Салла ўрнига каллами?

80

МИБ ходимларига меъёридан 10 баробар кўп топшириқ юклатилган, оқибатда..

Самарқанд вилоятида суд қарорлари ижросини таъминлаш 40 фоизга ҳам етмаяпти. Ўтган йили 6,5 трлн. сўмлик ижро ҳужжатлари юзасидан мажбурий ижро тадбирлари амалга оширилиши керак эди. Аммо Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг вилоят органлари томонидан 2,4 трлн. сўмдан ортиқ маблағ ундирилган, холос.

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгаши сессиясида ушбу масалага ҳам ойдинлик киритилди. Маълум қилинишича, ҳудудий МИБларда 164 нафар ижрочи фаолият олиб боришади. Улар томонидан ўтган йилда 368 971 та ижро ҳужжатлари ўрганилган. Бу — ҳар ойда ҳар бир давлат ижрочисига ўртача 187 та ижро ҳужжати тўғри келаётганлигини билдиради.

Ваҳоланки, Адлия вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2011 йил 4 мартадаги “Суд ижрочиларининг иш ҳажми меъёрларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида бир нафар давлат ижрочиси бир ойда 19 та ҳужжатнинг ижроси таъминланиши нормал ҳолат сифатида белгилаб қўйилган.

Хўш, Самарқандда суд қарори ижро топмаётганлигига ким жавобгар? Белгиланган меъёрдан 10 баробар кўп юклама билан ишлаётган ҳудудий МИБ ходимларими ёки бу ҳолатга томошабин бўлиб турган юқори идора мутасаддилари?

Нурилла Шамсиев