Давлат хизматлари қўшимча тўлов асосида кўрсатилиши ҳам мумкин

45

2023 йил 1 октябрдан бошлаб, давлат хизматларини қўшимча тўлов асосида махсус техник қурилмалар ёрдамида (планшет ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалар) хизмат кўрсатувчи ходимни жойига чиққан ҳолда кўрсатиш имконияти яратилади. Бу борадаги ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Бунда мурожаат қилувчи қўшимча тўлов асосида давлат хизматларидан фойдаланиш учун Адлия вазирлигининг “Call-марказ”ига, расмий веб-сайтига ва телеграм-бот орқали мурожаат қилади.

Давлат хизматларини жойига чиққан ҳолда кўрсатганлик ёки давлат хизматларидан фойдаланганлик учун Тошкент шаҳрида БҲМнинг 1 баравари, вилоят марказларида БҲМнинг 50 фоизи, туманларда БҲМнинг 40 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилади. Бундан давлат хизматини кўрсатиш тартибини белгиловчи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тўловлар мустасно.

Шунингдек, ушбу тартибларнинг эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги гувоҳномасига алмаштириш, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картасини ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш ҳамда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгиланди.

Давлат хизматларини кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза юбориш учун тўлов суммаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади.