Вазирликдан охири йўқ ваъдалар…
Ўқитувчи, тиббиёт ходимлари ва болалар учун айни пайтда мажбурий меҳнатга йўл очиб берган «Open budjet» атрофидаги муаммолар ҳануз жамоатчилик фаолларининг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Қолаверса, мазкур тизим айрим устомонларнинг янги бизнесига айланиб қолаётгани ҳақида ҳам фикрлар билдириляпти. Аммо, ислоҳга муҳтож бўлган мазкур тизим ҳануз амалиётда. Бу борада ҳали янги маълумотлар жамоатчиликка тақдим этилганича йўқ.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2022 йилдаги фаолияти таҳлили ва 2023 йилдаги устувор вазифаларига бағишланган брифингда «Ишонч» мухбири мазкур муаммо юзасидан вазирлик масъулларига юзланди.
– «Open budjet» ҳозирда мукаммал тизим эмаслиги ўз тасдиғини топмоқда. Бу ҳақда аввалроқ нафақат вазир Қудбиев, балки сенаторлар ҳам ўз фикрини билдириб ўтди. У қачон такомиллашади? Унинг мукаммал шаклланган тартиби қачон жорий этилади?
– Бундай жараён кўп давлатларда амалга оширилади. Лекин шуни айта оламанки, ҳеч бирида унинг мақбул варианти йўқ. Бир давлатдаги тизим бошқасига тўғри келмайди. Мамлакатимизда бу жараён бошлангандан бери такомиллаштирилиб келинмоқда.
Тўғри, камчиликлар кўп. Бундан кейин ҳам идеал варианти бўлмайди. Вазир мурожаатига келсак, ушбу таклифлар дастлабки муҳокамалар эди. Буни такомиллаштириш бўйича доимий иш олиб борамиз — деди, вазирликнинг масъул ходими Шерзод Муҳаммедов.
