Жорий йил 13 март куни Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов Покистон Ислом Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланган Аҳмад Фаруқдан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб олди.
ТИВ ахборот хизмати хабарига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистон-Покистон ўртасидаги сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация алоқалари, шунингдек, минтақалараро ҳамда маданий-гуманитар алмашинувларни янада ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Икки томонлама ва кўп томонлама шаклларда бўлажак тадбирларнинг жадвали ҳамда ташкилий жиҳатлари муҳокама қилинган.
Ўз навбатида Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов ҳам учрашув ҳақида тўхталиб, икки давлат муносабатларини ижобий баҳолайди.
“Янги лавозимда уларга улкан муваффақиятлар тилаймиз. Сўнгги вақтларда икки томонлама муносабатларимиз мисли кўрилмаган суръатларда ривожланиб, Ўзбекистон ва Покистонни янада яқинлаштирмоқда”, – деб ёзади Бахтиёр Саидов.



