Қудбиевнинг ўринбосари саволга мавҳум жавоб бермоқда
Бюджетдан триллионлар ажратилади, уларнинг сарфланиши назорат қилиняптими?
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2022 йилдаги фаолияти таҳлили ва 2023 йилдаги устувор вазифаларига бағишланган брифингда вазир ўринбосари Дилшод Султонов «Ишонч» мухбирининг ғазначиликка оид саволларига жавоб берди.
Султонов жавобида ғазна фаолияти жамоатчилик учун очиқланмаётганини, бу эса вазирликнинг камчилиги эканлигини ҳам айтиб ўтди.
– Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 28 февралдаги ПҚ-594-сон қарорига кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ғазначилигига аниқ вазифалар юклатилган. Жумладан, бюджетдан ажратилган маблағнинг сарфланишини мониторинг қилиш, давлат харидларини амалга оширишда нархни шакллантириш жараёнини назорат қилиш – унинг вазифаси. Аммо шу кунгача вазирлик бу борада аниқланган камчиликлар ёки мониторинглар натижаси бўйича ОАВга бирон бир ахборот тақдим қилмади. Бугун, айниқса, ҳокимликларда тендер ва танловларни ўтказишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилиши ҳолатларига гувоҳ бўляпмиз. Вазирликларнинг қуйи тизимларида коррупциявий ҳолатлар кузатилмоқда. Тузилма мазкур жараёнда ўзининг назорат функциясини унутиб қўймаяптими? Умуман, бу борада назорат йўлга қўйилганми?
– Бюджет тизимида 3 тизим бор. Биринчиси, бюджет сўровномаси. Буни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўриб чиқади, ойликка қанча, штатга қанча, дорига қанча ва ҳоказо, буларни кўриб чиқади. Бу — биринчи экспертиза. Иккинчиси, шунинг доирасида Ғазначилик ижро этилаётган жойида бунинг ҳам мониторингини олиб боради.
Учинчиси, қилиниб бўлган ишни молиявий назорат инспекцияси бориб ўрганади, жойига чиққан ҳолда. Ва кўпинча, биз гапираётганимизда молиявий назорат инспекцияси томонидан аниқланган ҳолатлар ҳақида гапирамиз. У ерда битта объектга боргандан кейин улар бир йилликни кўрмайди. 2017 йилми, охирги марта қачон кўрган бўлса, 2018 йилми, ўшандан бошлаб кўриб чиқади. Бу ерда жуда кўп хато-камчиликлар аниқланиши мумкин.
Ҳозир энг катта камчилигимиз давлат харидларида «бу нарсани сотиб олди», деган ҳисоб-фактураси бор, нарх-навоси келишилган, биржадан ўтган, лекин ҳақиқатдан ўша нарсами, ё ўрнига бошқа нарса олинганми, унинг аниғи йўқ. Бу битта муаммомиз, шуни ўйлаяпмиз, қандай қилиб мониторинг қилишни. Буни ғазначилик қила олмайди, тўғри тушунинг. Ҳозирда ғазначиликни иши кўринмаётгани сабаби – биз унинг ишини эълон қилмаяпмиз, ва албатта, уни эълон қилишга ҳаракат қиламиз, – дейди Дилшод Султонов.



