«Док-1 Макс» фожиаси қайтарилмаслигига кафолат борми?

133

Ўзбекистонда «Док-1 Макс» билан боғлиқ вазият қайталанмайдими? Дорихоналардаги дорилар қанчалик хавсиз?

Ishonch.uz cаволларига мутасаддилар жавоб берди:
Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Дори-Дармон» акциядорлик компанияси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида ташкилотнинг ўтган 2022 йилдаги фаолияти якунлари атрофлича таҳлил этилди.

Тадбирда ушбу соҳанинг мутасадди раҳбарлари ҳамда мутахассислар, ОАВ ходимлари иштирок этди. Ishonch.uz сайтининг мухбири қуйидаги саволларни берди.

— Ўтган йилнинг сўнггида юз берган Док-1 Макс билан боғлиқ фожеани унутмадик. Бугун Ўзбекистонга кириб келаётган дориларнинг истеъмолга киритилишидан олдинги назорати қай даражада? Эндиликда дориларни қўрқмай харид қилсак бўладими?

Саволга Дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси мудири Болтабаева Гулчехра жавоб берди:
—2022 йилнинг якуни биз учун жудаям оғир келди. «Док-1 Макс» дорисини ишлаб чиқарувчи Marion Biotech компанияси ишлаб чиқарган дори воситаларининг таркибида заҳарли модда — этиленгликол топилгани ўзимизни ҳам саросимага солди. Сабаби, ушбу дори воситаси кўп йиллардан бери юртимизга хавфсиз кириб келади.

Ушбу фожеадан кейин барча хориждан келаётган ва ўзимизда ишлаб чиқарилаётган дорилар қаттиқ назорат остида лабороториядан ўтказилмоқда. Дориларнинг норматив ҳужжатларида у ҳақида барча маълумот киритилган бўлсада, ҳар бир серияси мутахассислар томонидан текширилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти юртимизда ва бошқа давлатларда кузатилган «Док-1 Макс» билан боғлиқ фожеалардан сўнг, баёнот билан чиқди ва дориларни стандартлаштириш жараёнига қўйиладиган талабларни оширди. Бунга кўра дориларни мувофиқлаштирувчи ташкилотлар ҳам, ишлаб чиқарувчи ва диструбютерларга ҳам назорат ва талаб юқори қўйилди. Айнан жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти белгилаб берган талаблар асосида ишлаб келмоқдамиз. Ишончингиз комил бўлсинки, бундан кейин доридан оммавий заҳарланиш каби ҳолатлар рўй бермайди. Барча дорилар таркиби ҳужжатида ёзилган бўлса ҳам қайтадан текшириб, кейин сотувга рухсат берилмоқда.

— Ёшлар орасида кучли таъсир қилувчи дориларнинг истеъмоли ошиб бормоқда. Мана шундай дориларни сотилишини ким назорат қилади?

Саволга «Дори-дармон» АК маслаҳатчиси Оқил Хожиматов жавоб берди:
— Президентимизнинг қарори билан билан юзга яқин кучли таъсир қилувчи дориларнинг рўйхати махсус литзенцияга эга дорихоналарда сотилади. Уларнинг ичидан 4 та дори воситасининг назорати кучли. Улар залеплон, прегабалин, тропикамид, циклопентолат. Шифокор ёзган рецептлар дорихонада бир йил сақланади ва муддати етганда тегишли тартибда йўқ қилинади. Онкологик беморларни ҳар чоракда кучли таъсир қилувчи дорилар билан таъминлаб туриш, бу борада уларнинг эҳтиёжини қондириб бориш зарур. Ёшлар орасида эса бу дориларга бўлган қизиқишнинг ортгани бизни ҳам ҳавотирга солади. 1990 йилларда ёшлар орасида «токсикомания» авж олган эди. Айни ўша ҳолатлар бугун ёшлар орасида урф бўлди. Кучли таъсир қилувчи дориларга бўлган қарамлик албатта яхши оқибатларга олиб келмайди.

«Дори-дармон» компаниямиз томонидан дорихоналарга қатиий талаблар қўйганмиз. Назорат кучли, бу турдаги дорилар шифокор рецептисиз сотувга чиқмайди. Қолаверса, Соғлиқни сақлаш вазирлигида Наркотик моддаларни назорат қилиш қўмитаси ҳам доимий тарзда текширувлар ўтказади.

Бугунги кунда Ўзбекистон фармацевтика бозорида дори воситаларининг улгуржи реализацияси билан шуғулланувчи корхоналар сони 616 тани ташкил этади. Ана шулардан бири «Дори-Дармон» акциядорлик компаниясидир.

Улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи компания тизимида 2000 га яқин ижтимоий дорихона ва дорихона шохобчалари фаолият юритади. Ушбу дорихоналарнинг 1260 таси ёки 63 фоизи қишлоқ ҳудудларида жойлашган.

Шунингдек, махсус жиҳозланган автомобилларда 107 та кўчма дорихона ташкил этилган бўлиб, бу кўчма дорихоналар маҳаллий ҳокимиятлар билан келишилган жадвал асосида республикамизнинг чекка ва дорихона мавжуд бўлмаган ҳудудларидаги аҳолига керакли дори воситалари ва тиббий буюмларни етказиб беради.

Компания ва унинг ҳудудий бўлинмалари турли тизимдаги даволаш-профилактика муассасаларининг асосий таъминотчиси ҳисобланади. Хусусан, 2022 йил давомида:
— соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли даволаш профилактика муассасаларига – 246.2 млрд. сўмлик;
— бошқа даволаш профилактика муассасаларига – 22.0 млрд.сўмлик;
— хусусий секторга – 30.0 млрд. сўмлик;
— ҳарбий даволаш муассасаларига – 11.4 млрд. сўмлик;
— ҚВП ва ҚОПларга – 84.4 млрд. сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари етказилди.

Бугунги кунда «Дори-Дармон» акциядорлик компанияси ўз фаолиятининг энг муҳим палласида турибди: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 августдаги «Давлат иштирокидаги йирик корхоналар акцияларини фонд биржасида бирламчи ва иккиламчи оммавий жойлаштириш тўғрисида»ги 446-сонли қарорига мувофиқ, «Дори-Дармон» АК устав капиталидаги компания депо ҳисоб варағида жойлаштирилмаган 34,9 фоиз ва давлатга тегишли 16,1 фоиз акциялар пакетини яхлит ҳолда 51 фоиз миқдорида битта лот сифатида савдога чиқарилиши белгиланган.

Компания 130 дан ортиқ маҳаллий ва чет эллик етакчи ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, 2022 йилда маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналардан 46,0 млрд. сўмлик фармацевтик маҳсулотлари харид қилинган.

Хорижий таъминотчилардан 2022 йилда 11 млн. АҚШ доллари ёки 129 млрд. сўм миқдорида импорт маҳсулот харид қилинган.

Феруза РАҲИМОВА
Ishonch.uz