Тошкент вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Қуйи Чирчиқ туманидаги йирик қуёнчилик комплекси кооперация усулида аҳоли хонадонларида қуёнчиликни йўлга қўймоқда.
Мазкур қуёнчилик кластери Италия технологиялари асосида ишлайди ва у МДҲ давлатлари орасидаги энг йирик кластер корхонаси ҳисобланади. Эндиликда корхона тадбиркорлик қилиш истагини билдирган фуқароларга 50 бош қуёнга мўлжалланган қафаслар жамланмаси, 4 ойлик озуқа ҳамда жами 30 бош қуённи етказиб бериш мажбуриятини олди.
Шунингдек, вилоятда «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида аҳолига 3 йил муддатга (олти ойи имтиёзли) 33 миллион сўмгача кредит маблағлари бериш кўзда тутилган.
Айтилишича, бир йилда 30 бош қуённи 1000 бошга етказиш мумкин экан. Энг муҳими, тирик вазндаги 3,5 килограм қуён гўштини кластернинг ўзи қайта сотиб олиш таклифини билдирган.
Холида Эгамбердиева



