Қўрғонтепаликлар йиғлаб кузатган ҳоким Шуҳрат Абдураҳмоновга ўринбосар бўлди

50

Авазбек Эргашев Андижон вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Тайинловга қадар у Ўзбекистон Республикаси Уруғчиликни ривожлантириш маркази директорининг ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатаётган эди.

Янги ўринбосарнинг номи жамоатчилик, хусусан, андижонликларга яхши таниш. У қишлоқ хўжалиги соҳасида турли вазифаларда, шунингдек, 15 йилдан зиёд Қўрғонтепа тумани ҳокими сифатида фаолият кўрсатган.

2020 йили ижтимоий тармоқларда ҳокимликдан Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари вазифасига ўтказилган Авазбек Эргашевнинг қўрғонтепаликлар билан хайрлашув жараёни акс этган видеолавҳа кенг тарқалган эди. Унда аксарият фаоллар собиқ ҳокимни кўзда ёш билан кузатиб, самимий тилаклар изҳор этишганини кўриш мумкин.

Андижон вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида 2018 йилнинг май ойидан шу кунга қадар Рустам Исматуллаев фаолият кўрсатиб келаётганди.

Эндиликда собиқ ўринбосар ҳисобланмиш Исматуллаевнинг номи ҳам ishonch.uz ўқувчиларига яхши таниш. Жумладан, шу йил 18 январь куни сайтимизда “Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ўринбосарларининг ишлари «беш»!” сарлавҳали мақола эълон қилиниб, унда ҳоким ўринбосарларининг 2022 йилдаги фаолияти самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари натижалари хусусида андак истеҳзо билан сўз юритилганди.

Яъни ҳисобот даврида вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт режаси 40 фоизга, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш режаси 41 фоизга, томчилатиб суғоришни татбиқ этиш кўрсаткичлари 44 фоизга, ёмғирлатиб суғориладиган майдонлар ташкил этиш режаси атиги 7 фоизга, балиқ етиштириш ҳажми эса 64 фоизга бажарилганлигига қарамай, умумий кўрсаткичлардан келиб чиқиб, Рустам Исматуллаев “аълочи ўринбосар” мақомига лойиқ топилганлиги қайд этилганди.

Ishonch.uz манбаларига кўра, Исматуллаев сўнгги икки ой ичида иш жойида кўриниш бермаган. Шунингдек, унинг қай бир сабабга кўра лавозимидан озод этилганлиги ҳақида ҳам расмий маълумот берилмади.