Рамазонда Тошкентдаги болалар касалхонасида тарқатилаётган сирли пуллар

85

ЯХШИЛИК АНҚОНИНГ УРУҒИ ЭМАС…
Кеча бир танишим «Рамазон ойини педофиллару зўравонларни ғийбат қилиш билан ўтказиб юборяпмиз” деб қолди. Аслида бу улуғ ойда солиҳ амаллар ҳам кўп бўляпти. Аммо биз уларни кўрмаймиз ёки кўришни истамаймиз.

…Баҳорнинг бошлари эди.
Шошилинч равишда невараси билан Тошкентга — Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказига муолажа олиш учун кетган дўстим куни кеча Урганчга қайтди.

“ — Биринчи босқич муолажалар тугади. Неварамнинг соғлиғи яхши, — дейди у. – Марказда ўтган бир ярим ойда дунёни қайта кашф қилдим. Яхши инсонлар кўп экан. Борган кунимиз таҳлилга қон топширдик. Таҳлил хорижда қилинаркан ва бунинг учун 500 доллар атрофида пул тўлаш керак экан. Пойтахтда яшовчи қариндошимдан қарз олиб келгандим, бош шифокор ҳузурига чорлаб “Бугун бир саҳий инсон 1000 АҚШ доллари эҳсон қилди. Шу пулни янги келган икки беморнинг қон таҳлили учун ажратдик…”, деди.

Очиғи, бундай бўлишини кутмагандим. Кўзларим намланди. Ўша саҳий инсонни узоқ дуо қилдим. Бор гапни қариндошимга айтиб, унга пулни қайтариб берсам, олмади. “Пул сизда тураверсин, ҳали муолажалар бор, керак бўлади”, деди. Марказдаги шароитлардан, ходимларнинг муомаласидан кўнгил қувнайди. Биласизми, марказдан ҳомийларнинг қадами узилмас экан. Ҳайратландим. Бир куни шифокоримиз кимдир эҳтиёжманд беморларга юз доллардан пул тарқатаётганини, зарурат бўлса, олишимиз мумкинлигини айтди. Очиғи, олишга уялдим. “Оиламизда ҳамма ишлайди, ойлик оламиз” дедим. Эртаси куни яна бир ҳомий ҳамма беморларга бир миллион сўмдан пул улашаётган экан. Буни олишимиз шартлигини, чунки бу ўша ҳомийнинг талаби эканлигини айтишди.

Бир куни зарур дори-дармонлар учун дорихонага тушдим. 550 минг сўм бўлди. Тўлашга чоғлангандим, дорихоначи йигит: “Опа, бугун бир саховатли инсон гематология марказидан ким дори харид қилса, ҳақини мен тўлайман, деб анча пул ташлаб кетганди, сиз кетаверинг”, деди. Ҳомийнинг ҳимматидан бир қувонсам, дорихоначи йигитнинг ҳалоллигидан минг суюндим. Аслида, асосий дорилар марказ ҳисобидан берилади. Баъзида қўшимча дориларга эҳтиёж бўлса, дорихонадан олардик.
Шифохонадан чиқаётганимизда қовун туширдим. Ўзбекчилигимизга бориб, шифокорнинг чўнтагига пул тиқмоқчи бўлдим. Шифокор кескин рад қилди: “Бизда бу нарса тақиқланган, ҳеч бир ходим таъмагирлик қилмайди”, деди. Уялиб кетдим. Шифокор мени ҳижолатдан халос қилди: “Неварангиз соғайиб кетса, сиз ҳам эҳсон қиларсиз”.

Мен ўша кунлар келишини орзиқиб кутяпман. Шифохонада ётиб, юртимизда яхши инсонлар кўплигини кўрдим, илоҳим бизни ҳам дунёни тутиб тургувчи яхшилар қаторида қилсин” — дея ҳикоясини якунлади дугонам.

Ҳа, аслида, ҳар куни юзлаб-минглаб инсонлар атрофдагиларга яхшилик улашади.
Яратганнинг ўзи ҳаммамизни яхшиликни кўра биладиган ва яхшилик қила оладиганлар қаторида қилсин!

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
Ishonch.uz