Шу йил 13-15 март кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Мўътабар меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилди.
БМТ Олий комиссари ташрифи давомида Олий Мажлис Сенати раиси, Олий суд раиси, Бош прокурор, Ташқи ишлар, Ички ишлар ва Адлия вазирлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарлари билан учрашди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази раҳбарияти ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), шунингдек, фуқаролик жамияти фаоллари, аҳоли вакиллари, талабалар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари билан юзма-юз мулоқотда бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло ТИЛЛАБОЕВ билан мазкур учрашувлар тафсилоти, мулоқотлар мавзуси ва ташриф якунлари ҳақида суҳбатлашдик.
– Фолькер Тюрк сўнгги олти йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида амалга оширилган фундаментал ўзгаришларни ижобий баҳолаганига муносабатингиз қандай?
– БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган олий даражадаги мулоқоти асносида бу ҳақда очиқ баёнот берди. Ушбу баҳо, бир тарафдан, Ўзбекистон томонига ғурур ва ифтихор туйғуларини бахш этса, иккинчи тарафдан, ишонч ва масъулият юкини янада оширади.
Олий комиссар БМТ тузилмаларининг Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотларни қўллаб-қувватлашни давом эттириш нияти қатъий эканини тасдиқлади. Инсон ҳуқуқларини мониторинг қилишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва пенитенциар муассасалар ходимларини ўқитиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар ўз ташрифи юзасидан ўтказилган брифингда, жумладан, шундай деди: «Инсон ҳуқуқлари ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётида марказий ўрин тутмоғи лозим. Мен олий комиссар сифатида янги ислоҳотлар шароитида Ўзбекистон барча аҳоли вакилларига муносиб ва тўлақонли яшаш имконини тақдим этишига ишонаман».
– Ўзаро мулоқотларда жорий йил 30 апрелда референдумга қўйиладиган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасининг моҳияти ва аҳамияти ҳақида ҳам фикр алмашилдими?
– Албатта. Аввало, Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича тавсияларини йўллагани учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарига миннатдорлик билдирилди. Ушбу тавсиялар янги Конституция лойиҳаси матнини маромига етказишда ҳисобга олингани маълум қилинди.
Меҳмонларга Ўзбекистоннинг янги Конституцияси лойиҳасида Омбудсманга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи берилиши назарда тутилгани хусусида ҳам ахборот берилди. Бундай муҳим конституциявий ҳуқуқ фуқаролар мурожаатларини ўрганиш давомида қонун ҳужжатларида аниқланган бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилади.
Мамлакатимизда очиқлик сиёсатини давом эттириш мақсадида янги Конституция лойиҳасига фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш ва жамоатчилик назорати институтини янада ривожлантиришга қаратилган нормалар киритилмоқда.
Буларнинг барчаси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг: «Ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамиятининг тўлақонли иштирокини таъминлаш учун давлат муассасалари керакли шарт-шароит яратиши керак», деган тавсиясига айнан монанддир.
– БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ташрифидан кўзланган асосий мақсад нима?
– Албатта, ташрифнинг бош мақсади Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш, бу борадаги ислоҳотларнинг қатъийлигига бевосита ишонч ҳосил қилиш ва ўзаро ҳамкорлигимизнинг ҳозирги ҳолати натижадорлигини таҳлил этган ҳолда, истиқболдаги ишларимизнинг асосий йўналишларини белгилаб олишдир. Ф.Тюрк ва унинг делегацияси аъзолари иштирокидаги барча мулоқотларда айнан шу мавзуда сўз юритилди.
Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида бўлиб ўтган учрашувда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда катта аҳамият касб этгани таъкидланди. Миллий стратегияда инсон ҳуқуқлари масаласига тизимли ёндашиш ва мавжуд бўшлиқларни, камчиликларни бартараф этиш очиқ-ойдин кўрсатилгани уни амалда татбиқ этишни осонлаштирмоқда.
Мамлакатимиз БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари доирасида инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича зиммасига олган халқаро мажбуриятларини бажариб келмоқда. Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси кўмагида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг Универсал даврий ҳисоботи механизми доирасида берилган тавсияларнинг бажарилиши бўйича ўз маърузаларини тайёрлаш борасида илғор давлатлардан бирига айлангани ҳам буни тасдиқлайди.
– БМТ Олий комиссарининг Ташқи ишлар вазири ва Омбудсман билан учрашувларида инсон ҳуқуқлари мавзусининг айнан қайси жиҳатлари муҳокама қилинди?
– Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди. Ҳар икки томон сўнгги йиллардаги алоқаларимиз Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни давом эттиришдаги қатъиятини намоён этишини эътироф этдилар.
Ўз навбатида, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили билан учрашувда Омбудсман институтининг асосий фаолият йўналишлари, жумладан, мурожаатлар билан ишлаш, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари ҳақида маълумот берилди.
– БМТ Олий комиссари билан Сенатда бўлиб ўтган учрашувнинг энг муҳим жиҳатларини қисқача санаб берсангиз?
– Биринчидан, Фолькер Тюрк Ўзбекистонда гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқларини таъминлаш борасида эришилган натижаларни ва ҳозирда амалга оширилаётган чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди.
Иккинчидан, Олий комиссар Ўзбекистоннинг можаролар юз берган зоналардан аёллар ва болаларни қайтариш, уларни жамиятга реинтеграция қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларига юксак баҳо бериб, бу борада амалга оширилаётган ишлар кўплаб давлатлар учун намуна эканини эътироф этди.
Учинчидан, суҳбат чоғида хотин-қизларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтириш, ижтимоий-инклюзив муҳит ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Шу ўринда БМТ Олий комиссари гендер тенглик масаласини Ўзбекистон Президенти қабулидан токи бошқа учрашувларда ҳам эътибор марказида тутганини таъкидлаш зарур. Кейинчалик журналистлар билан мулоқотида БМТ Олий комиссари бу хусусда: «Мен (музокаралар чоғи) сиёсий соҳадан ижтимоий йўналишга қадар – жамиятнинг барча жабҳасида гендер нотенглигини бартараф этиш масаласини кўтардим. Президент ва Сенат Раисининг ушбу нотенгликни бартараф этиш борасидаги қатъий иродасини олқишлайман. Гендер зўравонлиги учун жиноий жазо жорий этиш бўйича якуний режани ҳам ижобий баҳолайман», деб таъкидлади.
– Фолькер Тюркнинг Олий суд раиси билан учрашувида ҳам мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва демократиянинг ҳозирги замон талаб ва мезонларига жавоб берадиган тизимини шакллантириш борасида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар ҳақида сўз борган. Шундай эмасми?
– БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий жиҳатлари билан таништирилди. Соҳадаги ушбу туб ислоҳотлар одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга, шунингдек, суд ҳокимияти мутақиллигини, судлар фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини мустаҳкамлашга, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.
Мўътабар меҳмонга сўнгги олти йил мобайнида бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан қабул қилинган 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида маълумот берилди. Янада муҳими, Ўзбекистоннинг янги Конституцияси лойиҳаси бу борадаги илғор нормалар билан тўлдирилмоқда.
– Қийноққа қарши кураш соҳасида қандай музокаралар олиб борилди?
– Маълумки, Ўзбекистон Президенти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида Ўзбекистон Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши конвенциянинг Факультатив протоколига қўшилишига оид ташаббусни илгари сурди. Айни вақтда мазкур ташаббусни амалга оширишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
БМТ Олий комиссари билан Миллий марказда бўлиб ўтган учрашувда мамлакатимизнинг Қийноқларга қарши конвенция Факультатив протоколига қўшилиши йўлидаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида БМТ махсус процедуралари билан амалий мулоқотини давом эттириши ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро майдондаги имижини янада яхшилаши нуқтаи назаридан, ушбу Факультатив протоколнинг ратификация қилиниши мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.
– Қийноққа қарши кураш мавзуси яна қайси учрашувларда муҳокама қилинди?
– БМТ Олий комиссари ўз ташрифи якунлари бўйича брифингда: «Ўзбекистон қийноқларнинг олдини олиш ва мониторинг қилиш бўйича муҳим механизм ҳисобланган Конвенциянинг Факультатив протоколини ратификация қилиш устида ишлаётгани ҳақида ваъда олдик. Мен умид қиламан ва ишонаманки, бу ваъда тез фурсатда амалга ошади. Негаки, сўздан кўра амалиёт ҳамиша муҳим бўлиб келган», деб қайд этди.
Бунга қадар 13 март куни Ф.Тюрк мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарлари билан учрашувида ҳам, жумладан, ушбу масалани кўтарди. Миллий марказда ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори, Адлия вазири ва Ички ишлар вазири иштирок этди.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида самарали давлат сиёсатини юритишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизими алоҳида ўрин тутади. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан мулоқот асносида ушбу тизимнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги иштирокига дахлдор масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Жумладан, Ф.Тюрк инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш, хорижий юртларда қийин шароитга тушиб қолган ватандошларимизни мамлакатга қайтариш ҳамда жамиятга тўлақонли мослашишини таъминлаш борасида амалга оширилган ислоҳотларни ижобий баҳолади.
– БМТ Олий комиссарининг Нукусга сафари қандай ўтди?
– Ф.Тюрк 14 март куни Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбоев билан учрашди.
БМТ Олий комиссари Бошқармаси делегацияси аъзоларига бугунги кунда Қорақалпоғистонни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил ахборот берилди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида минтақа аҳолиси ҳаётининг фаровонлигини ошириш, саноатни тараққий эттириш ва инсонларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳолатини яхшилаш борасида олиб борилаётган тизимли сиёсатнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Олий комиссар Қорақалпоғистонга сафари, ушбу учрашувнинг ташкил этилгани ва инсон ҳуқуқларига тааллуқли масалаларни муҳокама қилиш имконияти яратилгани учун мамнуният изҳор қилди.
Олий комиссар Фолькер Тюрк бошчилигидаги делегация Нукус шаҳридаги «Амударё» маҳалласи фаоллари билан учрашди. Учрашувда маҳалланинг обрў-эътиборли ва ёши улуғ инсонлари иштирок этди.
Мулоқот асносида давлат томонидан аҳолининг камбағал ва эҳтиёжманд қатламларига маҳалла орқали тизимли ёрдам кўрсатилаётгани, маҳалла аҳли дуч келадиган кундалик муаммо ва ҳаётий масалалар ечимида мазкур ўзини ўзи бошқариш институти ниҳоятда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
– И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи БМТ Олий комиссарига қанчалик манзур бўлди?
– БМТ Олий комиссари Нукусга сафарининг маданий жиҳати хусусида мазкур музей зиёратигача ўтказган бир неча учрашувларида ҳам тўхталди. Ф.Тюрк, жумладан, «Ушбу сафарим доирасида Савицкий музейини томоша қилиш имконияти туғилганидан мамнунман, чунки ушбу маскан – маданий ҳуқуқнинг ўзига хос тимсоли бўлиб, бундай бой маданий мерос билан яқиндан танишиш мен учун шараф ва ифтихордир», деди.
Айни чоғда, сафардан мақсад фақат ушбу дунёга машҳур музейни томоша қилишдангина иборат эмасди. Бинобарин, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари иштирокида катта бир тадбир ўтказилгани бу фикримизни яққол тасдиқлайди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Вена декларaцияси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллигига бағишланди. Унда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ф.Тюрк «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва инсон ҳуқуқлари» мавзусида маъруза қилди.
Миллий марказ томонидан И.В.Савицкий музейи билан ҳамкорликда онлайн ва офлайн тарзда ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон ёшлари вакиллари – юртимиздаги юридик соҳадаги олий ўқув юртларидан (Тошкент, Самарқанд, Наманган, Термиз ва Нукус), шу жумладан, қорақалпоғистонлик талабалар қатнашди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ф.Тюрк талаба-ёшларнинг кўплаб саволларига жавоб берди.
– БМТ Олий комиссари ўз ташрифи давомида фуқаролик жамияти фаоллари билан мулоқотларга ҳам алоҳида эътибор қаратганини нима билан изоҳлайсиз?
– Гап шундаки, Ф.Тюрк ушбу лавозимга сайланиши билан мазкур БМТ Бошқармасида тараққиётнинг янги стратегияси, яъни фуқаролик жамияти билан давлат ўртасидаги шерикликни кучайтириш мақсади белгилаб олинди. Бундай янгича ёндашув асосидаги ҳамкорлик, ўз навбатида, бутун дунёда инсон ҳуқуқларини янада тўла таъмин этишга яқиндан хизмат қилмоқда.
Шу маънода, Олий комиссар ўз ташрифининг бошидаёқ фуқаролик жамияти фаоллари ва норасмий шахслар билан учрашди. Ташриф якунида эса фуқаролик жамиятининг узвий қисми бўлган оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ташкил қилди.
Бундай ёндашув Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган изчил сиёсатга уйғун ва ҳамоҳангдир. Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий комиссар Фолькер Тюрк билан суҳбати асносида кейинги йилларда БМТ билан ушбу соҳадаги ҳамкорликда юксак даражага эришилганини мамнуният билан қайд этиб, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ ҳамоҳанг бўлган Ўзбекистондаги ислоҳотлар стратегиясининг бош устувор йўналиши эканини таъкидлагани бежиз эмас.
Ғулом МИРЗО
суҳбатлашди



