Марказий Осиё иқтисодий ривожланишига 25 млн доллар ажратиш тўғрисида қарор қабул қилдик – Блинкен

41

Кеча, 28 феврал куни Остонада бўлиб ўтган C5+1 платформасидаги йиғилишда томонлар Марказий Осиё иқтисодий ривожланиши учун 25 млн доллар ажратиш тўғрисидаги қарорни қабул қилишган.

Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен хорижий ва маҳаллий ОАВ учун ташкил қилинган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Биз минтақавий ҳамкорликда ҳам биргаликда ишлаймиз. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ва мен куни кеча Остонада бўлиб ўтган C5+1 платформасида иштирок этдик. Ва биз Марказий Осиё иқтисодий ривожланишига 25 млн доллар ажратиш тўғрисида қарор қабул қилдик. Ўтган сентябрь ойидан бери Американинг жами кўмаги 66 млн доллардан ошади. Бу маблағ иқтисодий ривожланишга қаратилган”, – дейди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.

У, шунингдек, Ўзбекистоннинг меҳнат ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқлари ҳақида ҳам тўхталиб, 11 йил давомида 300 дан ортиқ халқаро компаниялар болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат туфайли ўз маҳсулотларида Ўзбекистон пахтасидан фойдаланишда воз кечгани, кейинги йилларда Ўзбекистон ҳукуматининг меҳнат ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлари боис бу каби чекловларни бартараф этиш бўйича иш олиб борилаётганини қайд этди.

“Бу тарихий ютуқ ва бошқа мамлакатларга намунадир. Бу эса ўзбекистонлик меҳнаткашлар, корхоналар, фермерлар, оилалар ҳаётини сезиларли даражада ўзгартирмоқда. Ҳар хил ёшдаги одамлар, жумладан, болалар ҳам пахта теримида мажбурланмаяпти”, – дейди у.

АҚШ расмийси мамлакат президенти билан учрашувда дин эркинлиги ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар муҳокама қилинганини, бундан ташқари, Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликлар чоғида куч ишлатар идоралар ходимлари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўлиқ ва шаффоф тергов қилиниши тарафдори эканини билдирган.