“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Ўзбекистон қонунчилигига педофилларни жисмоний бичиш амалиётини киритишни таклиф қилиб чиқди.
“Қонунчиликка педофилларни кимёвий ва жисмоний бичиш амалиёти кириши шарт.
Қанча жазо муддатларини оширмайлик, такроран содир этиш хавфи сақланиб қолади. 20 ёшли эркак педофиллик қилса, 15 йил ўтириб чиққанда 35 кирган бўлади. Яъна шу жиноятни содир этади. Педофилия бу касаллик”, – деб ёзади у.
Ўз навбатида Олий Мажлис Қуйи палатаси Спикерининг ўринбосари Одилжон Тожиев ҳам ушбу таклифга ўз муносабатини билдириб, фракция йиғилишида муҳокама қилинган жазо чоралари белгиланган тартибда ижро этилса ва “жазо муддати бошидан охиригача ўталса, етарли” бўлишини, кимёвий ва жисмоний бичиш таклифининг қалтис томонлари борлигини айтади.
“Қонунга кимёвий ва жисмоний бичиш чорасининг киритилиши – бу ушбу чоранинг ҳаммага қўлланилади дегани эмас. Яъни, айби аниқ далиллар билан исботланган ва психологик ташхис қўйилган ашаддийларига қўлланилиши мумкин”, – деб ўз фикрини қувватлайди “Юксалиш” УМҲ раиси.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 27 февраль куни ЎзЛиДеП фракциясида “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилингани ва бу билан номусга тегиш билан боғлиқ қатор ҳолатлар учун жиноий ва маъмурий чоралар кучайтирилаётгани айтилган эди.



