Эндиликда жазони ижро этиш муассасаларида ҳам пилла қурти боқилади. Бу борада Президентнинг жорий йил 24 февралдаги тегишли қарорига асосан Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ҳамда ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ўртасида меморандум имзоланди.
Меморандум доирасида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни қўлда ипак ва жун гилам ҳамда ипак мато тўқиш йўналиши бўйича касб-ҳунарга тайёрлаш ва уларга шартнома асосида дастгоҳлар етказиб бериш режалаштирилган.
Шунингдек, пиллачилик корхоналари ва жазони ижро этиш колониялари ўртасида пилла етиштиришни йўлга қўйиш ҳам режалаштириляпти.
Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбарининг тегишли қарорида жорий йилги баҳорги пилла етиштириш мавсумидан бошлаб, тажриба тариқасида Бўка ва Оҳангарон туманларида жойлашган манзил-колония типидаги жазони ижро этиш муассасаларида пилла хомашёсини етиштиришни йўлга қўйиш назарда тутилган эди.
