Яқинда навоийлик бир “бечора” вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан кимошди савдосига қўйилган “85 Z 777 ZZ” рақамини нақд 298 миллион 500 минг сўмга сотиб олди. Дастлаб савдода ушбу рақам учун бошланғич нарх 150 миллион сўм қилиб белгиланган. Рақам сотилгач эса, унинг нархини бошқа бир бой 303 миллион сўмга кўтарган. Бироқ бу пайтда савдо пишган эди.
Навоий вилояти Қизилтепа тумани ободонлаштириш бошқармаси раҳбарияти эни 8, узунлиги 16 метр ҳажмдаги 4 дона Ўзбекистон Республикаси байроғини тайёрлаш ва етказиб бериши учун “ООО Қизилтепа элга хизмат” корхонаси ҳисоб рақамига 71 миллион 600 минг сўм маблағ ўтказган. Нима бўпти, яхши-ку, дейсизми?
Энг қизиғи шундаки, айна паллада пули тўламагани учун ободонлаштириш бошқармасининг хизмат телефонлари тармоқдан узиб қўйилган.
Илҳом исмли чорвадор ҳамюртимиз пулни “нишонга уришда” ҳаммадан ўзиб кетди чоғи. У “Стат” зотли энг оғир вазнли қўчқорни 100 минг АҚШ долларига сотиб олди. Ҳозир ашаддий ишқибозлар келиб, зотдор қўчқордан қочирилган қўйларга, аниқроғи, ҳали туғилмаган қўзилар учун 1200-1400 АҚШ долларидан пул тўлаб кетишётган экан.
Нормурод Мусомов,
“Ishonch”



