«Маданият ва маърифат»дан қўлингизни тортинг!

148

Давлат ва жамиятни билимли ва билимсизлар эмас, чала билимлилар йўқ қилади, деганди машҳурлардан бири.

«Маданият ва маърифат» телеканалининг «Карвон»га айлантирилиши ҳақидаги хабардан кейин шу гап ёдга тушди.
Чунки, халқимиз қалбидан ҳозирги номи, айни шу йўналиши билан жой олган салмоқли телеканални ўзгартиришдай «инновацион» ғоя кимларнинг миясидан чиққанлиги муҳим масала.

Президентимиз томонидан бугун маданий-маърифий жабҳаларда ҳам кенг ислоҳотлар илгари сурилаётган пайтда ушбу телеканалнинг буткул ўзгартирилиши ва ҳукумат органи таркибига ўтказилишини кўплар қатори мен ҳам хавотир билан қабул қилдим.

Бу хавотир эса шубҳасиз, сўз эркинлигига ҳам боғлиқ.

Сабаби телеканал юртимизнинг энг олди зиёлилари учун катта минбарга айланган, унда тез-тез ўтказиладиган ўткир суҳбатлар, турли гурунглар орқали айни давр иллатлари ҳам фош этиб турилганди.

Эҳтимол, бу баъзи давлат мулозимларига ёқмаган эмасми? Канални Маданият ва туризм вазирлиги тасарруфига ўтказилиши замирида уни қайсидир маънода тийиб қўйиш мақсади кўзланмаганми?

Ахир нима учун МТРК таркибида бугун деярли томошабин унутаёзган «Ёшлар», «Тошкент», «Ўзбекистон» телеканалларини эмас, айнан ўз мухлисларига эга «Маданият ва маърифат»га кўз тикилмоқда?

Бир эмас иккита катта секторни ўз ичига олган вазирлик наҳот ўзи учун мустақил янги телеканал ташкил қила олмаса?
Туризм тарғиботи учун айнан «Маданият ва маърифат» қурбон қилинаётгани ғалати эмасми?

Очиғи, вазирлик томонидан шу вақтгача маданий — маърифий жабҳаларда замонавий контентлар, кенг қамровли пропаганда илгари сурилганини кузатмадик. Фақат Озодбек Назарбековнинг
«Дўппи кийиш» компаниясини авж олдириши кулгига сабаб бўлганини айтмаса, халқ учун фойдалироқ ташаббус, маданият борасида кенг қамровли ташвиқот кўзга ташланмади.

Аслида маданият соҳасида бутун бошли вазирлик қилиши керак бўлган тарғибот ишини мана шу телеканал баҳоли қудрат уддалаб келаётган эди.

Энди лойиҳа тасдиқланса, телеканал вазирлик ташкил қилаётган тадбирларнинг тарғиботчисига айланиб қолмайдими? Ахир шу кунгача ўз вазифасини тадбирбозликдан иборат, деб биладиган вазирлик телеканалдан яна ўз тадбирлари йўлида фойдаланмаслигига кафолат йўқ.

Қолаверса, «Маданият ва маърифат» ҳақида гапиришга фурсат туғилган экан, у ҳақида яна икки оғиз қўшимча қилсам. Инсонлар ҳаётини атрофдаги кичик деталлар ҳам ўзгартиришга қодир. Менинг ҳаётимда эса «Маданият ва маърифат» телеканали шундай рол ўйнаган.

Бир вақтлар ушбу канал орқали эфирга узатиладиган «Премьерадан сўнг», «Мен билган ҳақиқатлар», «Мактуб» «Жаҳон адабиёти» каби кўрсатувлар касб танлашимда туртки бўлди. Улар орқали журналистиканинг сеҳрли ва поёнсиз оламига менда қизиқиш уйғонди.

«Китоб ва кино» рукни остида бериладиган фильмлар ҳаяжони эса ҳамон хотирамда, ҳамон шууримда мен билан ҳамроҳ!

Телеканал тақдирига бефарқ бўлмаган бир томошабин ўлароқ бугун
унинг келажаги мен учун ҳам ўта муҳим. Лойиҳа ташаббускорларига эса фақат шуни айтишим мумкин: «Маданият ва маърифат»дан қўлингизни тортинг!

Мафтуна КАРИМОВА