл сабабини аниқлаш имкони мавжуд. Аёлларни текширганда, асосий эътибор улар организмида бирон яллиғланиш ёки инфекцион хасталикларга, қондаги гормонлар миқдорини аниқлашга ва яна бошқа муҳим текширувларга қаратилади. Шунда бирорта касаллик ёки нуқсон сезилса, тиббий муолажа усуллари ёрдамида бартараф қилинади. Ҳозирда турли гормонал препаратлар орқали тухумдонда уруғ етилтириш тажрибаси қўлланилмоқда. Бу ҳам бе-пушт-ликни даволашда яхши самара беряпти.
Айрим тиббиёт муассасаларида сунъий уруғлантириш амалиёти қўлланиляпти. Бу усул кўпгина инсонларга ота-оналик бахтини туҳфа этмоқда. Масалан, табиий уруғлантиришнинг имкони бўлмаганда ёхуд аёлнинг ёши катта бўлиб, ҳомиладор бўлиш имконияти камайганда, ёрдамчи репродуктив технологиялар кўмагига таяниш мумкин.
Фарзанд кўришга ҳалал берадиган яллиғланиш ҳамда инфекцион касалликлар дори-дармонли терапия ёрдамида асоратсиз даволанади. Бепуштликка гормонал бузилишлар сабаб бўлса, гормон дорилар тавсия қилинади. Руҳий ва асабий бузилишлар оқибатидаги ҳолатларда руҳшунос ёрдамига таяниш мумкин. Масалан, аёл ёки эркак ҳали фарзандли бўлишга тайёр эмас, аммо турмуш ўртоғи ёки қайнонасининг сиқувга олиши унинг руҳиятига салбий таъсир қилиб, фарзанд кўриш имкониятларини янада камайтираётган бўлиши мумкин.
Ҳар бир аёл фарзанд кўриш умидида бўлади, агар аёл киши ҳомиладор бўла олмаётган бўлса, тушкунликка тушмаслик ва яхши ният билан даволаниши ва ишониши керак!Бепуштликни ҳеч ким ўз ихтиёри билан танламайди!

ҚУШНИНГ ҲАМ ИНИ БУЗИЛМАСИН…
Статистика агентлиги берган маълумотга кўра, 2022 йилнинг ўзида расман ажрашган оилалар сони 45 мингдан ошган. Афсуски, ажримлар мутахассислар томонидан тўрт йўналишга бўлиб ўрганилганда, бепуштлик сабаб ажрашганлар йўналишлардан бирига эгалик қилган. Халқимизда “Қушнинг ҳам ини бузилмасин” деган мақол бор. Яхши ниятлар билан барпо этилган оилалар ҳеч бир сабаб билан ажрим ёқасига бормасин.

Феруза РАҲИМОВА